Закот беришни қарздорга юклаш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум! Бир киши бошқасига нисобдан кўп бўлган пулни қарз сифатида узоқ йилга бераётиб, ҳар йиллик закотини тўлаб юришни қарздорга юкласа бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таоло ҳамбу санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ!

Қарзга берилган пулнинг закотини қарздорга юклаш мумкин эмас. Чунки қарзга берилган пул қарз берган одамнинг мулки ҳисобланади. Бу пулнинг закотини қарздорга юклаш рибо ҳисобланади. Шариатимиздаги қоидалардан бирида  “фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир” дейилади. Бироқ қарзни олган киши ўзидан келиб чиқиб, яъни қарз берган одам шарт қилмаса ҳам, айтмаса ҳам қарзга олинган пулнинг закотини тўласа ва буни қарзни берган кишига билдирса, унда бўлаверади. Аммо қарз берилган вақтда бу пулнинг закотини тўлаш шарт қилинса ёки шунга шама қилинса, унда закот эвазига берилган пул рибо ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг