Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чуқур кетиш

0
  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чуқур кетиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотни улуғлаш ва мадҳ этишда чуқур кетиш ва ҳаддан ошишдан қайтардилар. Энди у зотдан бошқа инсонларни улуғлаш ва мадҳ этишда ҳаддан ошишга келсак, бу борада эҳтиёт бўлишга янада ҳақлироқдир. Чунки бу ишлар яратган зот Аллоҳнинг ҳаққига мавжудотларни шерик қилишга олиб боради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар у зотни мадҳ этарканлар, чуқур кетишдан қайтариб, шундай дедилар: “Мени худди насоролар Исо ибн Марямни ҳаддан ортиқ мадҳ қилишганидек, кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен бор йўғи бир бандаман. Мени “Аллоҳнинг бандаси ва Расулидеб айтинглар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Яъни, “Мени мақтар экансиз, худди насоролар Исо ибн Марям тўғрисида чуқур кетишиб, ҳаттоки унинг худо эканини даъво қилишгани каби, ҳаддан ортиқ мақтаб юбормангизлар. Балки мен бир бандаман. Мени Аллоҳнинг бандаси ва Расули, деб айтинглар. Раббим мени ана шундай сифатлагани каби сизлар ҳам шундай сифатлангизлар, ундан нарига ўтмангизлар”. Аллоҳ таоло дейди: “Бандасига Китоб, (яъни Қуръон)ни нозил қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин” [Каҳф: 1],  Бандасига Фурқон (яъни ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи Қуръон)ни нозил қилган Зот хайр-баракаси доимий ва мўл-кўл бўлган Зотдир” [Фурқон: 1], “Албатта,  қачонки Аллоҳнинг бандаси (яъни,  Муҳаммад алайҳиссалом) У зотга даъват қилган ҳолда турганида,  улар (яъни мушриклар унинг Қуръон ўқиши ва тавҳидга даъват қилишини эшитиб ғазабга минганларидан) унинг устига ғуж-ғуж бўлиб ёпирилишга яқин бўлдилар” [Жин: 19]. Юқоридаги оятларда кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарини энг улуғ ўринларда “банда” дея сифатлади, шунингдек, бошқа кўп ўринларда “Эй Расул” ёки “Эй Набий” дея хитоб қилди. Ўзини мусулмонмиз дея даъво қилувчи мушриклар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйруқларига хилоф иш тутиш, қайтарган ишларига қўл уришдан бошқасига рози бўлмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни у зот қайтарган ва огоҳлантирган сифатлар билан улуғладилар, у зотнинг кўрсатмаларига буткул зид иш тутдилар. Улар бу чуқур кетиш ва ширкларида насороларга ўхшаб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққида ҳаддан ошиб, очиқ ширкдан иборат назмий ва насрий асарлар ёздилар. Масалан, Бусирий ўзининг “Ал-бурда” номли қасидасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, жумладан шундай дейди:

Эй халойиқнинг сарвари – мукаррами!

Cендан ўзга бошпанам йўқ, бош ургани

Бусирий қасидасининг юқорида зикр қилинган ва келгуси байтларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳожатини сўраб дуо қилади, бошига оғир мусибатлар тушганида, энг танг ҳолатларда у зотдан бошпана ва  ҳимоя сўраб мурожаат қилиши ва мушкулини осон қилишни сўраб илтижо қилишини айтади. Бинобарин, бу ишлар ёлғиз Аллоҳдан сўраладиган ишлар эканини унутади. Бунга сабаб, шайтон Бусирийга ва унга ўхшаш шоирларга ушбу қабиҳ амалларини чиройли суратда кўрсатди, гарчи катта ширк бўлсада, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ этиш борасидаги бундай ҳаддан ошишни у зотни яхши кўриш ва улуғлаш шаклида зоҳир қилди. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чуқур кетмаслик тўғрисидаги суннатга риоя қилишни эса, у зотни ёмон кўриш ва камситиш суратида кўрсатди. Аслини олганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни чинакам  камситиш – у зотнинг ўзларини мақташ борасида ҳаддан ошмаслик тўғрисидаги кўрсатмаларига амал қилмаслик, сўз ва хатти-ҳаракатларида у зотга эргашмаслик ва чиқарган ҳукмларига рози бўлмасликда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлайман ва яхши кўраман деган инсон, у зотга эргашиши, у кишининг дини ва суннатига ёрдам бериши зарур. Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бани Омир қабиласи одамлари ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бордим. Биз у зотга қарата: “Сиз саййидимиз ва саййидимизнинг фарзандисиз” – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саййид (деб номланишга ҳақиқий лойиқ зот) Аллоҳ таборака ва таолодир” – дедилар. Биз: “Сиз энг мартабаси улуғимиз ва хайру эҳсони кўпимизсиз” – дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзларингни гапларингни айтаверинглар (яъни Расул ёки набий каби сўзлар билан мурожаат қилинглар) ёки шу гапларингни баъзиларинигина айтинглар. Шайтон сизларни ўзига вакил қилиб олмасин (яъни шайтон яхши кўрган сўзларини сизларни тилингизда сўзлатиб қўймасин)” – дедилар”[1].

Кўриб турганингиздек ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмнинг “Сиз бизнинг саййидимиз” деб айтишини хушламадилар ва чинакам саййидликга ҳақли зот Аллоҳ эканини билдирдилар. Шунингдек, уларни “Сиз энг мартабаси улуғимиз ва хайру эҳсони кўпимизсиз”, деган баландпарвоз гапларни айтишдан ҳам қайтардилар. Бу сифатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга том маънода тўғри келса-да, бироқ уларнинг чуқур кетишидан қўрқдилар, уларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу каби мадҳ ва мақтовлар билан қарши олишини, охир-оқибат, у зот хусусида ҳаддан ошишларини истамадилар. Уларга танбеҳ берар эканлар “Шайтоннинг вакили ва чопарига айланиб қолманглар” дея, маддоҳликнинг мудҳиш оқибатидан огоҳлантирдилар. Инсонни гарчи унда мавжуд сифатлар билан бўлсада юзига мақташ шайтоннинг амалидан эканини баён қилдилар. Негаки, бу мақталувчининг кеккайишига сабаб бўлиб, ундаги тавҳиднинг камолига путур еткизиши, шунингдек, мақтовчининг ҳам мақталувчи шахс ҳақида ҳаддан ошиб, уни ҳақли бўлмаган мартабага чиқариб қўйиши мумкин. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини у зотни ортиқча мақтаб юборишликдан қайтардилар. Чунки бу бора-бора ширкка ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни рубубият сифатлари билан сифатлашга олиб бориши мумкин. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам! Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида ҳаддан ошган “Ал-бурда” қасидасининг муаллифи Бусирий ва унга ўхшаш айрим шахслар Пайғамбар алайҳиссаломга бағишлаб ёзган қасидалар кишини диндан чиқарадиган ширк сўзларни ўз ичига олган:

Эй халойиқнинг сарвари – мукаррами,

Cендан ўзга бошпанам йўқ, бош ургани.

Икки дунё – сен улашган фазлу карам.

Илму-ирфонингдан эрур – Лавҳу қалам.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга убудийят (бандалик) мақомини мукаммал қилгач, бу мақомни асраб-авайлаш, ақидани ҳимоя қилиш  учун мадҳу мақтовни хушламас эдилар. Шунингдек, умматларига ҳам яхшиликни раво кўрганлари учун, тавҳид мақомини бузадиган ёки заифлаштирадиган ширк ва ширкка элтувчи турли сабаб ва воситалар киришидан ҳимоя қилиш мақсадида мўминларни бундай сўз ва хатти-ҳаракатлардан огоҳлантирдилар. Юқорида ишора қилиб ўтганимиздек, саҳобаларни у зотга қарата айтишган “Сиз бизнинг саййидимизсиз”, деган гапдан қайтардилар.

Ибнул Асийр “Ан-ниҳоя” китобида шундай дейди: “Саййид сўзи – “эга, мулкдор, улуғ-шарофатли, фозил, саховатли, ҳалим, қавмининг озорига бардош берувчи, эр, раис ва пешво” маъноларини ифода этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифдаги “Саййид Аллоҳдир” деган сўзлари билан “Ҳақиқий саййидлик Аллоҳга хос, бандалар эса, У зотнинг қулларидир” деган маънони назарда тутдилар. Агар “саййид” сўзи Аллоҳ таолога ишлатилса, “Молик, Мавло ва Раб” маъноларида ишлатилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Аллоҳ Сомад, яъни ҳукмронлик ва пешволикнинг барча турларида мукаммал бўлган Саййиддир”.

Ҳадисда келишича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига Қурайш қабиласидан бир киши келиб, “Сиз Қурайш саййидисиз”, дейди. Шунда у зот: “Саййид Аллоҳдир”, деб жавоб қиладилар. Яъни, чинакам саййидликга ҳақли зот Аллоҳдир, деган маънони назарда тутадилар. Гўёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғридан-тўғри юзларига мақталинишини ёмон кўрганлари ва тавозени хуш кўрганлари учун шундай дейдилар.

Энди, “Мен Одам боласининг саййидиман, аммо фахрланиш йўқ”, деган ҳадисга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзни Аллоҳ таоло у зотни эъзозлаб, у зотга инъом этган фазилат ва пешволикни маълум қилиш, Аллоҳ берган неъматни ёд этиш ва умматларининг у зотга бўлган иймони ана шу фазилат ва пешволикка лойиқ ва муносиб бўлишини билдириб қўйиш учун айтдилар. Шу боис, ортидан “аммо фахрланиш йўқ”, деб қўшиб қўйдилар. Яъни “менга берилган бу фазилат Аллоҳнинг менга ато этган каромати – улуғлашидир. Мен бу мартабага ўз саъй-ҳаракатим, куч-имкониятим ила эришганим йўқ. Шу боис, бу фазилат билан фахрланишга ҳаққим йўқ” (иқтибос тугади).

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтганларидек, у зот Одам болаларининг саййидидирлар. Бироқ Бани Омир қабиласининг одамлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ушбу сўзлар билан хитоб қилишгач, ширкка олиб бориш эҳтимоли бўлган муболағадан қўрқиб, уларни бу сўзни айтишдан қайтардилар. Буни Анас ибн Молик ривоят қилган қуйидаги ҳадис янада ойдинлаштириб беради: “Бир қанча одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилишиб: “Эй яхшимиз ва яхшимизнинг фарзанди, эй саййидимиз ва саййидимизнинг фарзанди” – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар, ўзларингизнинг (одатдаги) гапларингизни айтаверинглар. Шайтон сизларни (ширк, бидъат ва ҳаддан ошишиш каби) ўзи яхши кўрган ишларга бошламасин. Мен Муҳаммад – Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман. Мени Аллоҳ азза ва жалла раво кўрган мартабадан юқори мартабага кўтаришингизни хуш кўрмайман” (Насоий “жаййид” санад билан ривоят қилган).

Мазкур ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нега уларни “Эй саййидимиз”, дейишдан қайтарганларини янада очиқроқ баён қилиб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг пайғамбарлари ҳақида чуқур кетишидан қўрққанлари учун шундай дедилар. Шу боис, бу эшикни бошиданоқ ёпиб, умматларини у зотни убудият мартабаларининг энг юқориси бўлган, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча ўринларида пайғамбарини сифатлаган икки сифат: Аллоҳнинг бандаси ва Расули деган сифат билан сифатлашни тавсия қилдилар. Тавҳидни ҳимоя қилиш учун одамлар у зотни Аллоҳ насиб қилган мартабадан юқорисига кўтаришларини асло хуш кўрмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу маънодаги сўзларини ҳадисларда кўп учратиш мумкин. Бунга юқорида айтиб ўтган: “Мени худди насоролар Исо ибн Марямни ҳаддан ортиқ мадҳ қилишганидек, кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен бор йўғи бир бандаман. Мени “Аллоҳнинг бандаси ва Расули” деб айтинглар” (Бухорий ва Муслим ривояти), деган ҳадис ҳам мисол бўлади. Ундан ташқари бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Албатта (бошга бирон мусибат тушганида ёки ёрдамга муҳтож бўлинганда) мендан мадад сўралинмайди, балки (бундай вақтда ёлғиз) Аллоҳ азза ва жалладан мадад сўралади”.

Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ўзаро бир-бирларини мақташидан ҳам қайтардилар ва бунинг ёмон оқибатидан огоҳлантирдилар. Бир биродарини мақтаган кишига қарата: “Ҳой нодон, ўртоғингнинг бўйнини кесдинг (яъни бу мақтовларинг билан унинг ҳалокатига сабабчи бўлдинг)”. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочингизлар” – дейдилар. Бунга сабаб, мақтовчининг мақталинувчи шахс ҳақида чуқур кетиши ҳамда мақталувчи шахснинг мақтов туфайли кеккайиши, аксар ҳолатларда ўзида мавжуд бўлмаган мақтовларга берилиб, унда манманлик ва калондимоғлик хислатлари пайдо бўлишининг олдини олишдир. Зеро, маддоҳлик мақтовчининг ҳам, мақталинувчининг ҳам динига путур еткизади.

Шу ўринда бир масала бор: бирон кишига “саййид” деб мурожаат қилиш жоизми?

Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар инсонни саййид деб аташ жоиз ёки йўқлигида ихтилофлашдилар. Баъзи уламолар буни ножоиз деганлар ва бу фикр Имом Моликдан нақл қилинган. Улар бу фикрларига юқорида келтирилган ҳадисни ҳужжат қилганлар:Саййид Аллоҳ табарока ва таолодир”.

Бошқа бир жамоат уламолар инсонни саййид деб аташни жоиз деганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорларга қарата:Саййидингизга (ёрдам бериш учун) ўрнингиздан туринглар”, деган сўзларини далил қиладилар. Бу ҳадис аввалги ҳадисдан саҳиҳроқдир…

Бу уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорларга айтган “Саййидингизга (ёрдам бериш учун) ўрнингиздан туринглар”, деган сўзларини ҳужжат қилишларига келсак, маълум бўлишича, у зот бу сўзни бевосита Саъднинг ўзига айтмадилар. Демак, масаланинг ўзи хос тафсилотлари бор” (иқтибос тугади).

Ушбу масаладаги тафсилотлардан мақсад, Аллоҳдан бошқани саййид дейишдан қайтарилган далилларга кўра, бирон инсонни бевосита юзига мақтаб “саййид” дейиш жоиз эмас. Аллоҳдан бошқани саййид дейиш жоизлигини ифода этадиган далилларга кўра, бу сифатга лойиқ бўлган инсон ҳақида, унинг юзига айтмасдан саййид дейиш жоиздир, валлоҳу аълам.

[1] Абу Довуд  (4806) “жаййид” санад билан ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг