Об-ҳаво хабарларига ишониш ҳукми ҳақида

0

Савол:

Ҳозирги кунда мусулмонлар томонидан об-ҳаво тўғрисидаги маълумотларга асосланиб келажак ишларни режалаштириш кенг тарқалган. Бу хақда батафсил сўзлаб берсангиз.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, мусулмон киши эртага нима бўлишини билмаслиги ҳамда келажакда бирон бир ишни Аллоҳ таолонинг изни ва хоҳиши билангина бажаришга қодир эканини яхши англаб етиши лозим. Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:

(وَلَا تَقُولَنَّ لِشَيْءٍ إِنِّي فَاعِلٌ ذَلِكَ غَداً (23) إِلَّا أَن يَشَاءَ اللَّهُ…) (الكهف: 23-24)

Бирон иш тўғрисида “Мен уни албатта эртага қиламан” дея кўрманг. Балки “Иншааллоҳ –  Аллоҳ хоҳласагина қиламан” денг!” [Каҳф: 23-24].

Албатта ёмғир қайси вақт ва қайси ерга ёғишини билиш ғайб ишларидан ҳисобланиб, буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким била олмайди.

عن عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا  قَالَ : قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَفَاتِيحُ الْغَيْبِ خَمْسٌ : ثُمَّ قَرَأَ: (إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ …) الآية (سورة لقمان:34)”   (رواه البخاري, 4778)

 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғайб (яъни ғайб хазиналарининг) калити  бештадир. Уларни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч бим билмайди” деб, сўнг ушбу оятни ўқидилар: “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат соати қачон бўлиши тўғрисидаги билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилани (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур.  Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир” [Луқмон: 34] [Бухорий: 4778].

Кимда ким ғайб ишларидан ҳисобланган ёмғир қачон ва қайси ерга ёғишини аниқ биламан деб даъво қилса, Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятини ёлғонга чиқарган бўлиб, куфр келтирган ҳисобланади. Бироқ замонавий асбоб-ускуналар воситасида шамолнинг йўналиши, унинг тезлиги, ҳаво ҳарорати ва булутларнинг пайдо бўлиши ва ҳоказо об-ҳавонинг ўзгаришига таъсир қиладиган омилларга суяниб, об-ҳаво ҳолатини тахмин қилиш ғайбни билиш ҳисобланмайди. Чунки бу маълумотлар Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ўзгармас қонун-қоидаларини ўрганиш ва бу борада орттирилган  билим ва тажрибаларга асосланади. Ғайбни билиш эса бу каби ҳиссий сабаб ёки белгиларга суянмаган ҳолда яширин ёки келажакда содир бўладиган ишлар ҳақида башорат беришдир. Масалан ёмғирнинг қачон ёғишини билиш Қуръон ва ҳадисда ғайб ишларидан дейилди. Агар бир шахс булутсиз очиқ бўлган ҳавода туриб,  “эртага ёмғир ёки қор ёғади” деса ва ушбу сўзида бирон бир ҳиссий аломатларга суянмаган бўлса, ғайбни даъво қилган бўлади. Лекин бир шахс қуюқ булутли ҳавода туриб, “бироздан сўнг ёмғир ёғадиганга ўхшайди” деб айтса, ғайбни даъво қилган ёки билган ҳисобланмайди. Чунки, у бу сўзини  кўпинча ёмғир ёғишига аломат бўлган омилларга таяниб айтди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

( وَهُوَ الَّذِي يُرْسِلُ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا أَقَلَّتْ سَحَابًا ثِقَالًا سُقْنَاهُ لِبَلَدٍ مَيِّتٍ… ) الآية (سورة الأعراف: 57)

 “У шундай зотки, Ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар оғир булутларни кўтариб келгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ёғдирурмиз” [Аъроф: 57].

Аллоҳ таоло ушбу оятда ёмғир ёғиш олдидан унинг баъзи аломатларини юборишини маълум қилди.

Ҳозирги кундаги об-ҳаво маълумотлари ҳам, булутларнинг қуюқлиги, шамол тезлиги ва ҳавонинг ҳароратини аниқлайдиган махсус асбоб-ускуналар ёрдамида олинган маълумотларга таяниб тахминий маълумотлар беришади. Бу мисолимиздаги иккинчи шахснинг ҳолатига ўхшайди. Агар об-ҳаво маълумотини тарқатувчилар бирон бир асбоб-ускунага суянмасдан ёки ёмғир ёғишига аломат бўладиган омилларга назар солмасдан маълумот беришса, у ҳолда ғайбни даъво қилишган ва юқоридаги оятни ёлғонга чиқарган бўлар эдилар. Қолаверса, об-ҳаво маълумоти тарқатувчилари ҳам бераётган маълумотларини тахмин юзасидан айтишади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон киши об-ҳаво маълумотларига нисбаттан эътиқоди ва келажак ишларини режалаштириш борасида қуйидаги уч  нарсани эътиборга олиши лозим:

1) Эртага нима юз беришини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди ва инсонларнинг бўлажак режалари Аллоҳ хоҳласагина амалга ошади.

2)  Об-ҳаво мутахасислари томонидан берилган маълумотлар тахминий маълумотлардир.

3) Ушбу маълумотлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва изнига боғлиқ бўлиб, Аллоҳ хоҳласагина содир бўлади, валлоҳу аълам.

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг