Абу Бакр розияллоҳу анҳу: исломни қабул қилиши

0

Абу Бакр розияллоҳу анҳу тижоратчи бўлгани учун кўп сафар қилиб, қадами етмаган шаҳару қишлоқлар қолмаган эди. У қайси шаҳарга бормасин, у ердаги турли хил дин вакиллари, хусусан, насронийлар билан суҳбатлашар, улардан тавҳидга даъват қиладиганларининг сўзларига қулоқ солар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ягона мақсади инсон фитратига муносиб ҳақ динни топиш эди. У ўзи ҳақида гапириб берар экан, шундай дейди: “Мен Каъбанинг ёнида ўтирган эдим. У ерда Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам бор эди. Шунда олдимиздан Ибн Абуссалт ўтиб қолди ва Зайдга қарата шундай деди:

– Яхши дам олдингми, эй яхшилик сари интилувчи?

– Яхши, – жавоб берди Зайд.

– Топдингми?

– Йўқ.

– Тавҳид узра бўлмаган ҳар қандай дин қиёматда қабул қилинмас. Бу кутилаётган пайғамбар сизлардан чиқармикин ёки бизданми?

Мен шу пайтгача чиқиши кутилаётган пайғамбар ҳақида ҳеч эшитмаган эдим. Бу пайғамбар ҳақида сўраш ниятида Варақа ибн Навфалнинг олдига бордим ва унга бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Шунда у қуйидагича жавоб берди: “Эй жиян, биз самовий китоблар ва илмлардан бохабармиз. Билиб қўй, бу кутилаётган пайғамбар арабларнинг энг насабдор қабиласидан чиқади. Сизлар эса арабларнинг энг насаби улуғисизлар”.

– Амаки, бу пайғамбар нима қилади, – деб сўрадим ундан.

– Унга буюрилган ишни қилади. Шуни ҳам билиб қўйки, у зулм қилмайди, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зулм қилдирмайди, – деб жавоб берди Варақа.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида мен у кишига иймон келтирдим”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу исломга киришига унинг дин тўғрисидаги тушунчалари, жоҳилиятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган алоқалари ҳам сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида биринчи бўлиб Абу Бакр розияллоҳу анҳуни даъват қилганлари улар жоҳилиятда ҳам яқин бўлишганларининг яна бир исботидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни даъват қилганларида у ўйланиб ўтирмади, исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришга аҳд қилди ва бу аҳдининг устидан чиқди ҳам. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида: “Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборганида ёлғончи дедингиз. Абу Бакр эса гапимни тасдиқлади, моли ва жони билан мени қўллаб-қувватлади. (Шундан сўнг икки марта) Ўртоғимни ўз ҳолига қўясизларми, ахир?!” – дедилар (Бухорий: 3661).

Шундай қилиб Абу Бакр розияллоҳу анҳу исломни қабул қилган биринчи ҳур эркак бўлиш бахтига муяссар бўлди. Иброҳим Нахаий, Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос ҳамда Асмо бинти Абу Бакрларнинг (розияллоҳу анҳум) фикрларича, биринчи бўлиб исломни қабул қилган инсон Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлган.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Хулоса шуки, биринчи бўлиб исломни қабул қилган аёл Хадича розияллоҳу анҳо, биринчи бўлиб исломни қабул қилган қул Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу, биринчи бўлиб исломни қабул қилган бола Али розияллоҳу анҳу бўлган. Чунки машҳур ривоятга кўра, Али розияллоҳу анҳу ўша вақтларда балоғатга етмаган ўспирин бўлган. Юқоридагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилалари бўлишган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса биринчи бўлиб исломни қабул қилган ҳур эркак ҳисобланади. У кишининг исломга кириши юқоридагиларникидан кўра ислом учун фойдали бўлган. Чунки Абу Бакр розияллоҳу анҳу қавмида улуғ, Қурайш ичида ҳурматга сазовор ва бой кишилардан бўлиб, исломга даъватчи, одамлар қалбида меҳр-муҳаббат қозонган, Аллоҳ ва Расулининг тоати учун мол-давлатини (авайламай) сарфлар эди”.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг