Бақара сураси: 6-7 оятлар

0

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَأَنْذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنْذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ(6) خَتَمَ اللَّهُ عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ وَعَلَىٰ سَمْعِهِمْ ۖ وَعَلَىٰ أَبْصَارِهِمْ غِشَاوَةٌ ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ (7

6.“Кофир бўлган кимсаларни огоҳлантирасизми, йўқми, баробар: улар иймон келтирмайдилар”.

  1. “Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларига муҳр босган, кўзларини эса парда қоплаган. Уларга (қиёматда) катта азоблар бор”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло юқоридаги оятда куфр сифати билан сифатланган, куфрга “бўялган” ва куфр уларнинг ажралмас васфига айланган кимсаларни ҳеч нарса бу йўлдан қайтара олмаслиги ва уларга бирон панд-насиҳат кор қилмаслигини маълум қилади. Бундай кимсаларни куфрнинг машъум оқибатидан огоҳлантирасизми, йўқми баробар, куфрда давом этаверадилар.

Куфрнинг моҳияти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёки унинг баъзисини инкор этиш демакдир. Кофирларни даъват қилишдан фақат уларга қарши ҳужжат қойим қилишдан бошқа фойда йўқ. Гуёки, Аллоҳ таоло мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдаги уларнинг иймон келтиришига бўлган умидни узади ва у зотни кофирларнинг иймон келтирмагани боис ҳасрат-надомат чекмасликка, бунинг учун асло қайғурмасликка буюради.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло кофирларни иймон келтиришдан тўсган сабабларни зикр қилади. Уларнинг иймон келтирмаслигига сабаб – Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва қулоқларини шундай тамғалаганки, уларга иймон кириши учун бирон йўл қолмаган. Оқибатда, ўзлари учун манфаатли бўлган нарсаларни идрок эта олмайдиган, фойдали панд-насиҳатларга қулоқ тутмайдиган бўлиб қолишган. Кўзларини эса шундай парда ва ғилоф қоплаганки, теварак-атрофдаги оят-аломатларга ибрат назари билан боқишдан маҳрумдирлар. Шундай қилиб, улар инсондаги илм-марифат ва яхшилик келтирувчи воситалар бўлмиш қалб, қулоқ ва кўзнинг чинакам манфаатидан мосуво бўлганлар. Бундай кимсалардан бирон яхшилик кутиш, эзгулик умид қилиш амри маҳол. Бироқ уларнинг бу кўйга тушиши, уларга иймон эшикларининг ёпилишига сабаб – ҳақ тўла-тўкис равшан бўлгач кофир бўлишиб, ҳақни рад этишлари, қайсарлик ила ҳақни тан олмасликларидир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар илк бор иймон келтирмаганлари каби қалб ва кўзларини (ҳақни идроқ қилиш, кўриш ва унга иймон келтиришдан) тўсиб ва буриб қўюрмиз…” [Анъом: 110]. Бу кофирларга дунёда берилган жазодир. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларга қиёматда берилажак азоб-уқубатни зикр қилиб “Уларга (қиёматда) катта азоблар бор”, яъни дўзах азоби ва Жабборнинг доимий ва узлуксиз ғазаби бор, дейди.

Навбатдаги оятларда Аллоҳ таоло сиртида исломни ошкор қилиб, ичида куфрни яширган мунофиқларнинг васфини баён қилади.

 

Изоҳ қолдиринг