Умар розияллоҳу анҳу жоҳилиятда қизини тириклайин кўмгани ростми?

1

Савол:

Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ўз қизини тириклай кўмгани ҳақидаги ривоят саҳиҳми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, жоҳилият даврида баъзи араб қабилалари ўз қизларини тириклай ерга кўмар эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Ўз болаларини ақлсизлик қилиб, жоҳиллик билан ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб Аллоҳ берган ризқни ҳаром қилиб олган кимсалар муҳаққақки,  (ўзларига) зиён қилдилар.  Улар аниқ адашдилар ва тўғри йўлга юргувчи бўлмадилар” [Анъом: 140].

Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида” [Таквир: 8-9].

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу баъзи саҳобалар билан ўтирган чоғида бир кулиб, сўнг йиғлайди. Буни кўрган саҳобалар ундан бунинг сабабини сўрашганида у шундай жавоб беради: “Кулишимнинг сабаби, биз жоҳилият даврида хурмодан санам (бут) ясаб, унга ибодат қилар, сўнг қорнимиз очганда уни еб қўяр эдик. Йиғлашимга сабаб, бир қизим бор эди. Уни тириклайин кўмиш ниятида ўзим билан олиб чиқиб, бир чуқур кавлашга тушдим. Мен чуқур кавлар эканман, қизим соқолимга илинган тупроқларни жажжи қўллари билан қоқиб тозалар эди. Ва ниҳоят, чуқурни кавлаб бўлиб, қизимни тириклай кўмиб ташладим”.

Умар розияллоҳу анҳу тўғрисидаги мазкур ривоят халқ орасида анча машҳурдир. Бироқ бу ривоят шунчалик машҳур бўлишига қарамай, ботил ривоятдир. Қуйида мазкур қиссанинг ботиллигини кўрсатувчи далилларни зикр қиламиз:

1) Мўътабар ҳадис, тарих ва сийрат китоблари орасида бу ҳақда бирон бир саҳиҳ хабар келмаган. Доктор Абдуссалом ибн Муҳсин Оли Исо шундай дейди: “Зикр қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу қизларидан бирини тириклайин кўмган экан. Мен билган мўътабар манбалар орасида ушбу қиссани бирон бир киши ривоят қилганини учратмадим. Фақат устоз Аббос Маҳмуд Аққод ўзининг “Абқорийяту Умар” китобида мазкур ривоятга ишора қилиб, унинг саҳиҳлигида шубҳа қилганини кўрдим, холос[1].

2) Маълумки, Умар розияллоҳу анҳу уйланган биринчи аёл Усмон ибн Мазъуннинг синглиси Зайнаб бинти Мазъун ҳисобланади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Воқидий, Ибн Калбий ва бошқа олимларнинг айтишича, Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида Усмон ибн Мазъуннинг синглиси Зайнаб бинти Мазъунга уйланган. Зайнабдан Абдуллоҳ, катта Абдурроҳман[2] ва Ҳафса исмли фарзандлар кўрган”[3].  Ҳафса розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишидан беш йил илгари дунёга келган. Ҳокимнинг “Мустадрак”ида ва бошқа китобларда Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳафса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишидан беш йил бурун Қурайш Каъбани қайта тиклаётган вақтда дунёга келган[4] . Демак, Ҳафса Умар розияллоҳу анҳунинг тўнғич қизи ҳисобланади. Тўнғич қизини тириклайин кўммаган Умар розияллоҳу анҳу, нега энди ундан кичик қизларини кўмиши керак?! Шунингдек, Умарнинг яқинлари бу ҳақда бирон бир хабар айтишмаган ҳамда унинг фарзандлари орасида тириклайин кўмилган қиз фарзанди бўлгани зикр қилинганини ҳам учратмадик. Ваҳоланки, тарих китобларида унинг барча фарзандлари ва жоҳилият даврида ҳамда исломга кирганидан сўнг уйланган аёлларининг исмлари зикр қилинган. Устига-устак, қизларини тириклай кўмиш Умарнинг қабиласи бўлмиш Бани Адий ёки Хаттоб оиласи одатидан эмас эди. Доктор Абдуссалом ибн Муҳсин Оли Исо айтади: “Қиз фарзандларини тириклай кўмиш одати барча араблар ўртасида кенг тарқалмаган эди. Шунингдек, Умарнинг қабиласи бўлмиш Бани Адий ва Хаттоб оиласида ҳам (бу машъум ва қабиҳ иш) машҳур одат эмас эди[5].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур ривоят ботилдир. Борди-ю, Умар розияллоҳу анҳу қизларидан бирини жоҳилият даврида тириклайин кўмган, деб фараз қилинса ҳам, бу унинг дину диёнатига путур етказмайди. Зеро, ислом ўзидан аввалги, яъни кишининг иймонга келишдан олдин қилган барча гуноҳ ва хатоларини ўчириб ташлайди. Маълумки, аксар саҳобалар жоҳилият даврида бут-санамларга сиғинишар эди. Улардан содир бўлган бу ишлар, яъни куфр ва ширк ишлар одам ўлдиришдан каттароқ гуноҳлар бўлган. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, ислом ўтган гуноҳларни ўчириб юборади, валлоҳу аълам.

[1] “Умар ибн Хаттобнинг шахсияти ва бошқарув сиёсати борасидаги ривоятларни саралаш” (1/111-112).

[2] Умар ибн Хаттобнинг Абдураҳмон исмли уч фарзанди бўлган. Уламолар уларнинг ўртасини фарқлаш учун катта, ўртанча ва кичик деб номлашган.

[3] “Бидоя ва ниҳоя” (7/139).

[4] “Мустадрак” (6752).

[5] “Умарнинг шахсияти ва бошқарув сиёсати борасидаги ривоятларни саралаш” (1/111-112).

 

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг