Пайғамбар уйида бир кеча: саккизинчи аёлнинг ҳикояси

0

Саккизинчи аёл эри ҳақида шундай деди: “Эрим юмшоқ қуёндек, ҳиди хушбўй райҳондек”. Бу аёл эрини хушмуомалалиги ва доим хушбўй бўлиб юришини айтиб, уни мақтамоқда. Эр-хотин атир ишлатиши, ҳар хил ёқимсиз ҳидлардан тозаланиб, ўзига қараб юриши лозим. Хусусан, бугунги кунимизда ҳар қандай ҳидни арзимаган пул эвазига йўқотиш мумкин. Акс ҳолда, бизнинг кўзимизга оддий бўлиб кўринаётган мана шундай арзимас нарсалар эр-хотин ўртасидаги алоқа ёмонлашиши, баъзи ҳолларда оила бузулишига ҳам сабаб бўлади. “Эрим менга эътиборсиз”, “хотинимга кўнглим йўқ” каби баҳоналар билан қанчадан қанча ёш оилалар бузулиб кетганига шоҳид бўлмоқдамиз. Бунинг асл сабабини ўрганиб қараганимизда, шу биз арзимас деб санаган нарсалар эканига гувоҳ бўламиз. Бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олайлик: имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Шурайҳ ибн Ҳонеъ шундай дейди: “Мен Ойша розияллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирсалар биринчи навбатда нима қилардилар?” – деб сўраганимда у киши: “Мисвок ишлатардилар” – дея жавоб бердилар”. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирганларида биринчи навбатда оғизларини тозалар эканлар. Биз ҳам бу суннатларга эътибор беришимиз, уларни ўз ҳаётимизга татбиқ қилишимиз керак. Бу аёл эрида икки нарсани: унинг хушмуомалалиги ҳамда доим хушбўй бўлиб юришини мақтовга лойиқ деб топди. Бу ҳам киши ўзига қараб, доим хушбўй бўлиб юриши қанчалик муҳим эканини янда ёритиб беради.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг