Мўътазилийларнинг номлари

0

Мўътазилийларнинг номлари ва уларга бу номлар берилишининг сабаби

Фирқалар мавзусида ёзилган китобларни ўқир эканмиз, шунга гувоҳ бўламизки, уламолар бу фирқани турли исмлар билан аташган. Қуйида шу исмларнинг баъзиларини ва нима учун уларга бу номлар берилганини баён қилиб ўтамиз:

1. Мўътазилийлар:

Ушбу фирқа нега бу номни олганининг сабабини ўтган мақоламизда ҳам айтган эдик. Келинг, яна бир бор такрорлаб ўтамиз. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ Басрадаги масжидлардан бирида дарс берар, мажлисда Восил ибн Ато ҳам иштирок этаётган эди. Восил Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми тўғрисида тортишиб қолади. У Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ билан келиша олмаганидан кейин унинг  мажлисидан чиқиб кетади. Шунда Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Восил биздан ажралиб кетди”, – дейди. Шундан кейин Восил ибн Атога эргашганлар мўътазилийлар (ажралиб кетганлар) деган ном олишди.

2. Жаҳмийлар:

Мўътазилийлар эътиқодий масалалардаги аксар фикрларини жаҳмийлардан олишган. Масалан, Аллоҳ таолони қиёматда кўз билан кўриб бўлмаслик фикри, Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиш ва Қуръонни махлуқ деб айтиш каби фикрларни мўътазилийлар жаҳмийлардан олишган. Улар жаҳмийлар билан ҳамфикр бўлишгани учун фирқалар борасида ёзилган китобларда баъзи уламолар мўътазилийларни ҳам жаҳмийлар деб атаганларини кузатиш мумкин.

Жаҳмийлар мўътазилийлардан бироз олдин ўтишган. Мўътазилийлар мусулмонлар ўртасида жаҳмийларнинг фикрларини қайтадан жонлантирганлар. Шунга кўра ҳар қандай мўътазилийни жаҳмий деб аташимиз муболаға бўлмайди. Аксинча, ҳар қандай жаҳмийни мўътазилий деб аташ нотўғри бўлади.

3. Қадарийлар:

Мўътазилийлар қадарийлар каби тақдирни инкор қилишгани учун баъзи уламолар тарафидан қадарийлар деган номни олишган. Уларнинг фикрларича, ҳар бир шахс қилаётган ишини ўзи яратади, вужудга келтиради, бунга Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай дахли йўқ. Бироқ мўътазилийлар бу исмни ёқтиришмайди, аксинча, қазо ва қадарни бор деб эътиқод қиладиганларни қадарий деб номлаш тўрироқ бўлади, деб эътиқод қилишади.

4. Мажусийлар:

Мўътазилийлар бу исмни олишларининг сабаби улар яхшилик Аллоҳ таолодан, ёмонлик эса бандадан бўлади, деб эътиқод қилишади. Шу жиҳатдан улар мажусийларга ўхшашади. Чунки мажусийлар икки худолик, яъни яхшилик ва ёмонлик худолари бор деб ишонишади.

Тўғри, биз аҳли суннат ва жамоат ҳам ёмонлик бандадан деймиз, бироқ бу ёмонликни банда вужудга келтирмайди, у фақатгина шу ёмонлик келишига сабабчи бўлади, холос.

5. Ваийдийлар:

Мўътазилийларнинг фикрларига кўра, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилиши мумкин эмас. Шундай экан, Аллоҳ таоло Қуръонда бир қанча ўринларда гуноҳкорларга азоб беришини айтгани боис тавба қилмай ўлиб кетган мусулмон гуноҳкорлар Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлишлари аниқ ва Аллоҳ таоло уларни кечириши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди. Шунинг учун ҳам улар ваийдийлар, яъни Аллоҳ таоло тавба қилмай вафот этган мусулмонларни кечириши мумкин эмас, деб айтувчилар деган исмни олишган.

6. Муаттилалар:

Муаттила араб тилида “инкор қилувчилар” маъносини ифодалайди. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилишгани учун бу номни олишган. Бу исм даставвал жаҳмийларга ишлатилган бўлса-да, кейинчалик мўътазилийларга ҳам ишлатилган.

Кўриб турганингиздек, бу исмларнинг ҳаммаси мухолифлар тарафидан мўътазилийларга қўйилган исмлардир. Келинг, энди мўътазилийлар ўзларини қайси номлар билан аташларини ўрганайлик:

1. Мўътазилийлар:

Улар аввалида бу исмни ўзларига раво кўришмаса-да, бироқ одамлар ўртасида кенг тарқалганидан кейин уни ўзларига мослаштиришга ҳаракат қилишди. Уларнинг даъволарига кўра, улар ҳар хил фитна ва бидъатлардан йироқ туришгани учун ўзларига мўътазилийлар, яъни (ҳар хил фитна ва бидъатлардан) “четланувчилар” номини қўйишган.

2. Адолатчилар:

Улар адолат деганда қазо ва қадарни инкор қилишни назарда тутадилар. Чунки уларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, Аллоҳ таоло олдиндан ҳамма нарсани билиб, уни тақдир қилиб қўйган бўлиши адолатга зиддир.

3. Ҳаққа эргашганлар:

Улар ўзларини ҳақ деб ўйлашгани учун бу каби исмлар билан ўзларини мақташлари табиий.

4. Нажот топувчи тоифа:

Бу аслида аҳли суннат ва жамоатнинг исми бўлгани ва бу тоифанинг қиёматгача давом этиши тўғрисида келган ҳадисларни ўзларига мослаб, одамларни ўз йўлларига даъват қилиш ниятида мўътазилийлар ўзларига шундай ном қўйишган.

5. Аллоҳни покловчилар:

Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилишар экан, бу билан ўзларини Аллоҳ таолони поклаяпмиз, деб ўйлашади. Шунинг учун бу каби мақтовга лойиқ исмлар билан ўзларини мақташлари ажабланарли эмас.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг