Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Мутакаббир ва Кабир исмларининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг бу икки исми араб тилидаги улуғлик, буюклик ва улканлик маъносидаги “кибар” сўзидан олинган. Кибр сўзи эса ўзи улуғликка лойиқ бўлмаса-да, ўзини катта олиш маъносини ифодалайди. Демак, “кабир” сўзи араб тилида улуғ, улкан ва буюк маъноларини англатса, “мутакаббир” сўзи “ягона улуғ” ҳамда “тенгсиз буюк” маъносини билдиради. Шунингдек, ўзи улуғ бўлмаса-да, ўзини улуғ ва барчадан устун деб ҳисоблайдиган кишига ҳам араб тилида “мутакаббир” дейилади. Бизнинг ўзбек тилида ҳам бу сўз худди шу маънода ишлатилади. Бироқ Аллоҳ таолога нисбатан айтилганида бу маъно эмас, балки биринчи маъноси назарда тутилади.

Аллоҳ таолонинг Мутакаббир исми Қуръонда бир марта, қуйидаги оятда келган: “У Аллоҳ шундай зотки, Ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббир (барчадан Улуғ ва Буюк)дир” (Ҳашр: 23).

Аллоҳ таолонинг Кабир исми эса Қуръонда беш ўринда зикр қилинган. Жумладан:

1)    “У зот ғайбни ҳам, ошкора нарсаларни ҳам Билувчи, Улуғ, Мутаол (Олий) зотдир” (Раъд: 9).

2)    “… ва шак-шубҳасиз Аллоҳ Алий (энг Олий), Улуғ зотдир” (Ҳаж: 62).

Аллоҳ таолонинг Кабир исми Қуръони Каримда доимо Алий ёки Мутаол исмлари билан ёнма-ён зикр қилинган.

Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мутакаббир – бирон бир ёмон ишни қилишга буюклиги йўл қўймайдиган зот”.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мутакаббир – олийлиги бандаларига зулм қилишга йўл қўймайдиган зот”.

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мутакаббир – Ўз рубубияти ила Буюк, ҳеч нарса Унга тенг кела олмайдиган зотдир”.

Аллоҳ таолонинг Кабир исмини ҳам уламолар худди шу маънолар билан изоҳлашган. Жумладан, Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кабир – барча нарсадан Буюк, қолган ҳамма нарса Ундан қуйи ва кичик дегани”.

Демак, Аллоҳ таолонинг Кабир ва Мутакаббир исмлари қуйидаги маъноларни ифодалайди:

1)    Олийлиги ҳар қандай ёмонлик ёхуд зулм қилишга йўл қўймайдиган зот;

2)    Бандаларига ўхшамайдиган, ҳеч нарса Унга тенг бўла олмайдиган Улуғ зот;

3)    Буюк ва Юксаклигидан барча нарса унинг олдида қуйи ва кичик бўлиб қоладиган зот;

4)    Осмонлару ердаги улуғворлик эгаси.

Аллоҳ таоло шу даражада Буюк ва Улуғки, биз Унинг қанчалик Улуғ экани, Унинг кўриниши ёки сифатлари қандай эканини била олмаймиз. Шунинг учун У зотнинг қандайлиги ҳақида фикр юритишдан қайтарилганмиз. Чунки У бизнинг ноқис ақлимиз бовар қилмайдиган даражада Олий ва Улуғдир.

Файласуфларнинг эътиқодий масалаларда адашиб кетишганининг сабаби ҳам шунда, улар ўзларининг ноқис ақллари билан Аллоҳ таолонинг кўриниши қандай эканини билишга ҳаракат қилишди. Шу сабабдан ҳақ йўлдан озиб, бир-бирига тўғри келмайдиган телба-тескари фикрларни ўйлаб топишди.

Аллоҳ таолони танишнинг ёгона йўли оят ва ҳадислардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони энг яхши танийдиган киши эдилар. Зеро, Қуръон у кишига нозил қилинди. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг барча зотий ва феълий сифатларини, барча гўзал исмларини яхши билганлар. Аллоҳ таолони яхши танимоқчи бўлган кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдан бошқа чораси йўқ. Зеро, ҳадисда айтилганидек, нажот топувчи тоифа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг йўлларига эргашган кишилардир.

Кибрланиш бандага асло ярашмайдиган бир сифат. Чунки чинакам улуғлик ва буюклик Аллоҳ таолога хос сифатдир. Банда Аллоҳ таолони яхши танигани сари ўзини паст олаверади. Фақат жоҳил кишиларгина ўзини катта олиб, кибрланишлари мумкин. Зеро, кибр Аллоҳ таоло севмайдиган энг ёмон сифатлардан бири ҳисобланади. Буни янада яхшироқ тушунишимиз учун келинг, мутакаббирлар ҳақидаги оятларга бир назар солайлик:

1)    “Бугун сизлар ерда ноҳақ кибрланганингиз сабабли қаттиқ азоб билан жазоланасизлар” (Аҳқоф: 20).

2)    “Ахир, жаҳаннамда мутакаббирларга ўрин бор эмасми?!” (Зумар: 60).

Хулоса шуки, кибр ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган асосий иллатдир. Ҳатто иблис йўлдан озиши, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиши ва бир умр лаънатга дучор бўлишининг сабаби ҳам кибр эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бироқ иблис (Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан) бош тортди, кибр қилди ва кофирлардан бўлди” (Бақара: 34).

Кибр кишини илмдан бебаҳра қолишига сабаб бўлади. Чунки мутакаббир одам билмаган нарсаларини сўрашдан ор қилади ва жоҳиллигича ўтиб кетади. Баъзи кишилар кибр сабабли кўра-била туриб, ҳақни инкор қилишади. Аллоҳ таоло бундай кишилар ҳақида шундай дейди: “Одамлар орасида уларни Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун кибрланиб, ҳеч бир илм, ҳидоят ёхуд (ҳужжат-далиллари) очиқ-ойдин китобсиз Аллоҳ борасида тортишадиганлари бор” (Ҳаж: 8-9). Шунинг учун салафи солиҳларимиз кибрдан қаттиқ огоҳлантиришган. Аллоҳ таоло ислом умматини бу дарддан Ўзи халос айласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг