Умавийлар: Муовия розияллоҳу анҳу (3)

0

Ака-ука ва опа-сингиллари

  • Язид ибн Абу Суфён

Язид розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг ака-укалари ичида энг яхшиси эди. У Макка фатҳ қилинган йили исломни қабул қилиб, Ҳунайн ғазотида иштирок этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайнда қўлга киритилган ўлжалардан Язидга юзта туя ва қирқ ўқийя[1] кумуш берганлар. Шунингдек,  Абу Бакр розияллоҳу анҳу Шомга юборилган қўшинларнинг бирига Язидни амир қилган. Язид бошчилигидаги бу қўшиннинг вазифаси Дамашққа бориб, у ерни фатҳ қилиш, агар эҳтиёж туғилса мусулмонларнинг бошқа қўшинларига ҳам ёрдам бериш бўлган.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Фаластин фатҳ қилинади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Фаластинга Абу Убайда розияллоҳу анҳуни, у вафот этганидан кейин Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни, ундан кейин Язид розияллоҳу анҳуни, Язид розияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин эса Муовия розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинлади. Ўша вақтларда Фаластинда тарқалган вабо бу саҳобийларнинг ўлимига сабаб бўлган.

  • Утба ибн Абу Суфён

Утбанинг куняси Абулвалид. Баъзи ривоятларга кўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида дунёга келган. Умар розияллоҳу анҳу уни Тоифга амир қилиб тайинлаган. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин Муовия розияллоҳу анҳу укаси Утбани Мисрга амир қилган. Мисрда бир йил яшаб, ҳижрий 44 йил Мисрнинг Искандарийя шаҳрида вафот этиб, ўша ерда дафн қилинган. Утба жуда ҳам фасоҳатли ва нотиқ киши бўлган. Айтишларича, Бани Умайяда унга тенг келадиган нотиқ бўлмаган.

  • Анбаса ибн Абу Суфён

Анбасанинг куняси Абу Усмон. Абу Умомадан ривоят қилинишича, Анбаса ўлими олдидан қаттиқ тушкунликка тушиб қолган. Уни зиёрат қилишга келганлар: “Эй Абу Усмон! Нега тушкунликка тушасиз? Ахир мусулмон бўлиб яшадингиз, иншааллоҳ тўғри йўлда эдингиз?!” – дейишганида у янада қаттиқ хафа бўлиб, йиғлаб, шундай жавоб берган экан: “Нега йиғламай, нега хафа бўлмай?! Эртага (қиёмат куни) олдимдан нима чиқишини билмасам, ўзим қониқадиган бирон бир катта амал ҳам қилмаган бўлсам”.

  • Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён

Унинг тўлиқ исми Уммулмўъминин Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари бўлган. Умму Ҳабиба унинг куняси, у ўз исмидан кўра куняси билан машҳур бўлган. Онасининг исми Софийя бинти Абулъос ибн Умайя. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўн етти йил олдин таваллуд топган. У Бани Асад уруғидан Убайдуллоҳ ибн Жаҳш исмли кишига турмушга чиққан эди. Маккада исломга даъват бошланганидан кейин улар икаласи ҳам исломни қабул қилишди ва Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. У ерда қизи Ҳабиба дунёга келди. Бироқ Убайдуллоҳ муртад бўлиб, насронийлик динини қабул қилди ва кофир ҳолида ўлди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо эса динини сақлаб қолди. Аллоҳ таоло унга ер юзидаги энг афзал турмуш ўртоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хотин бўлиш бахтини насиб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳининг вакиллиги орқали уни ўз никоҳларига олдилар. Ҳабашистон подшоҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога тўрт юз динор[2] маҳр берди ва сепига ҳам бир қанча ҳадялар тортиқ қилди.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “У (яъни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари ичида ундан кўра насаби улуғ, ундан кўра кўп маҳр олгани бўлмаган…”.

  • Уммулҳакам бинти Абу Суфён

У Абдураҳмон ибн Уммулҳакамнинг онаси. Ислом динида кофир аёлларни ўз никоҳига олиш ҳаром қилинишидан олдин Уммулҳакам Иёз ибн Ғанам Фиҳрий розияллоҳу анҳунинг турмуш ўртоғи бўлган. Бу нарса ҳаром қилинганидан кейин Иёз розияллоҳу анҳу уни қўйиб юборган ва у Абдуллоҳ ибн Усмон Сақафийга турмушга чиққан. Уммулҳакам розияллоҳу анҳо Макка фатҳ қилинган йили исломни қабул қилган.

  • Азза бинти Абу Суфён

Ибн Шиҳоб роҳимаҳуллоҳ Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳақидаги ҳадис шарҳида Азза ҳақида сўз юритган. У ҳадисда айтилишича, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Расулуллоҳ! Синглимга нима дейсиз?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

– Қайси маънода?

– Унга уйланасизми?

– Сен шуни хоҳлайсанми?

Мен сизнинг ягона хотинингиз эмасман. Яхши ишларда менга шерик бўлиши мумкин бўлган энг севимли инсон – синглимдир…” (Муслим ривояти, 3516-ҳадис).

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга исломда эркак киши опа-сингилга бир вақтда никоҳланиши мумкин эмаслигини тушунтирдилар.

  • Умайма бинти Абу Суфён

Умайма Ҳувайтиб ибн Абдулъуззога турмушга чиқиб, ундан Убу Суфён исмли ўғил кўрган. Ҳувайтиб вафот этганидан кейин Сафвон ибн Умайяга турмушга чиқиб, ундан Абдураҳмон исмли ўғил кўрган[3].

Ҳозиргача Муовия розияллоҳу анҳунинг ака-ука ва опа-сингилларини санаб ўтдик. Иншааллоҳ, келгусида Муовия розияллоҳу анҳунинг хотин ва болалари ҳақида сўз юритамиз.

[1] Бир ўқия қирқ дирҳамга тенг.

[2] Бу 1700 грамм олтинга тўғри келади.

[3] “Аттабақотул кубро”, 8/239.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг