Мажбурланган кишининг талоғи

0

Мажбурланган кишининг талоғи

Жумҳур уламолар фикрига кўра, мажбурланган кишининг талоғи инобатга олинмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари далилдир: “Албатта Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурдан қилган ишлари(нинг гуноҳи)ни соқит қилди[1]. Чунки мажбурланган одам талоқ қилишни қасд қилмай, балки талоқ қилмаса бошига тушиши мумкин бўлган ишлар: ҳаётига тажовуз қилиниши, бирон аъзосига талофат етиши, мол-мулки тортиб олиниши ёки қамоққа отилиши каби унга зарар етказувчи ишлардан қутилишни мақсад қилади.

Мажбурланган кишининг талоғи инобатга олинмаслиги учун зулм йўли билан мажбурланган бўлиши шарт қилинади. Агар ҳақ йўл билан мажбурланган бўлса, айтайлик, хотинига “ийло”[2] қилган, яъни тўрт ой унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичган бўлса-ю, муддат тугагач хотинини талоқ қилишдан ёки унга қайтишдан ҳам бош тортса ва ҳоким уни талоқ қилишга мажбурласа, бу ҳолатда талоғи инобатга олинади. Чунки у бу ҳолатда шаръан бажариши лозим бўлган ишни бажариши учун ҳақ йўл билан мажбурлангандир.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳар қандай ҳаром иш ҳақ йўл билан бажарилса, ундаги ҳаромлик сифати йўқолади. Негаки, ҳар қандай иш ботил бўлгани боис ҳаром бўлади. Агар у ҳаққа айланса, ундаги ҳаромлик сифати кетади… Шунингдек, мабодо инсон хотинига бериши лозим бўлган нафақани бермаса, уни талоқ қилишга мажбурланади. Агар шунда ҳам талоқ қилишдан бош тортса, унда қози эр номидан хотинни талоқ қилади[3].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Дарҳақиқат, саҳобалар мажбурланган кишининг талоғи ва иқрори инобатга олинмаслигини фатво берганлар. Саҳиҳ ривоятда нақл қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Кишининг жонини ачитиб урсанг ёки қўл-оёғини боғласанг, ўз эрк-иродасига моликлиги қолмайди”. Шунингдек, бошқа бир саҳиҳ ривоятда нақл қилинишича, бир одам асал йиғиб олиш мақсадида (баланд жойдан пастга) арқонга осилиб тушади. Шу пайт хотини келиб: “Ё мени талоқ қиласан, ё арқонни кесиб юбораман”, деб таҳдид қилади. Эри қанча ялиниб-ёлвормасин аёли кўнмайди. Шунда ҳалиги киши мажбур хотинини талоқ қилади. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб бўлган воқеани унга ҳикоя қилиб беради. Умар розияллоҳу анҳу унга қарата: “Хотининг олдига қайт, бу талоқ ҳисобга ўтмайди” – дейди. Шунингдек, Али розияллоҳу анҳу ҳам мажбурланган кишининг талоғини инобатга олмас эди. Собит Ал-Аъраж айтади: “Ибн Умар ва Ибн Зубайрдан мажбурланган кишининг талоғи хусусида сўрадим. Уларнинг ҳар иккиси “Ҳечқиси йўқ, ҳисобмас”, дедилар[4].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мажбурланиш инобатга олиниши учун уч нарса шарт қилинади:

  1. Мажбурлаш ўғри ёки қароқчи каби айтганини амалга ошира оладиган кучли ва зўровон томонидан бўлиши.

  2. Мажбурланган одам зўровоннинг айтганини қилмаса таҳдидини амалга оширишига кўзи етиши.

  3. Агар мажбур қилинган ишни бажармаса, унга келадиган зиён жонига тажовуз қилиш, қаттиқ калтаклаш ва узоқ муддат оёқ-қўлини кишанлаш ёки қамоқда сақлаш каби катта зиён бўлиши. Шунга кўра, шунчаки сўкиш, ҳақоратлаш ёки озроқ мол-мулкини тортиб олиш каби ишлар билан таҳдид солиш мажбурлаш саналмайди[5].

[1] Ибн Можа (2045), Ибн Ҳиббон (7219), Дорақутний (3/139), Табароний “Кабир”да (11/133) ва Байҳақий (8/264) ривоят қилишган. Шайх Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (1836) саҳиҳ деган.

[2] “Ийло” ҳақида батафсил маълумотлар келгусида зикр қилинади, иншааллоҳ.

[3] “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/437), “Исломий матбаа” нашриёти.

[4] “Зодул-маод” (5/208).

[5] “Ал-муғний” (7/119).

Изоҳ қолдиринг