Жамоавий зикрлар (1): Зикр ва дуонинг таърифи

1

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, зикр ва дуолар шариатимиз буюрган энг буюк ибодатлардан ҳисобланади. Унинг фазли хусусида жуда кўп оят ва ҳадислар бор. Жумладан:

Аллоҳ таоло айтади:

Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар” [Аҳзоб: 41].

Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир” [Анкабут: 45].

“Парвардигорингиз: Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман, деди” [Ғофир: 60].

Шунингдек, ислом рукнларидан бўлган намоз ва ҳажнинг бош мақсадларидан бири ҳам Аллоҳни эслашдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!” [Тоҳа: 14].

 “Биз (сизлардан аввалги) барча умматларга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш) асносида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз” [Ҳаж: 34].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим, мен учун бутун дунёдан севимлироқдир[Муслим: 1718].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шу айтганимни бажарсанглар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар ва кейингилардан ўзиб кетасизлар. Фақат сизлар қилган амални бажарганларгина сизларга етиб олиши мумкин. Саҳобалар: “Ҳа, ўргатинг”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар намоз кетидан ўттиз уч марта “субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “алҳамдулиллаҳ” ва ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деб айтинглар” [Муслим: 1286].

Юқорида ўтган оят ва ҳадислардан зикр ва дуонинг фазли, унинг динимизда тутган ўрни ҳамда қай даражада улуғ ибодат экани маълум бўлади. Дарҳақиқат, бандаларни зикр ва дуо ила ибодат қилишга буюрган Зот ушбу ибодатни қай шаклда бажариш кераклигини ҳам Ўз элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали баён қилиб берган. Зеро, банда далилга асосланмасдан ўз ақлига таяниб, бирон ибодатга қўл урар экан, албатта, қилган бу ибодати қабул қилинмайди ва насоролар каби адашган тоифадан бўлиб қолади.

Маълумки, ибодатларнинг қабул ва тўғри бўлишининг шарти – унинг холис ва суннатга мувофиқ бўлишидир.

Аллоҳ таоло айтади:

Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар.  Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади” [Оли-Имрон: 31].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким биз қилмаган амални қилса, қилган амали қабул қилинмайди” [Муслим: 1718].

Дастлаб “зикр” ва “дуо” калимасининг маъноси тўғрисида қисқача тўхталиб ўтсак.

“Зикр” калимаси шариатимизда Аллоҳ таолони гўзал исм ва сифатлари билан улуғлаш, унга ҳамду-санолар айтиш, берган неъматларига шукр қилиш, нозил қилган китоби Қуръонни ўқиш, бир сўз билан айтганда Аллоҳни эслаш деган маънони англатади.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва эрта-ю кеч Парвардигорингиз исмини зикр қилинг!” [Инсон: 25].

Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю-кеч зикр (ёд) қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!”  [Аъроф: 205].

Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)!” [Муззаммил: 8].

Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини зикр (ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир” [Аъло: 14-15].

Шариатимизда “дуо” деб, банданинг дунё ёки охиратига тааллуқли эҳтиёжларини Аллоҳ таолодан раво қилишини сўраб илтижо қилишига айтилади.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан” [Оли-Имрон: 38].

Шунда у (Нуҳ) Парвардигорига: Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман.  Ўзинг ёрдам қилгин, деб дуо-илтижо қилган эди” [Қамар: 10].

Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур” [Юнус: 12].

Биз ушбу мақоламизда намоз кетидан жамоавий тарзда дуо ва зикр қилиш ёки бошқа вақт ва ўринларда бир шахс ортидан ёки ўзаро йиғилиб муайян зикр ва дуоларни жўр бўлиб – бир овоздан айтиш ҳукми хусусида сўз юритамиз. Шунингдек, жамоат бўлиб зикр ва дуо қилишнинг келиб чиқиш тарихи, салафи солиҳ уламоларимизнинг бу борада тутган йўл ва айтган сўзлари, ислом умматининг машҳур фуқаҳолари наздидаги ҳукми ҳамда бу ишлар ортидан келиб чиқадиган зарар ва нохуш оқибатлар хусусида батафсил сўз юритамиз, иншааллоҳ.

(Давоми бор)

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг