Саодатни излаб

0

(Давоми)

Денгиз соҳили – Хубар соҳилида бир кишини кўрсангиз. У эҳром кийим олган, “Лаббайкаллоҳумма лаббайк”, дея қайиққа ўтириб шарқ томонга йўл олса? Бу одам тўғрисида нима дейиш мумкин? Унга “Буюк арш соҳиби Буюк Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман. Ахир бу йўл Маккага олиб бормайди! Сен эҳром кийиб шарққа қараб кетмоқчимисан, ахир Макка ғарб томонда-ку!”, десангиз, у “Аллоҳ хоҳласа Маккани шарқда қилиб қўйишга қодир”, деса, унга нима дейиш мумкин?! “Тўғри Аллоҳ барча нарсага қодир, бироқ сенинг ақлинг жойида эмас”, дейсиз. Чунки у Маккани жойидан қидирмаяпти-да!

Бу нарса айнан ҳозирги кундаги айримларимизнинг ҳолатига ўхшайди. Бир мисол, баъзи фарзандларимиз бомдод намозини масжидда жамоат билан ўқишмайди, тўғрими? Такрор айтаман, тўғрими? Уларнинг келажаги йўқ! Чунки улар бир бандани юз хотири учун каллайи-саҳардан кўчага отланадилар-у, Холиқ – Парвардигорни олдига эса бормайдилар. Ризқ берадиган ким? Фирма мудирими? Йўқ! Балки илм, ҳикмат, мағфират, раҳмат ва мулку-салтанат ва мустаҳкам куч-қувват соҳиби бўлмиш Раззоқ – Аллоҳдир. Демак, мактаб ёки университетда икки ҳафтадан кейин бўладиган имтиҳонлардан, физика, кимё ва математика имтиҳонларидан қўрқсак-у, Аллоҳ таолонинг бомдод намозини жамоатда ўқиш имтиҳонидан қўрқмасак… Бу шундай тарбияки,… маъзур тутасизлар, мен ҳам отаман, фарзандларим университетни битирганлар, айримлари ҳануз биринчи синфда ўқишади. Яъни, мен ҳам отаман, ота сифатида гапиряпман. Аллоҳга қасамки, бу муваффақиятсиз тарбия, эришиб бўлмас саодат! Фарзандларимизни алгебра имтиҳонидан ўтадиган қилиб тарбияласагу, тавҳид фанидан йиқилиб ўтиришса-а! Тавҳид уйқудан афзалдир. Азонда “Аллоҳу акбар” сўзи тўрт марта такрорланади. Аллоҳ буюкми ёки уйқуми?! Аллоҳга қасамки, бу катта мусибат! Қарабсизки, фарзандларимиз улғайгач, ота-онасини қийнашади. Нега, сизни қийнайди?! Чунки сиз фарзандингизни дунёга қул қилиб тарбияладингиз. Фарзандингизни математика, физика, инглиз тили, информатикага қул қилиб тарбияладингиз. Фарзандингизни Оламлар Раббига қул қилиб тарбия қилмадингиз. Унга: “Ўғлим, намоз ўқи, ўшанда Аллоҳнинг ҳифзу-ҳимоясида бўласан. Шунда Аллоҳнинг ўзи сенга таълим беради, муваффақ қилади, тушунишингга ёрдам беради”, демадингиз. Ахир тушунча, фаҳм-фаросат берадиган Аллоҳ эмасми?! Борлиқдаги дастлабки муаллим Аллоҳ эмасми?! Аллоҳ таоло айтади: “У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди” [Бақара: 31]. Сулаймон ва Иброҳим алайҳиссаломларга фаҳм-идрок берган ҳам Аллоҳ эмасми?!: “Шундай қилиб,  Биз уни Сулаймонга англатдик” [Анбиё: 79]. Ёки фарзандларимизга фаҳм-идрок берадиган улардаги заковотми? Айрим фарзандларимиз ўқиш мобайнида ёдлайвериб-ёдлайвериб, ўқишни битиришдан олдин хотираси айниб, билган-билмаган нарсасини гапириб, валжирайдиган бўлиб қолишади. Шундай қилиб, ҳаммаси барбод бўлади! Айримлар тинимсиз ёдлаб, ўқиб, чет элга ўқишга бориб, охир-оқибат, борган мамлакати: Бразилия, Бельгия, Голландия ва шу каби мамлакатларда қолиб кетишади. Соч-соқоли оқарган, қариган ота-онасини зор қақшатиб ташлаб кетади. Ота-онаси фарзандининг дийдорига тўйиш нари турсин, қайси йўл билан бўлсада бир бор унинг овозини эшитишни орзу қилиб ўтади. Бу нимаси ахир, бу бузуқ тарбия! Фарзандларимизни “саодат ер юзида ёки саодат ўзининг қўлида, инсон уни ақл-заковати, тажрибаси ва билими билан яратади”, деб тарбиялашимиз нотўғри.

Азизларим, ҳаётдаги бахтсизлик сабабларидан бири, баъзиларимизнинг нотўғри фикрларга, тарбиядаги ва ҳаётга муносат бобида янглиш қоидаларга ишониб қолганлигидир. Суюкли Пайғамбаримиз нима деганлар, биласизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Динор қули бахтсиз бўлди…” Эътибор беринг, бахтсизлик саодатнинг тескариси. “Динор қули бахтсиз бўлди…” “Пул жамғар, болам, пул жамғар!”. Фарзанди пул топади, уй сотиб олади, у қилади, бу қилади. Кунлардан бирида тўсатдан  чорраҳада бахтсиз ҳодиса туфайли дунёдан кўз юмади. Ажабланарли томони шундаки, инсон дунёдан кўз юмар экан, Аллоҳ ундан ўтган олтмиш йил давомида ишлаган иши ҳақида эмас, балки мухтасар бир саволни – “Раббинг ким?”, деб сўрайди. Аллоҳ сизнинг қалбингиздами? У қалбингизда Буюк зотмиди? Сиз Уни яхши кўрасизми? Кўпчилик одамларни кўрасизки, ўзида ҳам, фарзандларида ҳам Аллоҳни яхши кўриш хислатини тарбияламайди. Пулни яхши кўради, костюмни яхши кўради, галстукни яхши кўради, кийим-кечакни яхши кўради. Юқоридаги ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Беқасамнинг қули бахтсиз бўлди, духобанинг қули бахтсиз бўлди…, бахтсиз бўлиб, йиқилди, аҳволи баттарлашди. Борди-ю, (баданига) тикан кирса ҳам уни игна билан чиқара олмасин”. Бундай одамлар нотовон, бахтсиз кишилардир.

Бир куни ишга отландим. Иш жойим Риёз шаҳрининг қоқ марказида. Шахсий автомобилимда кетаётиб чорраҳаларда тўхтаган чоғимда теварак атрофдаги одамларни кузатмоқчи бўлдим. Уйим билан ишхонам – Таълим Тарбия Вазирлигигача бўлган масофа бир соатлик йўл. Ҳар томонга аланглаб қарар эканман, биронта ҳам табассум қилган одамни учратмадим. Ҳамманинг чеҳраси хумрайган. Ишхонамдан олдинги чорраҳага етиб борганимда ўзимга ўзим дедим: “Одамларга нима бўлган ўзи, нега барчанинг чеҳраси хумрайган?”. Автомобилнинг қорайтирилган ойнасини тушириб, ён ойнага қарасам, не кўз билан қарайки, ўзим ҳам хумрайган эканман! Ҳамманинг ҳолати танг экан. Ўйлаб қолдим, нега кўпчилик одамларнинг чеҳрасида хотиржамлик, табассум ва қаноат асорати қолмади?

Азизларим, агар айримларимиз қоғоз-қалам олиб, бахтиёр ва хотиржам кунларини ҳисобламоқчи бўлса, Аллоҳга қасамки, олтмиш йиллик умридан ўн кун ҳам чиқара олмаса керак! Ўк кунлик тўлиқ қувончли кун чиқмайди. Бу қандай мусибат?! Айтингчи, биз ким учун яратилганмиз? Кимга қараманг дунёни лаънатлайди, одамлардан арз қилади. Қани айтингчи, дунё ким учун яратилган? Нега дунёдан нолийсиз? Ахир у сиз учун яратилган-ку? Нега унда саодатли бўлишга интилмаяпсиз? Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг ҳаёт саҳифасига бир қаранг. Аллоҳга қасамки, уларнинг саодатли ҳаёт кечирганига гувоҳ бўласиз. Биродарим, улар уч ойдир хурмодан бошқа егуликлари бўлмаса ҳам бахтли эдилар. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина куйлаклари бор эди. Ҳасан ҳадисда келишича, Макка билан Шом ўртасида кийим-кечак савдоси билан тижорат қилувчи бир саҳобий Шомдан куйлаклар олиб келади. Бундан хабардор бўлган Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, биронтани юбориб, сизга икки дона кўйлак сотиб олсак бўлармиди?” “Нимамизга сотиб оламиз?” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Насияга оламиз” – деди Ойша розияллоҳу анҳо.  Яъни, кейинги сафар битта куйлакка икки дирҳам ўрнига уч дирҳамдан берамиз. “Агар бунга кўнса, шундай қилсак бўлади” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Чопар бориб “Расулуллоҳ сиздан насияга кўйлак сотиб олмоқчилар”, деди. Асабийлашманг, мен биламан, сиз унинг жавобидан ранжийсиз. Тижоратчи саҳобий: “Мен фақат нақдга сотаман, насияга сотмайман” – деди. Эътибор қилинг-а, харидор Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунга қарамай қарзга сотмади. “Шу куйлакка сабр қиламиз” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сизу бизнинг шифонерларимиз, кийим-кечак сақланадиган жавонларимиз кийим-кечакка тўлиб кетган, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг эса эгнида биргина куйлагидан бошқаси йўқ, очликдан қоринларига тош боғлаб олар эдилар. Аллоҳга қасамки, агар дунё Аллоҳнинг наздида чивин қанотичалик қадри бўлганида, сизу-биз кийиниб, сизу-бизнинг қорнимиз тўқ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина куйлаги ва қорни оч бўлмаган бўлур эди! Нега шундай? Чунки, Аллоҳнинг наздида дунёнинг чивин қанотичалик қиймати йўқ! Бироқ шунга қарамай, у зот бахтли эдилар. Айтмоқчи бўлганимиз, улар саодатли эдилар. Кечалари йиғлаб намоз ўқишар экан, саодат ҳиссига бурканган эдилар. Ибрат, кўз ёш ва саодат қандай қилиб жамланиши мумкин, дерсиз? Улар кимга муножот қилишарди, биласизми? Улар муножот қилишадиган Зот чинакам иймон келтирган ҳар бир мўминни ҳузурбахш жаннатларга бир киргизишни, узр, балки бир ботириб олишни ваъда қилган. (Аллоҳ барчамизни жаннатга бир ботириб олинадиганлар жумласидан қилсин!) Жаннатга бир ботириб чиқарилгач, мўминга айтилади: “Бирон қийинчилик кўрдингми?”. Дунёдаги барча касалликлар, азоб ва аламлар, ғам-ташвишлар, қийинчилик ва қайғулар жаннатга бир ботириб олиш билан кўрмагандек бўлиб кетади. Шунингдек, банда саодатга эришаман деган мақсадда дунёда тотган ҳар қандай ҳаром лаззатлар жаҳаннамга бир ботириб олиш билан унутилиб юборилади.  Имом Аҳмаднинг ўғли Абдуллоҳ отасидан: “Роҳат қачон келади?” – деб сўраган эди. Аллоҳ таоло аҳли суннат пешвоси имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳни динни сақланиб қолишига сабаб қилди. Халифалар Маъмун ва Мўътасим уламолар, жумладан имом Аҳмадни Қуръон махлуқ деган эътиқодни айтишга мажбурлаган эдилар. Имом Аҳмад халифанинг ҳузурига отланар экан, пойафзали йиртиқ ҳолда эди. Шунда Абдуллоҳ отасининг пойафзалини тузатиш мақсадида унинг оёғига энгашди. “Қўй, тегма!” – деди Имом Аҳмад. Шунда Абдуллоҳ отасининг куйлагини тузатмоқчи бўлиб, қўл чўзган эди: “Қўй, тегма!” – деди отаси яна, – то Раббимизга йўлиққунимизга қадар бундайроқ пойафзал ва бундайроқ куйлак билан ҳам юраверамиз”. Шунда Абдуллоҳ отасидан сўради: “Роҳат қачон келади, отажон?”. “Жаҳаннам кўпригини ортда қолдириб, жаннатга илк қадам босганимизда, ўшанда роҳатни кўрамиз, Абдуллоҳ”, – деди имом Аҳмад.

Аллоҳга қасам, улар бахтли инсонлар эдилар. Айтарлик пойафзал, айтарлик куйлайлари йўқ, уйларида бирон егулик йўқ, бироқ қалблари буткул хотиржам эди! Кўпчилик одамларда мавжуд бўлган безовталик, юқори қон босим, асабийлик, қонда холестерин моддасининг кўплиги, юрак хуружи – буларнинг барчаси сўнгги йиллардаги энг бозоргир хасталикларга айланиб қолди. Биз хотиржам қалбга муҳтожмиз. Азизлар, қасамки, заминдаги барча инсонлар, ҳаттоки кофирлар ҳам бахт-саодатнинг пойидалар. Ҳаттоки, гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар билан тижорат қилувчилар, луттивоз дейсизми, зинокор дейсизми, хуллас ер юзида бирон жонзот йўқки, бахт-саодат истамаса! Ҳар қандай одамдан сўранг, гуноҳ иш қилаётгандан сўранг, “мақсад – бахт-саодат”, дейди. Зинокордан “нега зино қиляпсан?”,  деб сўранг, “бахтли бўлмоқчиман”, дейди, “нега ароқ ичяпсан”, денг, “бахтимни излаяпман”, дейди. Бироқ улар биз юқорида айтиб ўтганимиздек, ғарбда жойлашган Маккага ҳаж қилиш мақсадида эҳром кийим шарққа йўл олган кишига ўхшайдилар. Саодатни ўз жойидан бошқа жойдан қидирадилар. Мўмин бандага эса саодатнинг ўрни маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Аллоҳга боғланиш ва Уни яхши кўриш дастурини бердилар. Шу боис, саҳобалар дастлаб мусулмон бўлишлари биланоқ қалбларидаги ҳар қандай нарсага бўлган муҳаббатни: бут-санамлар, ароқ, зино, ўч олишга бўлган муҳаббат, хуллас қадимда арабларда мавжуд бўлган барча ёмон хулқларни чиқариб ташлаб, ўрнига ёлғиз Аллоҳга бўлган муҳаббатни киргиздилар. Демак, Аллоҳга бўлган муҳаббат саодат сабабларидан биринчисидир.

Келинг, азизлар, қалбларимизни бир текшириб кўрайлик. Қасамки, айримларимиз пулни: доллар ва еврони Аллоҳдан кўпроқ яхши кўришади. Баъзиларимиз эса хотинини Аллоҳдан кўра кўпроқ яхши кўради. Кимлардир фарзандини Аллоҳдан кўпроқ яхши кўради. Биз гоҳо фарзандларимизни Аллоҳдан ҳам кўпроқ яхши кўришимизга бир мисол: биз уларни Аллоҳга осийлик қилаётганларини кўра-била туриб койимаймиз, уларнинг кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқамиз. Бугун кўнглини оғритиш, дилига озор беришдан қўрққан ўғлингиздан қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида соғ қолмайсиз. Қанчадан-қанча фарзандлар борки, қиёматда отасининг бўйнига осиладилар. Шундай қилиб, баъзан Аллоҳни яхши кўрамизу, бироқ унинг ёнида ундан устун бўлган бошқа муҳаббатлар бўлади. Айримларимиз футбол ўйини, телевизорда ўйин томоша қилишни Аллоҳга бўлган муҳаббатидан устун қўядилар. Қўлимизда пульт телевизор қаршисида ўтириб оламиз. Намоз вақти киради, “Намозга келинглар”, ундан сўнг “намоз бошланди”, ва ниҳоят “Аллоҳу акбар” нидолари янграйди! Биз ёшлар бўлсак ўтираверамиз. Биз учун муҳимроғи – ўйин натижаси. Баъзан намоз вақти чиққунга қадар ўрнимиздан қимирламаймиз. Гоҳида бомдод намозини ўқиш учун уйқудан уйғониб, қай йўсинда намоз ўқиганимизни ҳам билмаймиз. Ўз истак-хоҳишига кўра намоз ўқиган бу йигит Аллоҳни яхши кўришини даъво қилади. Хўш, нега бу инсон бир маротаба ҳам ишдан кеч қолмайди. Ишига ўз вақтида боради. Ишхонадагилар унинг бир бор бўлсада ишга кечикиб келганини кўрмаганлар. Бошлиқ ундан рози. Ҳолбуки, уни ҳам, унинг бошлиғини ҳам яратган зот Аллоҳ ундан дарғазаб!

(Давоми бор)

Шайх Саъд Ал-Атийқнинг “Саодат сабаблари” маърузасидан таржима қилинди.

Изоҳ қолдиринг