Нуҳ алайҳиссаломнинг кема ясаши (7)

0

Нуҳ алайҳиссаломнинг кема ясаши

Нуҳга ваҳий қилинди: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди” [Ҳуд:36]. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қавмининг ёмон муомаласидан юпатмоқда. “Шундай экан,  уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин” [Ҳуд: 36]. Бу Нуҳ алайҳиссаломга қавмидан иймон келтирганларидан бошқа бирон кимса иймон келтирмаслигини билдириб, уни сабр-матонатли бўлишга даъват қилишдир. Гуёки: “Бўлиб ўтган ишлар сизни ғам-ташвишга қўймасин. Албатта, ғалаба яқин, келажакдаги хабарлар эса бунданда ажойиб ва ғаройибдир” – дейилмоқчи.

Бизнинг ҳифзи-ҳимоямиз ва ваҳйимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб – илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар” [Ҳуд:37]. Бундай бўлишининг боиси, Нуҳ алайҳиссалом қавмининг ўнгланиши ва нажот топишидан умиди узилди, уларда бирон яхшилик йўқ эканига ишонч ҳосил қилди. Зеро, унинг қавми турли гап-сўз ва хатти-ҳаракатлар билан Нуҳ алайҳиссаломга азият бериш, қарши чиқиш ва уни ёлғончи дейишга йўл қидиришгач, Нуҳ алайҳиссалом уларни дуойибад қилиб Аллоҳга юзланди. Аллоҳ таоло Нуҳнинг дуосини ижобат қилиб, унинг талабини қондирди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Биз нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз. Биз унга ва унинг оиласи (ва издошлари)га улкан офатдан (яъни ғарқ бўлишдан) нажот бердик” [Соффат: 75-76], “Нуҳни (эсланг): Ўшанда у (мазкур пайғамбарлар давридан) илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзи, оиласи (ва издошлари)ни улкан офатдан қутқардик” [Анбиё: 76], “(Шунда Нуҳ) айтди:  “Парвардигорим,  қавмим мени ёлғончи қилдилар. Энди Сен Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин” [Шуаро:117-118], “Шунда у Парвардигорига:  “Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман.  Ўзинг ёрдам қилгин”, деб дуо-илтижо қилган эди” [Қамар: 10], “(Нуҳ) айтди:  “Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)” [Мўъминун: 26], “Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар.  Бас,  ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар). Нуҳ айтди: “Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар” [Нуҳ: 25-27].

Шундай қилиб, Нуҳ қавми куфр ва фисқ-фужурдан иборат хато ишларни содир этиши етмагандек,  уларни пайғамбарлари  ҳам дуойибад қилди. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни кема ясашга буюрди. У шундай улкан кема эдики, ундан илгари унга ўхшаши бўлмаган ва ундан кейин ҳам бўлмайди[1].

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни олдиндан огоҳлантириб, унга қавмининг ҳалок қилиниши тўғрисидаги фармони келса ва уларнинг бошига жиноятчи қавмдан қайтарилмайдиган азоби тушса, қавмига раҳм қилишни сўраб Унга мурожаат қилмасликни талаб қилди. Сабаби, Нуҳ алайҳиссалом қавми бошига тушган азобни кўрса, эҳтимол кўнгли юмшаши мумкин эди. Чунки эшитиш бошқа, кўриш бошқадир. Шу боис Аллоҳ таоло деди: “Золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин.  Улар шак-шубҳасиз,  ғарқ қилингувчидирлар”  [Ҳуд: 37].

У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар” [Ҳуд: 38]. Яъни, Нуҳ алайҳиссалом қавми у хабар берган таҳдидлар рўй беришини мутлақ эҳтимолдан йироқ ҳисоблашиб, уни масхара қилдилар. “У деди: “Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар,  бас,  худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз” [Ҳуд: 37]; Яъни, аксинча, сизларга Аллоҳ таолонинг азоб-уқубати тушишини тақозо қилувчи куфр ва қайсарлигингизда давом этганингиз боис биз сизни масхара қилурмиз;  “Бас,  яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келиши ва кимнинг устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз”  [Ҳуд: 39].

Дарҳақиқат, уларнинг дунёдаги феъл-атворлари даҳшатли куфр ва ўта кетган қайсарликдан иборат эди. Шунингдек, улар охиратда ҳам мана шундай бўладилар. Улар охиратда уларга бирон огоҳлантирувчи пайғамбар келганини инкор этадилар. Бухорий[2] Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “(Қиёмат куни) Нуҳ алайҳиссалом ва унинг уммати келадилар. Аллоҳ таоло Нуҳдан: “(Рисолатни умматингга) еткиздингми?” – деб сўрайди. “Ҳа, эй Раббим” – дейди у. Аллоҳ таоло унинг умматидан: “Нуҳ сизларга еткиздими?” – деб сўрайди. Шунда улар: “Йўқ, бизга бирон пайғамбар келгани йўқ” – дейдилар. Аллоҳ таоло Нуҳга: “Ким сенга гувоҳлик беради?” – дейди. Шунда Нуҳ: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг уммати” – дейди. Ана ўшанда бизлар Нуҳнинг еткизганлигига гувоҳлик берамиз. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида айтилмоқда: Шунингдек, (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик”  [Бақара: 143].

Бу уммат “содиқул масдуқ” (яъни, ростгўй ва Аллоҳ ва одамлар томонидан тасдиқланган) бўлмиш пайғамбарининг гувоҳлиги устига гувоҳлик беради. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборгани, унга ҳақни тушириб, унга амал қилишга буюргани, Нуҳ умматига ҳақни тўла ва мукаммал равишда еткизгани, уларга динларида манфаат келтирадиган бирон нарса бўлса, албатта уларни шунга буюргани ва уларга зиён еткизадиган бирон нарса бўлса, албатта уларни бундан қайтариб, огоҳлантирганига гувоҳлик бердилар.  Барча пайғамбарларнинг ҳолати ҳам шундай бўлган эди.

Ҳаттоки, Нуҳ алайҳиссалом гарчи замонасида Дажжолни чиқишини тахмин қилмасада, умматига раҳм-шафқат қилиб, уларни эҳтиёт қилганидан Дажжолдан  огоҳлантирди. Бухорий[3] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида нутқ қилдилар. Аллоҳ таолога Ўзига лойиқ ҳамду санолар айтгач, Дажжолни зикр қилиб шундай дедилар: “Мен сизларни Дажжолдан огоҳлантираман. Ҳар бир пайғамбар қавмини Дажжолдан огоҳлантирганлар. Дарҳақиқат, Нуҳ ҳам қавмини ундан огоҳлантирган.  Бироқ, мен сизларга Дажжол тўғрисида бирон бир пайғамбар қавмига айтмаган сўзни айтаман: сизлар унинг бир кўзли экани (яъни, бир кўзининг ўрни текис тери билан қоплангани)ни кўрурсизлар. Аллоҳ таоло эса бир кўзли эмас”.

Ушбу ҳадис “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизларга Дажжол тўғрисида бирон бир пайғамбар қавмига айтиб бермаган  гапни айтиб берайми? Албатта, у бир кўзлидир. У ўзи билан бирга жаннат ва дўзахга ўхшаш нарсаларни олиб келади. Дажжол уни жаннат дея атаган нарсаси аслида дўзахдир. Албатта, мен худди Нуҳ алайҳиссалом қавмини Дажжолдан огоҳлантиргани каби сизларни ҳам ундан огоҳлантираман” (Бухорий лафзи)[4].

Айрим салаф уламоларининг айтишича, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом дуосини мустажоб қилгач, ундан кема ясашлиги учун дарахт экишга буюради. Нуҳ алайҳиссалом дарахт экади ва дарахтлар ўсиб-ўлғайгач, уларни йўниб кема ясайди.

Барча уламоларнинг айтишича, бу кеманинг баландлиги ўттиз зироъ[5] (газ)дан иборат бўлган. Кема уч қаватли бўлиб, ҳар бир қават беш зироъ баландликда бўлган. Пастки қаватда хонаки ва ёввойи ҳайвонлар, ўрта қаватда одамлар ва устки қаватда паррандалар жойлашган. Кеманинг эшиги унинг энида жойлашган бўлиб, кема устида уни қоплаб турадиган ёпинчиғи бўлган.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Нуҳ) айтди: “Парвардигорим,  улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)”. Шунда Биз унга ваҳий қилдик: “Бизнинг ҳифзу-ҳимоямизда ва ваҳйимиз билан бир кема ясагин”  [Мўъминун: 26-27];  яъни, Бизнинг сенга берган фармонимиз билан ва кемани тўғри ясашинг учун сенга керакли кўрсатмалар бериб туришимиз учун Бизнинг кўз ўнгимизда кемани ясагин.

[1] Сабаби, бу кема пайғамбар мўъжизаси бўлган эди.

[2] 3339-ҳадис.

[3]  Бухорий (3337) ва Муслим (1/154-156/169, 4/ 2247/ 169-ҳадисларда шунга ўхшаш) ривоят қилишган.

[4] Бухорий (3338) ва Муслим (2936) ривоят қилишган.

[5] Узунлик ўлчови: 1 зироъ 64 сантметрга тенг келади.

Изоҳ қолдиринг