Имом иқомат якунланмасдан намозни бошлаши тўғрими?

0

Савол:

Баъзи имомлар муаззин “қод қоматис-солаҳ”, деган сўзни айтиши билан намозни бошлаб юборади, бунга бирон далил борми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муҳалло” китобида бу ҳақда шундай деган: “Имом то намозхонларнинг барчаси ёки аксари саф тортиб турмагунча намозни бошламагани мустаҳаб деб санаймиз. Имом намозхонлар саф тортиб турмасдан олдин намозни бошласа, намози дуруст, бироқ суннатга хилоф иш тутган бўлади.  Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Муаззин “қод қоматиссолаҳ”, деса имом намозни бошлайди”. Иброҳим Нахаийдан “Имом такбир айтилишидан олдин ҳам намозни бошласа бўлади”, деган сўзи ривоят қилинган” [“Муҳалло”, 3/31].

Ушбу фикр эгалари Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилишган. У киши айтади: “Билол розияллоҳу анҳу “қод қоматиссолаҳ” деса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, намозга қулоқ қоқар эдилар[1].

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ мазкур фикрларнинг нотўғри экани, имом то намозхонларнинг барчаси ёки аксари саф тортгунга қадар кутиб туриши кераклигини айтиб, ўз фикрини тасдиқлаш учун Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар такбирдан сўнг то намозхонлар саф тортиб тургунча кутишларини далил қилган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом такбиратул эҳромни айтса, сизлар ҳам унинг ортидан такбиратул эҳромни айтинглар[2] деганлар. Мазкур ҳадис Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг фикри тўғри эканига далолат қилади. Зеро, имом иқомат якунланмасдан олдин намозни бошласа, иқомат айтган инсон ҳадисда буюрилганидек имомнинг ортидан такбир айтмаган бўлади ва бу мазкур ҳадисга зиддир.

Имом намозни иқомат тўлиқ айтилгандан сўнг бошлаши мустаҳаблиги Имом Молик, Имом Шофеий, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийларнинг фикридир, валлоҳу аълам.

[1] Имом Баззор “Муснад” да, (8/298), Табароний “Мўъжамул кабир”да, (7/305) ва Байҳақий “Сунанул кубро”да (2/22) ривоят қилишган. Ушбу ҳадиснинг санади заиф. Чунки санадда Ҳажжож ибн Фаррух номли ровий бўлиб, Имом Дороқутний у ҳақда “матрук” деган.

[2] Бухорий: 805 ва Муслим: 414.

Изоҳ қолдиринг