Никоҳдан олдин бўлажак қаллиқ билан телефон орқали суҳбатлашиш жоизми?

0

Савол:

Ўғил бола уйланмоқчи бўлган қизи билан смсда ёки телефонда ҳол-аҳвол сўрашиб, қизни дин ҳақида хабари бўлмаса, ўғил бола унга ўргатиб турса бўладими ёки бу нарса динимизда тақиқланганми?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин!

Аввало, бу икки ёшга имкон қадар энг яқин фурсатда шаръий никоҳ ўқитиб, бир-бирларига ҳалол эр-хотин бўлиб олишларини  маслаҳат берамиз. Чунки мусулмон киши ор-номуси, иффати, покизалиги, сатри аврат ва ҳаромдан сақланишга шошилиши матлубдир. Бундан ташқари шайтон уларни адаштириб, нохуш ҳолатлар содир бўлмаслиги ва келажакдаги оилавий ҳаётларига путур етмаслиги учун ҳам никоҳ зарурдир.

Йигит  уйланмоқчи бўлган қизига совчи қўйиб, ўзаро келишилган бўлса-да, модомики шаръий никоҳ ўқилмаган бўлса, шарият ҳукмига кўра, улар бир-бирларига бегона ҳисобланадилар. Шунинг учун уларнинг гаплашишлари, холи қолишлари ёки ўзаро телефон орқали хат юборишлари жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло никоҳни эркак ва аёл ўртасидаги шаръий ва ношаръий алоқалар ўртасини ажратувчи чегара қилиб қўйган. Мусулмонлар Аллоҳ белгилаган чегараларни бузмасликлари ҳамда нафснинг ҳавойи хоҳиш-истакларига йўл очмасликлари лозим. Акс ҳолда, одоб-ахлоқ қоидалари бузилиб, алоқа чегаралари абгорлашади. Бу ўз навбатида одамлар орасида фитна-фасод ва келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Ҳаётимизда кўп маротаба бунинг гувоҳи бўлганмиз. Шунинг учун ҳар бир мусулмон шариятимиз белгилаб қўйган чегарада турмоғи ва ўз масъулиятини ҳис қилмоғи зарур. Бўлажак қайлиғингизни дин ёки оилавий масалалари тўғрисида хабардор қилмоқчи бўлсангиз, қизнинг маҳрамлари орқали ўргатишингиз ҳам мумкин. Мана шу фитна ва шубҳадан холи бўлган саломат йўлдир, валлоҳу аълам.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг