Жума куни рўза тутса бўладими?

0

Савол:

Жума куни қазо рўзаларни тутса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Шариатимизда бошқа кунлар қолиб, айнан жума куни рўза тутишдан қайтарилган. Агар ундан бир кун олдин, яъни пайшанба куни ёки ундан бир кун кейин, яъни шанба куни ҳам рўза тутилса, унда жума куни рўза тутиш жоиздир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни рўза тутиш ҳақида шундай деганлар: “Бошқа кунлар қолиб, айнан жума куни кечаси қиёмул лайл ўқиманглар. Бошқа кунлар қолиб, айнан жума куни рўза тутманглар. Бироқ бирортангиз тутиб келаётган рўзаси жума кунига тўғри келса бундан мустасно” (Муслим ривояти, 1930-ҳадис).

Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у киши жума куни рўза тутганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига кирганларида ундан сўрадилар:

– “Кеча рўза тутганмидинг?

– Йўқ, – жавоб берди Жувайрия.

– Эртага рўза тутасанми?

– Йўқ.

– Унда рўзангни оч” (Бухорий ривояти, 1850-ҳадис).

Мазкур ҳадисларга биноан бошқа кунлар қолиб, айнан жума куни рўза тутиш макруҳ саналади. Бироқ олдиндан тутиб келинаётган қазо рўзаси жума кунига тўғри келиб қолса, унда зиёни йўқ, тутилаверади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг