Тилладан қанча закот берилади?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Бир танишимнинг 150 гр тилласи бор эди ва бир йил айланган. Шундан қанча грамм закот берилади ва шу тилланинг пули берилса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Олтин нисоби 20 динор, яъни тақрибан 85 грам соф тилладир. Агар олтин мазкур миқдорга етиб, орадан бир йил ўтса, унинг қирқдан бири, яъни ярим динор (2.125 гр) закот бериш вожиб бўлади. Бу миқдордан ошганига ҳам қирқдан бир миқдорида, яъни 2,5 % закот берилади. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айтадилар: “Агар сенинг икки юз дирҳам (кумуш)инг бўлиб, устидан ҳавл айланса, ундан беш дирҳам закот берасан. Олтинларинг то йигирма динорга етмагунча сенга улардан закот вожиб бўлмайди.  Агар йигирма динор (олтин)инг бўлиб, устидан ҳавл айланса, у ҳолда улардан ярим динор закот берасан[1].

Олтин ёки кумуш миқдорини ҳисоблашда улар иккисига аралашган бошқа метал ёки қимматбаҳо тошлар чиқариб ташлангандан кейинги соф ҳолати назарда тутилади. Бу ўринда улар иккисининг танга, ёмб, руда кўринишида бўлиши, шунингдек, тижорат қилиш, зеб-зийнат сифатида фойдаланиш ёки бойлик жамғариш мақсадидаги  тақинчоқлар кўринишида бўлишининг фарқи йўқ. Негаки, олтин ва кумушдан закот бериш вожиблигини кўрсатувчи далиллар улар иккисининг муайян кўринишда бўлишини чекламаган. Шунингдек, олтиннинг закотини беришда унинг 2,5 фоизи ёки унинг миқдорича пул берилиши ҳам мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, танишингиз 3,75 гр олтин ёки унинг қийматича маблағ закот бериши вожибдир, валлоҳу аълам.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (1572, 1574), Термизий (620), Насоий (5/37) ва Ибн Можа (1790) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг