Жангнинг тугаши: кофирларнинг исломни қабул қилиши

0

Жангнинг тугаши

Жанг қуйидаги ишлардан бири билан ниҳоясига етади:

  1. Кофирларнинг исломни қабул қилиши:

Кофирларнинг исломни қабул қилиши шаҳодатни нутқ қилиш ёки шаҳодатни нутқ қилишга қўшимча ўз динларидан воз кечишлари билан амалга ошади. Бунга қуйидагилар далолат қилади:

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен одамлар то “Ла илаҳа иллаллоҳ” (яъни “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”) деб айтмагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Агар улар бу калимани айтсалар, ўшанда жон ва мол-мулкларини мендан асраб қоладилар. Шунда ҳам бу калима ҳаққи – талаби сабаб уларнинг жон ва мол-мулкига аралашиш бундан мустасно бўлиб, уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг зиммасидадир[1].

  2. Абу Молик отасидан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларга кофир бўлса, унинг мол-мулки ва жонига тажовуз қилиш ҳаром бўлади ва унинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг зиммасидадир[2].

Агар кофир “мен мусулмонман” ёки “Аллоҳга таслим бўлдим – бўйсундим”, деса-ю, ҳануз шаҳодат келтирмаган бўлса, унинг сўзи қабул қилиниб, мусулмон деб ҳукм қилинади. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бунга далилдир. Мазкур ҳадисда Миқдод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрайди: “Эй Расулуллоҳ, айтингчи, мен бир кофирга дуч келсам-у, у мен билан жанг қилса, қиличи билан қўлимга уриб, қўлимни кесиб ташласа, сўнг ортидан борганимда бир дарахтга тирмашиб чиқиб олиб: “Мен Аллоҳга таслим бўлдим”, деса, шу гапни айтгандан кейин ҳам унга қарши жанг қилаверайми ёки йўқми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ўлдирмагин” – дедилар[3].

Агар ота-она ёки улардан бири исломни қабул қилса, уларнинг фарзандларига мусулмон деб ҳукм қилинади. Негаки, дин масаласида фарзандлар ота-онадан мусулмон бўлганига тобе бўладилар. Шунингдек, уламоларнинг фикрича, асир тушган кофирлар ичида ёш болалар бўлса, ислом диёрига тобе қилинган ҳолда уларга мусулмон деб ҳукм қилинади.

[1] Бухорий (1400, 7285), Муслим (20, 21), Абу Довуд (1556), Термизий (2606) ва Ибн Можа (71) ривоят қилишган. Шунингдек, шу маънодаги ҳадисни Бухорий (25) ва Муслим (22) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

[2] Муслим (23) ва Аҳмад (3/ 472) ривоят қилишган.

[3] Бухорий (4019, 6865), Муслим (95) ва Абу Довуд (2644) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг