Костюм-шим кийиш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Бизга маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларга ўхшашликдан қайтарганлар. Шунга биноан, костюм-шим кийишнинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Кийим авратларни тўсиш, иссиқ-совуқдан сақланиш ёки урушларда танани ҳимоя қилиш учун Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматларидан биридир. Шариатимизда мусулмон киши хоҳлаган кийимини кийиши мумкин. Кийимларнинг мусулмонлар ёки кофирлар тарафидан ишлаб чиқарилганининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки мусулмонларнинг ўзларига хос кийимлари бўлмаган. Бунга далил: саҳобалар исломни қабул қилганларидан сўнг алоҳида мусулмонларга хос кийим кийишмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яман ва Шом диёридан келтирилган яктакларни кийганлар. Маълумки, ўша вақтда Яман ва Шом аҳолиси мусулмон бўлишмаган. Бироқ баъзи кийимларнинг мусулмон кишига ёки эркак ё аёл жинсидан бирига ҳаром экани тўғрисида ҳадислар келган. Жумладан:

1) Эркакларнинг ипакдан тўқилган кийим кийишлари: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Булар (яъни ипак ва тилла) умматимнинг эркакларига ҳаром, аёлларига ҳалолдир” – деганлар (Ибн Можа (3640) ривояти).

2) Эркаклар аёлларнинг ёки аёллар эркакларнинг кийимларини кийиши: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини аёлларга ўхшатган эркакларни ҳамда ўзларини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатлаганлар (Бухорий (5546) ривояти).

3) Кофирларнинг кийимларини кийиш: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо “муасфар” (яъни қизилга бўялган) кийим кийганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Булар кофирларнинг кийими, буларни кийма” – деганлар (Муслим (2077) ривояти).

Кийим кийиш ва бошқа ишларда кофирларга ўхшаш деганда кофирларга хос нарсалар назарда тутилади. Бу ҳақда Илмий Изланишлар ва Фатво Доимий Қўмитасининг фатвосида шундай дейилган:

“Кофирларга ўхшашдан қайтаришдан уларга хос бўлган одатлар ҳамда уларнинг бидъат динларига оид эътиқод ва ибодатлар назарда тутилган…

Костюм-шим ва шу каби кийимларни кийишга келсак, кийим масаласида аслида ҳар қандай кийим жоиздир. Чунки кийим одатлардан саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Айтинг: “Аллоҳнинг бандалари учун яратган зийнатларини ва пок ризқларни ким ҳаром қилади?!”” (Аъроф: 32). Бироқ шаръий далил ҳаром ёки макруҳлигини кўрсатган кийимлар, масалан, эркакларнинг ипак кийиши ёки кийимнинг бадан кўриниб турадиган даражада шаффоф бўлиши ёки авратни билдириб турадиган даражада тор бўлиши бундан мустаснодир. Негаки, бу ҳолатларда аврат очилиб қолгандек бўлади, авратни очиш эса жоиз эмасдир. Шунингдек, кофирларга хос кийимларни кийиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларга ўхшашдан қайтарганлар. Эркаклар аёлларнинг, аёллар эса эркакларнинг кийимларини кийишлари ҳам мумкин эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркаклар ўзларини аёлларга, аёллар эса ўзларини эркакларга ўхшатишларидан қайтарганлар…” (Илмий Изланишлар ва Фатво Доимий Қўмитасининг фатволари 1/3/429-430 (4566-фатво)).

Шунга биноан костюм-шим кийиш одат тусига айланган жамиятларда, масалан, Ўзбекистон, Россия, Туркия ҳамда Миср каби давлатларда костюм-шим кийиш шаръан жоиз ва кофирларга ўхшаш саналмайди. Бироқ костюм-шим кийиш одат тусига айланмаган жамиятларда, масалан, Саудия Арабистони каби юртларда костюм-шим киймаган афзал, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг