Сийрат: Араб Ярим Оролидаги маданиятлар

0

Араб ярим оролида бир қанча қадимий маданиятлар ҳукм сурган. Биз қуйида шуларнинг энг машҳурларини айтиб ўтамиз:

  • Ямандаги Сабаъ маданияти

Сабаъ диёри чўл жойда жойлашгани сабабли у ерга ёққан ёмғирлар сел бўлиб оқиб кетар эди. Сабаъ аҳолиси ривожланган муҳандислик услублари билан сув омборлари ва тўғонлар бино қилишади ва бу сувлар ёрдамида турли хил экинлар, мевали ва манзарали боғлар барпо қилишади. Бу тўғонларнинг энг машҳури Маъраб тўғонидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Сабаъ маданияти ҳақида бизга хабар бериб шундай дейди: “Сабаъ қабиласининг турар жойлари улар учун бир мўъжиза эди: уларнинг ўнг томони ҳам, чап томони ҳам боғу роғ эди. Биз уларга: “Раббингиз берган ризқдан баҳраманд бўлинглар ва унга шукр қилинглар. Сизларнинг бу шаҳарларингиз покиза, сизларга бу неъматларни ато этган Аллоҳ мағфирати кенг Рабдир” – деб айтган эдик. Улар Аллоҳга шукр қилишдан бош тортдилар ва биз уларга тўғон селини юбордик (яъни тўғонни очиб юбордик ва у ерда йиғилган сув сел бўлиб, бутун қабилани ғарқ қилди). Биз уларнинг (ўнг ва чап тарафларидаги) икки боғларини тахир мевали ва тиканли дарахтли, юлғунзорли, яккам-дуккам бутазорли “боқ”қа алмаштириб қўйдик. Улар кофир бўлганлари сабабли биз уларни мана шу тариқа жазоладик. Биз фақат кофирларга (мана шундай) жазо берамиз” (Сабаъ: 15-17).

Қуръони Каримда қадимда Яман, Ҳижоз  ва Шом диёрлари ўртасида ҳам қишлоқлар бўлгани, Ямандан Шомга тижорат учун чиққан карвонлар  йўл давомида озиқ-овқат, сув ва соялардан баҳраманд бўлишганига ишора қилиб ўтилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар билан Биз баракотли қилган қишлоқлар орасида бир-бирига яқин бошқа қишлоқлар ҳам қилиб, улар ўртасидаги масофаларни аниқ қилиб қўйган эдик. Биз уларга: “Бу қишлоқлар орасида кечаю кундуз хотиржам сафар қилаверинглар” – деган эдик” (Сабаъ: 18).

  • Аҳқофдаги Од маданияти

Од қабиласи Ҳазрамавтнинг шимолида яшар эди. Аллоҳ таоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Уларнинг уйлари мустаҳкам, диёрлари боғу роғли, булоғлари, экин-текинлари мўл-кўл эди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Од қабиласи ҳам пайғамбарларга ишонмадилар. Ўша вақтда уларга ўз биродарлари Ҳуд шундай деган эди: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Ахир, мен сизларга (Аллоҳ тарафидан юборилган) ишончли пайғамбарман. Шундай экан, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. Мен бу даъватим учун сизлардан ҳеч қандай иш ҳақи сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим оламлар Раббисининг зиммасидадир. Ўйин-кулгу қилиб ҳар бир тепаликка иморатлар қурасизларми?! Худди абадий яшайдигандек қасрлар қурасизлар?! Агар жазоласангизлар, бераҳмларча жазолайсизлар. Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинглар. Ўзингиз билган бу яхшиликларни сизларга инъом этган зотдан тақво қилинглар. У сизларга чорва ҳайвонлари, фарзандлар, боғу роғлар ҳамда булоқларни инъом этди”” (Шуаро: 123-134).

  • Ҳижоздаги Самуд маданияти

Қуръони Каримда Ҳижрда Самуд қабиласи яшаб ўтгани ҳам айтиб ўтилади. Уларга Аллоҳ таоло шундай куч-қувват ато этган эдики, улар тоғда тошларни ўйиб, ўзларига уй қилар эдилар. Уларнинг диёрларида булоғлар, боғлар, экин-текинлар бўлган. Улар ҳақида Парвардигори олам шундай дейди: “Самуд қабиласи ҳам пайғамбарларга ишонмадилар. Ўша вақтда уларга ўз биродарлари Солиҳ шундай деган эди: “Ахир, мен сизларга (Аллоҳ тарафидан юборилган) ишончли пайғамбарман. Шундай экан, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. Мен бу даъватим учун сизлардан ҳеч қандай иш ҳақи сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим оламлар Раббисининг зиммасидадир. Сизлар бу дунёда боғу роғлар, булоқлар, экинзорлар, новдалари мулойим хурмолар ичида мангу яшамайсизлар-ку?! Тоғлардан моҳирона уйлар қурмоқдасизлар. Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинглар”” (Шуаро: 141-150).

Бошқа бир оятда Солиҳ алайҳиссалом уларга шундай дегани айтилади: “Аллоҳ сизларни Од қабиласидан кейин ўринбосар қилганини ва ерда масканлар ато этганини эсланглар. Энди сизлар текисликлардан қасрлар қуриб, тоғларни йўниб ўзингизга уй қилмоқдасизлар. Сизлар Аллоҳнинг неъматларини эсланглар ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар” (Аъроф: 74).

Лекин бу қабилалар Аллоҳ таолонинг берган неъматларига нонкўрлик қилиб, У зотнинг пайғамбарларига иймон келтирмаганлари учун Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлдилар. Натижада уларнинг қишлоқлари, маданиятлари, қурган қасрлари-ю, боғу бўстонларидан асар ҳам қолмади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг