Шом намозининг вақти

0

Шом намозининг вақти

Қуёш ботиши билан шом намозининг вақти бошланади. Рожиҳ фикрга кўра, шом намозининг вақти то уфқдаги қизил шафақ ғойиб бўлгунга қадар давом этади. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Шом намози қуёш ботиши билан бошланиб, то (қизил) шафақ ғойиб бўлгунча давом этади”[1].

Аммо собиқ мақолаларимизда келтирилган Жаброил алайҳиссалом ҳадисида Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ва иккинчи кун ҳам шом намозини бир вақтда – қуёш ботганида ўқиганларига келсак, бу ҳақда Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлари шом намозини вақтнинг аввалида ўқиш мустаҳаблигига далолат қилади”[2].

Қолаверса, шом намозини вақтнинг аввалида ўқиш мустаҳаблиги бошқа ҳадисларда ҳам очиқча айтилган, жумладан:

  1. Рофеъ ибн Хадеж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шом намозини ўқиб қайтар эканмиз, қоронғулик даражаси – биримиз камонидан ўқ узса, ўқ тушган жойни кўра оладиган даражада бўлар эди”[3].

  2. Атийя ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Умматим модомики шом намозини осмонда юлдузлар қуюқлашиб қолгунга қадар кечиктирмас эканлар, яхшиликда ёхуд фитратда бўладилар”[4].

[1] Муслим (628), Термизий (179), Ибн Можа (686) ва Аҳмад (1/ 403) ривоят қилишган.
[2] Иқтибос “Найлул автор”дан (1/388) нақл қилинди. Қаранг: “Ал-мажмуъ” (3/31).
[3] Бухорий (559), Муслим (637), Абу Довуд (416) ва Ибн Можа (687) ривоят қилишган.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (418), Аҳмад (4/174) ва Байҳақий (1/380) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг