Қарз сўраганга товар берган киши ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Домла бир саволим бор эди. Бир акамиздан қарз сўраган эдим, у киши ҳозир нақд пулим йўқ, лекин товар бор, олиб сотиб, пулини ишлатинг, деди. Товарни 15 сўмдан олиб, 14 сўмдан сотиб, пулини ишлатиб, маълум вақтдан кейин товарнинг пулини 15 сўмдан бердим. Бу ишимизда рибо хавфи борми, йўқми? Жавоб учун олдиндан ташаккур.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Қарз бериш шариатимизда мақталган ишлардан саналади. Ҳатто Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фойда талаб қилмай қарз беришни Аллоҳга қарз бериш деб атаган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким Аллоҳга чиройли тарзда (яъни қўшимча фойда талаб қилмай) қарз беради, Аллоҳ унга қарзини бир неча маротаба зиёда қилиб беради?” (Бақара: 245). Қолаверса, қарз бериш билан мўмин киши ўзининг мўмин биродарининг ҳожати ўталишига сабабчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Банда биродарининг ҳожатини ўтар экан, Аллоҳ унинг ҳожатини ўтайди” (Муслим (2699) ривояти). Шунингдек, қарз олган киши қарзни чўзиб юрмай, имкон бўлиши билан қайтариши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қарзни қайтаришга қодир киши уни ўз вақтида бермаслиги зулмдир” – деганлар (Бухорий (2287) ривояти).

Саволда сўралган савдо тури қарз эмас товарни насияга сотиб олиш деб эътиборга олинади. Товарни насияга сотиб олиш эса шариатда жоиз саналган савдо турларидан биридир. Шунга биноан, саволда айтилган савдо турига ҳеч қандай рибо аралашмаган. Товарни олинган нархидан арзонга сотилишининг зарари йўқ. Чунки товарнинг нақдга бериладиган нархи билан насияга бериладиган нархи бир-биридан фарқ қилиши табиий. Қолаверса, зарурат юзасидан сотаётган киши товарни бозордаги нархидан кўра арзонроқ сотади, бу ҳаммамизга маълум. Демак, саволда сўралган савдо кўриниши шариатга мувофиқ бўлган, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг