Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари

0

Жаҳмийларнинг эътиқод масаласида бир қанча хато фикрлари бор. Уларнинг барчасини бир мақолада ёритиш имконсиз, албатта. Лекин бугунги мақоламизда уларнинг бузуқ эътиқодларининг энг асосийларини қисқача айтиб ўтамиз:

Иймоннинг моҳияти масаласидаги хатолари: жаҳмийлар Аллоҳ таолога иймон келтириш – фақат У зотни танишдан иборатдир, дейишади. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига Ўз зоти билан яқин туради, деб эътиқод қилишади.

Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласидаги хатолари: жаҳмийлар Аллоҳ таолонинг барча исм ва сифатларини инкор қилишади. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг барча исм ва сифатлари мажозий маънодаги исм ва сифатлар бўлиб, ҳақиқий маънодаги исм ва сифатлар эмас. Шунингдек, Қуръони Каримни ҳам Аллоҳ таолонинг каломи – сўзи эмас, балки У зотнинг мақсадини ифодалаш учун яратилган сўзлар, деб эътиқод қилишади.

Қазо ва қадар масаласида: улар бандалар ўз ишларини ихтиёрий равишда қилишларини инкор қиладилар. Шунингдек, жаҳмийларга кўра, мўмин киши ҳар қанча гуноҳ иш қилса ҳам бу унинг иймонига путур етказмайди ва у дўзахга ҳам кирмайди.

Қиёмат куни ҳақида: жаҳмийлар қиёмат кунида бўладиган бир неча ишлар, жумладан, сирот кўприги, мезон, Аллоҳ таолони кўриш, қабр азоби каби ишларга иймон келтиришмайди, жаннат ва дўзахнинг абадий эканига ҳам ишонишмайди.

Абулҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, жаҳмийлардан фақат Жаҳм ибн Сафвон жаннат ва дўзахни абадий эмас, деган. Уламолар жаҳмийларнинг барча бузуқ эътиқодларига раддия берганлар. Биз келгусида жаҳмийларнинг асосий бузуқ эътиқодларини батафсил ёритишга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг