Олтинчи қоида: оила назорати ва фарзандларга яқин бўлиш (2)

0

Оила йўналишини белгилаш ва назорат қилиш

Дарҳақиқат, биз ота-оналар оила йўналишини белгилаш ва назорат қилишга катта эътибор қаратишимиз зарур. Бунинг учун оила аъзолари ўртасида айрим муҳим саволлар ташлаш ва уларга биргаликда жавоб беришга ҳаракат қилиш лозим. Қуйида ана шундай саволлардан намуналар келтирамиз:

  • Оиламизнинг кундалик ҳаётда риоя қиладиган аниқ йўналиши борми? Оила аъзолари ўртасида ушбу йўналишнинг муҳим асослари борасида ҳамфикрлик борми?

  • Оиламиз аъзолари ушбу йўналиш асосида ҳаракатланяптиларми ёки баъзан бу йўналишдан чиқиб кетяптиларми?

  • Оила муҳитида исломий одоблар ва суннатларга риоя қилиш ва тоат-ибодатни маҳкам тутиш жиҳати ўсиб бормоқдами ёки оқсамоқдами?

  • Фарзандлар учун ўқишдаги пешқадамлик масаласи ҳануз бирламчи ва аниқ ғоялигича давом этяптими ёки йўқми?

  • Ҳар бир фарзандингиздан сўранг: “Оиламиздаги қайси ишлардан ғурурланасан, ифтихор туйғусини ҳис қиласан?”.

  • Оила аъзолари ўртасидаги бирдамлик ўсиб бормоқдами? Ёхуд оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибат қай даражада?

Бу ва шунга ўхшаш саволларни фақат оиласига эътибор берувчи ғамхўр мураббийгина бериши мумкин.

Ушбу саволларни беришдан кейинги одим бу каби саволларни йиғиш, у ҳақда фикр ва мушоҳада юритиш, сўнгра муҳокамага яроқли фарзандлар иштирокида муҳокама қилиш ва ниҳоят, оила йўналишини янгилашда асос бўладиган фикр ва мулоҳазаларни хулоса қилишдан иборатдир.

Фарзандларингизга яқин бўлинг

 Фарзандлар тарбиясига эътибор қаратиш уларга яқинлашиш, уларнинг  ҳис-туйғулари ва муаммоларини тушунишга кучли истакни ифода этмас экан, бундай эътибор аслида ҳеч вақони ифода этмайди.

Кундалик ҳаёт муаммо ва ташвишлари ортиб бормоқда, маиший сарф-харажатлар кўтарилиб бормоқда. Буни кўпчилигимиз фарзандлари ва аёлларига эътибор қарата олмаётганлиги учун баҳона қиламиз. Бироқ шуни унутмаслик керакки, фарзандларимиз дуч келаётган муаммолар ва зарарли омиллар ҳам олдингига нисбатан анча кўпайган. Бу дегани, фарзандларимизнинг бизга бўлган эҳтиёжи кучайган бир пайтда, бизларни улардан бурадиган, машғул қиладиган ташвишлар ҳам ортиб бормоқда!

Фарзандларимиз гўдаклик  чоғларида эҳтимол уларнинг юзига кулиб боқадиган юзимиз-у, бошини силайдиган қўлимиздан ўзга нарсага эҳтиёж сезмасликлари мумкин. Бироқ ўспиринлик ёшига етган фарзандлар улар билан узоқ суҳбатлар қуриш, уларга муттасил эътибор қаратишга муҳтож бўладилар.

Айрим фарзандларимиз ўқишдаги омадсизлиги, ўртоқлари ва синфдошлари билан келиша олмагани ёки баъзи муваффақиятсизлик билан тугаган тажриба ва уринишлари сабабли ички руҳий тушкунликка чалиниши ва уни ҳеч ким пайқамаслиги мумкин.

Фарзандларга яқинлашиш дегани улар билан ўзаро ишонч ва меҳр-шафқат алоқасини ўрнатиш демакдир. Ушбу алоқани ўрнатиш учун қанчалик кичик ва арзимас бўлсада уларни қизиқтирган ҳар қандай нарсалар тўғрисида улар билан суҳбатлашиш лозим. Мазкур алоқа йўлга қўйилса, фарзандларимиз уларни ўйлантирган катта ва муҳим масалалар тўғрисида бизларга сўзлай бошлайдилар. Шунингдек, бизларнинг ҳаётий тажриба ва хулосаларимиздан фойдаланиш мақсадида ўзларининг орзу-истаклари, бўлажак режалари хусусида ҳам сўз оча бошлайдилар.

Ҳаётий тажриба ва хулосалар шуни кўрсатадики, биз ота-оналар фарзандларимизнинг ёнида туришимиз ва уларга тобора яқинлашишимизга бўлган эҳтиёжларини англашимиз учун уларнинг ёшида бўлган давримизда бошдан кечирган муаммоларимиз ва бизни қийнаган саволлар моҳияти ва ҳеч кимса бизга ёрдам қўлини чўзмагани, бизни тушунишни истамагани, саволларимизга ётиғи билан жавоб беришни истамаганини ёдга олишимиз зарур экан. Бироқ, афтидан, биз катталар ўтмиш хотираларни тез унутиб юборамиз, ёшлигимизда бошдан кечирган муаммо ва кечинмаларни осонликча эслай олмаймиз.

Кўпинча фарзандларимизнинг бизларга нисбатан нолойиқ хатти-ҳаракатлари ва ота-оналар билан муомалада риоя қилиш лозим бўлган одоб доирасидан чиқишлари сабабли улар билан ўзаро алоқамизда нохушлик пайдо бўлади. Лекин шуни яхши англашимиз лозимки, ёш болаларнинг ақли  ўсмирлик босқичининг сўнгги йиллари ёки ундан ҳам кейинроқ даврга борибгина тўлиқ пишиб етилади. Маълумки, инсон мияси секин-аста такомиллашиб боради. Миядаги энг сўнг тўлдириладиган бўлак – бу қарор қабул қилиш ва ҳис-туйғулар устидан ҳукмрон бўлган бўлакдир. Миядаги бу жараён ўсмирлик даврининг шиддатли ва пала-партиш хатти-ҳаракатларга мойиллик эҳтимоли юқорилигини изоҳлаб беради. Ўғил фарзанд вақти-вақти билан отаси билан алоҳида суҳбат ўтказишга муҳтождир. Шунингдек, қиз бола ҳам тез-тез онаси билан “дардлашиб” туриши лозим. Ота-оналарнинг фарзандлари билан ўтказадиган суҳбатлари эркин ва самимий бўлиши, унда садоқат ва ошкоралик ҳукмрон бўлиши лозим. Масалан, ота-она фарзандлари билан қуйидаги мавзуларда суҳбатлашиши мумкин:

  • Фарзанднинг оилага муносабати, оиланинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақидаги фикрлари.

  • Фарзанднинг ўқишдаги ҳолати, илмий йўналишлари ва келажакда қайси соҳа ёки мутахассисликка қизиқиши.

  • Дину диёнати, шариат аҳкомларига қанчалик риоя қилиши, Аллоҳ билан алоқаси ва қанчалик ўзини бахтиёр ҳис қилиши, руҳий хотиржамлиги.

  • Фарзандни безовта қиладиган ва ташвишга соладиган ишлар.

  • Шахсий ҳаётидаги орзу-истаклари ва келажакда оила қуриш ҳақидаги фикрлари.

Бу каби дўстона ва ошкора суҳбатларда хурсандчилик, ҳазил-мутойиба, самийлик, некбинлик ва ижобийлик кайфияти ҳукмрон бўлиши мақсадга мувофиқдир. Мураббий бу каби давраларда фарзандларга мажбурлаш ва зўравонлик руҳи билан муомала қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим, акс ҳолда суҳбат мазмун-моҳиятини йўқотади, кўзда тутилган самарани бермайди. Биз ота-оналар доимо ўзимиз сезмаган ҳолда йўл қўядиган хатоларимиз: фарзандларимизга керагидан ортиқча насиҳат қилиш, огоҳлантириш, таҳдид қилиш ва турли-туман қўрқитиш услубларини қўллашдан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Кўпчилик оталар фарзандларининг моддий эҳтиёжларини таъминлаш билан машғул бўлиб, улар билан мулоқот қилишга вақт ажратмайдилар. Айрим инсонлар сармояларини кўпайтириш билан овора, бундай инсонлар умрини деярли сафарларда ўтказадилар. Яна бир тоифа инсонлар борки, улар ўзлари билан: айши-ишрат ва ўзлари севган машғулотлар билан оворалар. Айни пайтда тўртинчи бир қатлам одамлар борки, улар сафарда ҳам, маишатда ҳам эмас, балки оиласи билан бирга, фарзандларининг олдидалар. Шунга қарамай уларни уйда ёки уйда эмас, фарзандлари билан бирга ёки улардан узоқда ҳам деб бўлмайди. Негаки, бу тоифа инсонлар фарзандлари билан мулоқот қилмайдилар, фарзандлари тўғрисида айтарли ҳеч нарса билмайдилар! Юқорида зикр қилинган тоифа инсонларнинг барчалари бир кун келиб кутилмаганда фарзандларининг ўқишдаги муваффақиятсизлиги, бузуқ йўлларга кириб кетганлигидан воқиф бўладилар. Одатда бундай ота-оналарнинг кўзлари кеч очилади. Ўшанда улар нималардир қилишга ҳаракат қиладилар, бироқ, таассуфки, фурсат қўлдан бой берилган, таълим-тарбия даври ортда қолган бўлади. Ўшанда олдиларида воқеликка таслим бўлиш, истасалар аччиқ кўз ёш тўкишдан ўзга чора қолмайди.

Келинг азизлар, бугундан бошлаб ўтмишдан ибрат олайлик, намунали оила барпо этиш учун тадорик кўриб, кўзимизнинг қораси – жигар гўшаларимизга кўпроқ эътибор қаратайлик.

Изоҳ қолдиринг