Али розияллоҳу анҳу: исломни қабул қилиши (давоми)

0

Исломни қандай қабул қилгани

Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, бир куни Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳо билан намоз ўқиётганларига гувоҳ бўлади. Бу воқеа Хадича розияллоҳу анҳо исломни қабул қилганидан кейин бўлаётган эди. Шунда Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нима қилишаётганлари ҳақида сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Аллоҳ Ўзи ихтиёр қилган, пайғамбарлар келтирган диндир. Мен сени шу динга даъват қиламан” – дейдилар. – Олдин бунақа гап эшитмаган эдим. Отам Абу Толиб билан маслаҳатлашмасдан бир қарорга келолмайман, дея жавоб беради Али розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга даъватни ошкора қилишларидан олдин Али розияллоҳу анҳу бу хабарни тарқатиб юборишидан қўрқадилар ва: “Эй Али, агар исломга кирмасанг бошқаларга айтма” – дейдилар. Шу кеча Аллоҳ таоло Али розияллоҳу анҳунинг қалбини очади: у тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай қилиб бу динга кириш тўғрисида сўрайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ, деб гувоҳлик берасан, Лот билан Уззога ибодат қилмайсан ва барча бутлардан воз кечасан” – дейдилар. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилади ва исломни қабул қилганини отаси Абу Толибга билдирмайди[1].

Отасининг муносабати

Ибн Исҳоқ айтади: “Баъзи аҳли илмларнинг айтишларича, намоз вақти бўлиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳу билан бирга Макканинг тоғ ён бағирларига чиқар ва биргаликда намоз ўқир, кун ботиши билан қайтиб келар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу ишни ҳеч кимга, ҳатто отаси Абу Толибга ҳам билдирмас эди. Бир куни Абу Толиб уларнинг намоз ўқишаётганини кўриб қолади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрайди:

– Жиян, бу қанақа дин?

– Амаки, бу Аллоҳнинг, фаришталар, пайғамбарлар ва отамиз Иброҳимнинг дини. Аллоҳ таоло мени бандаларга пайғамбар қилиб юборди. Мен насиҳат қилишимга, ҳидоятга даъват қилишимга энг лойиқ одам сизсиз. Менинг даъватимни қабул қилиб, менга ёрдам беришга энг лойиқ киши ҳам сиз бўласиз.

– Жиян, мен ота-боболаримизнинг динидан юз ўгира олмайман. Лекин Аллоҳга қасамки, мен тирик эканман, сенга ҳеч қандай ёмонлик етмайди!

Айтишларича, у Али розияллоҳу анҳуга шундай дейди:

– Ўғлим, бу сенинг дининг қанақа дин?

– Ота, мен Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим ва У зотнинг Пайғамбари айтган гапларга ишондим, у билан бирга Аллоҳ учун намоз ўқидим ва унга эргашдим.

– У фақат яхши ишларга чорлайди. Уни маҳкам тут!”[2]

(Давоми бор)

[1] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (3/4).

[2] Ибн Ҳишомнинг “Ас-сийратун набавийя” китоби (1/246).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг