Усмонийлар: салжуқийлар давлатининг якун топиши

0

Султон Маликшоҳ вафот этганида унинг тўрт нафар ўғли бор эди. Улар Беркёруқ, Муҳаммад, Санжар ва Маҳмуд. Султон Маликшоҳ вафот этганида Маҳмуд ёш бола эди. Онаси Таркан хотун Маликшоҳ даврида обрўси баланд бўлгани сабабли одамлар султон вафотидан сўнг ўғли Маҳмудга байъат беришди. Маҳмуд Носириддин лақаби билан танилди. Ҳижрий 485, милодий 1092 йилдан бошлаб салжуқийлар давлатига ҳукумронлик қилган Маҳмуд ҳижрий 487, милодий 1094 йили онаси билан бирга вафот этди. Сўнг ҳижрий 498, милодий 1105 йилга қадар салжуқийлар давлатига Рукниддин Абу Музаффар Беркёруқ ҳукмронлик қилди. Ҳижрий 498, милодий 1105 йилда тахтга ўтирган Рукниддин Маликшоҳ Иккинчининг қўлидан  шу йилнинг ўзида салтанатни Ғиёсиддин Абу Шужо Муҳаммад олди ва ҳижрий 522, милодий 1128 йилга қадар ҳукмронлик қилди. Султон Ғиёсиддин Ироқ, Эрон ва Хуросон давлатларини бошқариб турган Мовароуннаҳрдаги Салжуқийлар давлатининг охирги султони эди. Ҳижрий 522, милодий 1128 йилга келиб, Хоразм шоҳларининг соялари остида Мовароуннаҳрдаги буюк Салжуқийлар салтанати инқирозга учради[1]. Салтанат инқирозга учраши билан салжуқийлар бирликни йўқотдилар, тахтни қўлга киритиш мақсадида бир-бирлари билан уруша бошладилар. Улар бир неча давлатларга бўлиниб кетдилар. Туғрулбек, Алп Арслон ва Маликшоҳдек уларни бирлаштирадиган султон топилмади. Бир-биридан ажралиб кетган салжуқийларнинг кичик-кичик давлатлари орасида деярли ўзаро бирдамлик қолмаган эди[2].

Шу тариқа Мовароуннаҳрда Хоразм давлати ташкил топди. Бу давлат бир неча йиллар мобайнида муғул-татарларга қарши қаттиқ курашди. Шунингдек, Ироқ ва Шомда отабеклар номи билан танилган салжуқийлар амирликлари ҳам улар билан бирга муғул-татарларга қарши курашди. Худди шу вақтларда Рим салжуқийлари салтанати ташкил топди. Улар салбчилар тарафидан қилинган ҳамлаларга қарши курашдилар ва Анатолиянинг шимоли-ғарбий тарафини сақлаб қолдилар…

Аббосийлар халифалиги бошчилигидаги салжуқийлар салтанатининг инқирозга учрашига бир неча омиллар сабаб бўлган эди. Биз қуйида шу омилларнинг баъзиларини санаб ўтамиз:

  • Салжуқийлар оиласидаги ўзаро келишмовчиликлар;

  • Аёлларнинг салтанат ишларига аралашиши;

  • Баъзи вазир ва амирларнинг салжуқий ҳокимлар ўртасига фитна солишлари;

  • Салжуқий аскарлар олдида ўзларининг заиф эканини билган Аббосий халифалар салжуқийларнинг куч-қувватини тан олиб, бошқарувни уларга топширишмагани;

  • Салжуқийлар Шом, Миср ва Ироқ давлатларини аббосийларга бўйсундириб бера олмагани;

  • Бадбахт ботинийларнинг салжуқий султонларга қилган тинимсиз ҳийла ва суиқасдлари;

  • Салбчиларнинг ҳужумлари.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Салжуқийлар ўз даврларида улкан ишларни амалга оширдилар, жумладан:

  • Бувайҳий рофизий шиалар таъсири остида инқирозга учраши муқаррар бўлган Аббосийлар халифалиги салжуқийлар соясида яна икки аср ҳукмронлик қилди;

  • Мисрдаги бадбахт убайдийлар давлати машриқдаги араб ўлкаларини ботинийлик байроғи остида бирлаштирмоқчи эди. Бироқ салжуқийлар бунга ўз вақтида тўсқинлик қилдилар;

  • Салжуқийларнинг қилган саъй-ҳаракатлари арабларнинг Салоҳиддин Айюбий байроғи остида бирлашишлари учун дастлабки туртки бўлган эди;

  • Салжуқий қўл остидаги мамлакатларда илм-маърифатни ривожлантириб, тинчлик ва барқарорликни ўрнатдилар;

  • Византия империяси тарафидан қилинган ҳамлаларни қайтариб, мўғул-татарларга қарши қаттиқ курашдилар;

  • Қўл остиларидаги минтақаларда аҳли суннат ва жамоат уламоларининг обрўларини кўтардилар.

Бу салжуқийлар ва уларнинг ислом учун қилган хизматларининг қисқача тарихи. Мана шундай улуғ ва жасоратли мужоҳидларни айблаш зулм ва туҳматдан бошқа нарса эмас. Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимизда Усмонийлар давлатининг ташкил топиши ва уларнинг қўлга киритган зафарлари ҳақида сўз юритамиз.

[1] Муҳаммад Асбаҳонийнинг “Тарихи Оли Салжуқ” китоби, 81-154-бетлар.

[2] “Қиёмуд давлатил усмонийя” китоби, 23–бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг