Ёш болалар қабрда савол-жавоб қилинадими?

0

Савол:

Балоғатга етмай вафот этган ёш болалар қабрда савол-жавоб қилинадими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дастлаб, қабрда рўй берадиган ҳолатларни баён қилиб ўтсак.

  • Қабр қисиши.

Балоғатга етмай вафот этган ёш болаларни ҳам қабр қисади. Бунга Абу Айюб Ансорий ва Анас розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис далолат қилади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ёш бола дафн қилингач шундай дедилар: “Бирон инсон қабр қисишидан омон қолганда мана шу бола омон қолар эди[1].

  • Савол-жавоб қилиниш.

Уламолар балоғатга етмай вафот этган ёш болалар қабрда савол-жавоб қилиниши борасида икки ҳил фикр билдиришган.

Биринчиси: Баъзи моликий ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламоларининг, шунингдек, Имом Қуртубий ва Шайхулислом Ибн Таймияларнинг фикрига кўра, балоғатга етмай вафот этган ёш болалар қабрда савол-жавоб қилинадилар.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ёш болалар қарбда савол-жавоб қилинади, деган уламоларнинг далиллари қуйидагича:

  1. Ёш болаларга жаноза намози ўқилиши, улар ҳаққига дуо қилиниши ва Аллоҳ таолодан уларни қабр азоби ҳамда қабр фитнасидан паноҳ беришини сўрашлиши.

  2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болага жаноза намози ўқидилар ва у зотнинг: “Аллоҳим, уни қабр азобидан қутқаргин!”, деган дуолари эшитилди. [Молик “Муватто”да, (536) ва Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, (6/105) ривоят қилишган].

  3. Али ибн Маъбад ривоят қилишича, Ойша розияллоҳу анҳо олдидан ёш боланинг жанозаси ўтганда йиғладилар. Шунда: “Эй мўминлар онаси, нега йиғлаяпсиз?”, дейишди. “Бу болани қабр қисишини ўйлаб, унга жоним ачиганидан йиғладим”, деб жавоб бердилар.

  4. Аллоҳ таоло балоғатга етмай вафот этган ёш болаларнинг даражаларини билиш учун қабрда уларга ақлларини комил қилиб беради (яъни балоғатга етган кишиларнинг ақли каби ақл, фаҳм-фаросат ато қилади) ва сўраладиган саволларига жавобни илҳомлантириб туради” [“Руҳ”, 87-88 бет].

Иккинчиси: Шофеий мазҳаби, баъзи моликий ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрларига кўра, ёш болалар қабрда савол-жавоб қилинмайди.

Ибн Муфлиҳ роҳимаҳуллоҳ: “Қози (яъни Абу Яъло) ва Ибн Ақийллар ҳам шу фикрни билдиришган”, деган. [“Ал-фурууъ”, 2/216].

Бу фикр эгаларининг далилларини Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Руҳ” китобида баён қилган ва унинг сўзларидан ўзи ҳам шу фикрга мойил эканини пайқаш мумкин. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Руҳ” китобининг 87-88 бетларида шундай дейди: “Бошқа уламолар эса, қабрда фақат Пайғамбар ва уни юборган Зот ким эканини англаб етган инсонларгина савол-жавоб қилинади, дейдилар. Қабрдаги инсонлар Пайғамбарга иймон келтириб, унга итоат қилганлари ёки йўқлиги хусусида сўраладилар. Сизларга (пайғамбар қилиб) юборилган бу инсон ҳақида нима дер эдинг?, деб айтилади. 

Ёш бола бўлса бу каби нарсаларни англашга қодир эмас. Қандай қилиб ёш болага: “Сизларга (пайғамбар қилиб) юборилган бу инсон ҳақида нима дер эдинг?, деб айтилади. Агар унга қабрда (комил) ақл берилса, у (ҳаёти дунёда) таниб, билишга улгурмаган нарсаси ҳақида сўралмайди. Бундай саволдан маъни йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида зикр қилинган қабр азобидан ёш бола бирон тоат-ибодатни тарк қилгани ёки гуноҳ иш қилгани боис жазоланиши назарда тутилмаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч бир инсонни қилмаган гуноҳи учун жазоламайди.

Гоҳида қабр азоби деб майит қилган амали учун жазоланиши эмас, балки ўзгалар қилган иш сабабли алам чекиши назарда тутилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Майит яқинларининг йиғиси туфайли азобланади”, яъни майит қилган гуноҳи учун эмас, балки яқинларининг йиғисидан қийналиб, алам-изтироб чекади.

Шак-шубҳасиз, қабрда ёш болага таъсир қиладиган шундай алам изтироб ва ҳасрат-надоматлар борки, у улар сабаб алам-изтироб чекади. Шунинг учун ёш болага жаноза намози ўқийдиган киши Аллоҳ таолодан уни бундай азобдан қутқаришини сўраши керак, валлоҳу аълам”.

  • Қабр азоби ёки неъмати (роҳати).

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ (7047) ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тушимда менинг олдимга икки фаришта келди ва биз ям-яшил боққа кирдик. Унда баҳорда очиладиган барча турдаги гуллардан бор эди. Боғнинг ўртасида бўйи баландлигидан деярли бошини кўриб бўлмайдиган даражада узун бўйли бир кишини кўрдик. Унинг атрофида бениҳоят кўп ёш болалар бор эди. Мен умрим бино бўлиб, бунчалик кўп ёш болаларни кўрмаганман”. Сўнг икки фаришта ушбу тушни Расулуллоҳга таъбир қилишиб шундай дейишди: “Сиз боғда кўрган баланд бўйли инсон Иброҳим, атрофидаги ёш болалар эса фитратда вафот этган болалардир”. Шунда баъзи мусулмонлар: “Эй Расулуллоҳ, мушрикларнинг болаларичи?”, деб сўрашди. У зот: “Мушрикларнинг болалари ҳам”, деб жавоб бердилар.

Ушбу ҳадис балоғатга етмай вафот этган болалар жаннатда Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнида бўлишларига далолат қилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, балоғатга етмай вафот этган ёш болаларни қабр бир бор қисиши ҳақдир.

Улар қабрда савол-жавоб қилиниши борасида бирон оят ёки саҳиҳ ҳадис бўлмагани боис уламолар ўз ижтиҳодларидан келиб чиқиб, юқоридаги фикрларни билдиришган. Шунга биноан бу масалада қатъий бир фикр айтиш қийин. Аммо шариатимизда келган умумий далил ва аҳкомларга назар соладиган бўлсак, ёш бола қабрда савол-жавоб қилинмайди, деган уламоларнинг фикри тўғридек туюлади. Зеро, савол-жавоб ҳаёти дунёда Раб таоло қандай зот, Пайғамбар ким ва дин нима эканининг моҳиятини англаб етмаган инсондан бу ҳақда савол сўралиши Аллоҳ таолонинг ҳикматидан узоқ бўлган ишдир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, биринчи фикр эгаларининг айтишича, Аллоҳ таоло балоғатга етмай вафот этган ёш болаларнинг даражаларини билиш учун қабрда уларга ақлларини комил қилиб беради (яъни балоғатга етган кишиларнинг ақли каби ақл, фаҳм-фаросат ато қилади)  ва сўраладиган саволларига жавобни илҳомлантириб туради. Улар бу фикрни ёш болалар ва руҳий хасталар каби мукаллаф бўлмаган инсонларга охиратда пайғамбар юборилиши, ким унга итоат қилса жаннатга кириб, осийлик қилган дўзахга кириши борасида келган далилларга қиёс қилиб айтишган. Бироқ уларнинг бу қиёслари тўғри эмас. Чунки бу турдаги инсонлар охиратда ўзларига юборилган пайғамбарга итоат ёки осийлик қилгани боис, яъни ўша вақтда қилган амали туфайли ҳисоб-китоб қилиниб, жаннат ёки дўзахга киради. Албатта бу ҳолат билан қабрда ҳали англаб ва қилиб улгурмаган иши учун савол-жавоб ва имтиҳон қилинишининг ўртасида фарқ бор. Қолаверса, Аллоҳ таоло қабрда ёш болаларнинг ақлларини комил қилиб беради, дейишлик учун далил керак. Маълумки, бу  хусусда бирон саҳиҳ далил йўқ, валлоҳу аълам.

[1] [Табароний “Мўъжамул кабийр”, (4/121). Ҳайсамий “Мажмауз-завоид”да (3/50) “Ровийлари ишончли кишилар”, Ибн Ҳажар “Матолибу олия”да  (5/97) “Санади саҳиҳ” ва Шайх Албоний “Саҳиҳул жомэъ”да (5307) “саҳиҳ” дейишган].

Изоҳ қолдиринг