Қайтар дунё: Абраҳа

0

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, Абраҳа насроний бўлган. У Санъода бир черков қуради ва уни Қуллайс деб номлайди”. Абраҳа одамларнинг Каъбага эмас, унинг черковига ҳаж қилишларини хоҳлар эди. Аллоҳ таоло унинг бу бузуқ ниятига жазо бўлиши учун одамларни унинг черковидан совутиб қўйди ва у ерда ёнғин чиқиб, черковнинг кули кўкка совурилди.

Шинқитий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Абраҳа қўшинининг сони кўп ва қурол-аслаҳаси кучли экани билан фахрланар эди. Улар (Каъбани бузиш учун) энг кучли ҳайвон, яъни фил олиб келдилар. Аллоҳ таоло эса уларга энг заиф ҳайвон, яъни қушларни юборди”.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Ибн Исҳоқдан ривоят қилиб шундай дейди: “Аллоҳ таоло денгиздан денгиз қалдирғочларига ўхшаган қушларни юборди. Ҳар бир қуш ўзи билан нўхотдек келадиган уч дона тош кўтариб олган эди: бири тумшуғида, иккитаси панжаларида. Бу тошлар кимга тегса, уни ўлдирар эди. Қўшиннинг барчасига тош тегмади. Тош тегмай қолганлар келган йўлларини излаб орқа-олдиларига қарамай қочдилар. Айтишларича, Абраҳанинг жасадига жуда кўп жароҳат етган. Аскарлар уни кўтариб олиб кетишган. Жароҳат кўплигидан унинг бадани аста-секин емирилиб туша бошлаган. Танасидан кичик бир парчаси ўзилиб тушса, ортидан узоқ вақт қон ва йиринг оқиб турар экан. Улар Санъога кириб боришганида Абраҳа жўжадек бўлиб қолган. Кўкси очилиб, ундан юраги чиқиб кетгани туфайли вафот этган”.

Абраҳа Байтуллоҳни ер билан яксон қилиб ташламоқчи эди, ҳолбуки, Аллоҳ таоло унинг ўзини тилка-пора қилиб қўйди. У Каъбани ўрнидан қўпориб ташламоқчи эди, ваҳоланки, Аллоҳ таоло унинг юрагини қўпориб ташлади. Куч-қуввати билан фахрланиб, кеккайиб Маккага келган эди, жўжадек қайтиб кетди. Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак!

Лашкарлар Каъбани бузиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишган эди, Аллоҳ таоло уларга гуруҳ-гуруҳ қушларни юборди. Улар Байтуллоҳнинг тошларини бирма-бир қўпориб ташламоқчи эдилар, Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош ёғдирди. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак!

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Ибн Исҳоқдан ривоят қилиб шундай дейди: “Бани Сақиф қабиласи Абраҳага йўл кўрсатиш учун Абу Руғол исмли кишини қўшиб юборишди. Абраҳа ортга чекинар экан, Абу Руғолни Муғаммас деган жойда ташлаб кетди. Абу Руғол шу заҳоти вафот этди. У Каъба тошларини қўпоришга кўмаклашмоқчи бўлгани учун араблар уни ўлиги устига тош отиб кўмдилар. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак!

Ривоят қилинишича, Ойша розияллоҳу анҳо филни етаклаб келган ва уни миниб келган кишиларни кўзлари кўр ҳолда Макка кўчаларида одамлардан овқат сўраб ўтирганини кўрганлар. Улар филни етаклаб келишган эди, Аллоҳ таоло уларни Макка кўчаларида болалар етаклаб юрадиган қилиб қўйди. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак!

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг