Иккинчи ҳадис: (11) тақдирга иймон келтириш

2

Тақдирга иймон келтириш

тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”:

Тақдирга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:

  1. Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни қамраб олган умумий ва муфассал илмига иймон келтириш.

Аллоҳ таоло барча нарсаларни, хусусан ғайбни билишига далолат қилувчи талай оятлар бор. Аллоҳ таоло жумладан шундай дейди: “Аллоҳ барча нарсаларни билувчидир” [Бақара: 282], “Раббим билишда хато ҳам қилмайди, унутмайди ҳам” [Тоҳа: 52]. Яъни, Раббим билмай қолмайди ва билган нарсасини унутмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло кўп оятларда Ўзининг умумий ва муфассал илмини зикр қилган.

Аллоҳ таоло умумий илми тўғрисида шундай дейди: “Аллоҳ барча нарсаларни билувчидир” [Бақара: 282].

Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшанчасини яратган зотдир.  (Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир экани ва У барча нарсани Ўз билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)” [Талоқ: 12]. Ушбу оятларда Аллоҳнинг мужмал – умумий илми тўғрисида сўз юритилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг муфассал – батафсил илми ҳақида шундай дейди: “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг шохидан узилиб тушмасин,  албатта У билур.  Ёр тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Аллоҳнинг илми азалийсида) мавжуддир” [Анъом: 59]. Демак, Аллоҳ таоло қуруқликдаги барча нарсаларни, шунингдек, денгизлардаги бутун нарсаларни билувчидир. Бирон дарахтдан тўкилган ҳар қандай баргнинг қачон, қаерда ва қай тарзда тўкилгани Аллоҳга маълумдир. Шунингдек, ер остидаги каттаю-кичик дон-дунларни ҳам Аллоҳ таоло билиб туради. Фараз қилайлик, осмонни қат-қат қора булутлар қоплаган ёмғирли тун қоронғусида бир дона буғдой дони денгиз қаърига чўкди. Денгиз тубида уни лой қоплади. Лой устида чуқур ва бепоён денгиз суви бор. Мана шундай ҳолатдаги бир дона буғдой дони ҳам Аллоҳнинг илмидан четда қолмайди.

Агар банда Аллоҳнинг илмига, Унинг барча нарсаларни иҳота қилиб турганига чинакам иймон келтирса, бу унда Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ҳузуридаги инъомларга умид қилишни пайдо қилади. Чунки бандаларнинг ҳар бир ҳаракати Аллоҳга аёндир.

  1. Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузда то қиёматга қадар юз беражак барча нарсаларнинг миқдор – ўлчовини ёзганлигига иймон келтириш. Аллоҳ таоло айтади: “Биз барча нарсани очиқ китобда (яъни Лавҳул маҳфузда) белгилаб қўйганмиз” [Ёсин: 12].

Дарҳақиқат, Биз (Лавҳул маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: “Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”, деб ёзиб қўйганмиз” [Анбиё: 105].  Бу тўғрида бундан бошқа ҳам бир қанча оятлар мавжуд.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло қаламни яратганида унга: “Ёз” – деди. Қалам деди: “Раббим, нимани ёзаман”. Аллоҳ таоло айтди: “Бўладиган барча нарсаларни ёз”. Шундай қилиб, қалам ана ўша соатда то қиёмат кунига қадар юз берадиган ишларни ёзди[1]. Аллоҳ таоло қаламга ёзишни буюрди. Бироқ жонсиз нарсага қандай қилиб хитоб қилиниши мумкин?

Ҳа, Аллоҳнинг жонсиз нарсаларга хитоб қилиши дуруст. Негаки, жонсиз нарсаларни тилга киритган Унинг ўзидир. Қолаверса, жонсиз нарсалар Аллоҳнинг наздида ақлли саналиб, уларга хитоб қилиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: “(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!”, деган эди, улар: “Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)”, дедилар” [Фуссилат: 11]. Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло осмон ва ерга хитоб қилди ва улар иккисининг жавобини ҳам зикр қилди. Улар иккиси худди ақлли кишилардек жавоб бердилар. Хулоса, Аллоҳ таоло қаламга ёзишни буюрди. Қалам Аллоҳнинг амрига бўйсунди. Бироқ унга нимани ёзишлиги тушунарсиз бўлди ва шу боис “Раббим, нимани ёзай?”, деб сўради. Аллоҳ таоло унга: “То қиёматгача юз берадиган ишларни ёз”, деди. Қалам шу онда то қиёматгача содир бўладиган ишларни ёзди. Албатта, барча воқеа-ҳодисаларни фақат Аллоҳ таологина билади. Бу ишларнинг барчаси Лавҳул маҳфузда битилгандир.

Лавҳул маҳфузнинг чинакам моҳияти бизга маълум эмас. Унинг нимадан ясалгани: ёғочданми ёки темирдан, унинг ҳажми ёки кенглиги қанча экани бизларга қоронғу. Лавҳул маҳфузнинг моҳияти ёлғиз Аллоҳга аён. Бизларга вожиб бўлгани, Аллоҳ таоло унда барча нарсаларнинг миқдорларини битган лавҳ борлигига иймон келтириш, холос. Лавҳул маҳфузга доир ундан бошқа нарсаларни сўраб-суриштиришга ҳаққимиз йўқ. Зеро, ундан бошқа Аллоҳ ва Расули бизларга билдирган маълумотлар йўқ.

Кейинги вақтларда лазер дисклари деб номланмиш нарсалар пайдо бўлди. Митти биргина диск сон-саноқсиз китобларни ўз ичига сиғдирмоқда. Ҳолбуки, бу дискларни одам боласи ихтиро қилган. Мен бу гапни Лавҳул маҳфузни дискларга ўхшатиш учун эмас, балки Лавҳул маҳфуз тўғрисидаги тасаввурни инсон зеҳнига яқинлаштириш учун айтяпман, холос. Негаки, ақлларимиз Лавҳул маҳфуз моҳиятини иҳота қилишдан ожиздир.

  1. Борлиқда содир бўладиган барча ишлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлишига иймон келтириш. Борлиқдаги бирон нарса Аллоҳнинг хоҳишидан ташқарига чиқиши мумкин эмас. Шунинг учун мусулмонлар “Маа шаа Аллоҳу каана ва маа лам яшаъ лам якун”[2], деган сўзни айтиш ва эътиқод қилишга иттифоқ қилганлар. Кундалик ҳаётда нима юз бермасин, албатта Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади.

Бу тушунча Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қиладиган ишларни ҳам, бандалари қиладиган ишларни ҳам ўз ичига олади. Буларнинг бариси Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан юз беради. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар,  лекин Аллоҳ Ўзи хохлаган ишини қилади” [Бақара: 253].

Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, ундай қилмаган бўлур эдилар” [Анъом: 112].

 “Агар Аллоҳ хоҳлаганида, ундай қилмаган бўлур эдилар” [Анъом: 137].

Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар” [Таквир: 29]. Демак, борлиқдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга ошади. Агар инсон бунга иймон келтирса шайтоннинг амали – васвасасидан халос бўлади. Бирон иш қилса-ю, мақсади амалга ошмаса, “Эҳ мана бундай қилмабман-да!”, демайди. Чунки у қилган ишни Аллоҳ хоҳлади ва унинг шундай бўлиши муқаррар эди. Бироқ қилган иши гуноҳ иш бўлса, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтиши лозим.

  1. Аллоҳ таолонинг барча насаларнинг яратувчиси эканига иймон келтириш. Аллоҳ таоло айтади: “Ва (Аллоҳ) барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир” [Фурқон: 2]. Барча нарсалар: осмонлар, ерлар, денгизлар, дарёлар, юлдузлар, қуёш, ой, инсон ва ҳоказо барча-барчасини Аллоҳ таоло яратган. Инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини ҳам Аллоҳ яратади. Зеро, Аллоҳ таоло инсоннинг ўзини ҳам, унинг ишларини ҳам яратади. Агар инсонни Аллоҳ яратган бўлса, шак-шубҳасиз, унинг сифатлари, ишларини ҳам Аллоҳ яратади. Инсон ишларини ўз хоҳиш-иродаси ила қилсада, бироқ бу ишларни Аллоҳ яратади. Негаки, бандаларнинг ишлари қатъий хоҳиш-ирода ва тўлиқ қудратдан келиб чиқади. Улардаги бу хоҳиш-ирода ва қудратни яратувчиси эса Аллоҳ таолодир.

Аллоҳнинг сифатлари яратилганми?

Йўқ, Аллоҳнинг сифатлари яратилмаган. Чунки Аллоҳнинг сифатлари Унинг зоти кабидир. Инсоннинг сифатлари унинг зоти сингари Аллоҳ томонидан яратилганидек, Аллоҳнинг сифатлари ҳам Унинг зотига ўхшаш азалийдир. Келгусида “ҳадисдан олинадиган фойдалар” тўғрисида сўз юритар эканмиз, одамларнинг қадар масаласида уч қисмга: бепарво, ҳаддан ошган ва мўътадил тоифаларга бўлинганларини айтиб ўтамиз, иншааллоҳ.

“Рост айтдингиз”, –деди у.

Бу сўзни айтган Жаброил алайҳиссаломдир.

[1] Имом Аҳмад (5-жилд, 317-бет, 23083-ҳадис), Абу Довуд (4700) ва Термизий (2155) ривоят қилишган.

[2] Маъноси: “Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламагани бўлмайди”.

Discussion2 fikr

  1. MashaAlloh barakallohu fiykum.Aziz xurmatli islom olimlari va aziz birodarlar!Qilayotgan amallaringizni ajrini Alloh taolo ziyoda qilsin amin.Bizga ixlosORG saytining foydasi juda ko’p tegyapti alhamdulillah.Alloh ilmimiZni ziyoda qilib unga amal qiluvchilardan qilsin amin.

    • Абу Анас Ҳабибуллоҳ

      Ва фийки Барокаллоҳ! Аллоҳ таоло барчамизга ола\тган илмларимизни фойдали қилсин. Дин йўлида қилинаётган хизматларимизни холис Ўзи учун қилиши тилаб қоламиз.

Изоҳ қолдиринг