Ҳайвонларнинг қорин ва ичаклари ҳалолми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ҳайвонларнинг қорин ва ичакларини ҳамда улардан таёрланган ҳасипни еса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Шариатимизда ҳалол қилинган ҳайвонлар шариат кўрсатмасига биноан сўйилган ва инсон соғлиғига зарар етказмаса, сўйилганда бўғиздан чиқадиган қондан ташқари барча аъзоларини ейиш жоиз ва ҳалолдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ўлакса, (сўйилганда бўғиздан) тўкилган қон, тўнғиз гўшти ва Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлган ҳаром нарсалардан ўзгасини ҳаром этилганини кўрмаяпман” [Анъом: 145].

Ҳаттоб Моликий роҳимаҳуллоҳ айтади: ““Мудаввана” китобида шундай дейилади: “(Сўйилган ҳайвоннинг) чарви, жигар, ичак-чавоқ, юрак, ўпка, талоқ, буйрак, ҳалқум (кекирдак), мояк (тухум), туёқ, бош ва шунга ўхшаш қолган аъзолари гўштнинг ҳукмидадир[1], яъни гўшт каби уларни ейиш ҳам ҳалол.

Баъзи уламолар ҳайвоннинг мояк (тухум), жинсий олат ва шунга ўхшаш одатда инсон таъби тортмайдиган аъзоларини ейиш макруҳ дейишган.

Фахриддин Зайлаий Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Совлиқ ёки қўчқорнинг жинсий аъзоси, мояк, безлар, қовуқ, ўтпуфакларини ейиш макруҳдир. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: “(сўйилганда бўғиздан чиқадиган) қон ҳаромдир. Мазкур олти аъзоларни ейиш макруҳ, деб санайман”. Чунки бу аъзолар инсон таъби тормайдиган ва ёмон кўрадиган нарсалардир” [“Табйинул ҳақоиқ” 6/226].

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, “Суяк иликларини ейдиган кишилар умматимнинг энг ёмонларидир”, деган ҳадис ривоят қилинади. Бу ҳадисни мўътабар ҳадис китобларининг биронтасида учратмадик. Балки, ушбу ривоят Рофизий (шиа)ларнинг китобларида машҳур бўлиб, улар тўқиб чиқарган ёлғон ҳадис бўлиши эҳтимолдан холи эмас, валлоҳу аълам.

[1] “Мавоҳибул жалил” (4/349)

Изоҳ қолдиринг