Од қавмининг ҳалок бўлиши ва уларга Аллоҳнинг азоби тушиши (6)

0

Од қавмининг ҳалок бўлиши ва уларга Аллоҳнинг азоби тушиши

Од қавмини ҳалок қилиш тафсилотига келсак, уни Аллоҳ таоло қуйидаги оятда шундай тасвирлайди: “Бас, қачонки улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир, дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир” [Аҳқоф: 24]; Бу уларга азобнинг бошланиши эди. Бу пайтда Од қавмига қурғоқчилик келган, шу боис улар ёмғир истар эдилар. Шунда улар осмонда бир булутни кўрдилар ва уни ёмғир олиб келувчи раҳмат булути деб ўйладилар. Кейин билсалар у азоб ёмғири экан. Шу сабаб Аллоҳ таоло айтди: “Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса” [Аҳқоф: 24]; Яъни: “Аксинча, у азобдан иборат ўзларингиз шошилтирган нарсадир”: “У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?” [Аҳқоф: 22]. Аъроф сурасида ҳам худди шу маънода оят мавжуд.

Ҳорис Бакрийдан ривоят қилинади: “Ало ибн Ҳазрамийнинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга арз қиламан, деб йўлга чиқдим. Йўлда Рабаза деган жойдан ўтдим. Қарасам, Бани Тамим қабиласидан бир кампир ўша ерда манзилига етолмай ярим йўлда қолиб кетган экан. Кампир менга: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бир юмушим бор эди. Мени у зотнинг олдиларига олиб бориб қўя оласанми?” – деди.

Мен уни миндириб олдим. Мадинага етиб келдим. Қарасам, Мадина аҳолиси гавжум, қора бир байроқ ҳилпираб турибди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида қиличини тақиб олганча турибди. Мен: “Одамларга нима бўлди?” – деб сўрадим. “Амр ибн Осни қаёққадир юбормоқчилар” – дейишди одамлар.

Мен ўтирдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига (ёки масканларига) кирдилар. Мен у зотни олдиларига кириш учун изн сўраган эдим, изн бердилар. Мен ичкарига кириб салом бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан сўрадилар:

– Сизлар билан Бани Тамим ўртасида бирон нарса бўлиб ўтганми?

– Ҳа, биз улар устидан ғалаба қозонган эдик. Йўлда Бани Тамим қабиласидан бўлмиш ярим йўлда қолган бир кампирнинг ёнидан ўтиб қолдим. У мендан сизнинг олдингизга олиб боришимни илтимос қилди. Ҳозир у эшик олдида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кампирга изн бердилар ва у ичкарига кирди. Мен айтдим:

– Эй Расулуллоҳ! Агар биз билан Бани Тамим ўртасида чегара қилмоқчи бўлсангиз Даҳно деган жойни чегара қилинг. Зеро, бу жой бизники эди.

Бу гапимни эшитган кампир қизишганидан ўзини тутолмай шундай деди:

– Эй Расулуллоҳ! Ахир (Қурайш ва Бани Тамим қабилаларининг бобоси бўлмиш) Музорингизни (яъни ундан тарқаган Бани Тамим қабиласини) қандай куйда ташлаб қўймоқчисиз?!

Мен айтдим:

– Менинг бу ҳолатим мақолдаги сингари “ўз ўлимини кўтариб келган эчки”дек бўлибди-да, (яъни одамига учрабманда-а)?! Мен бу аёлни рақиб томондан эканини сезмасдан миндириб келибман-а! Од қавмининг элчисидек бўлишдан Аллоҳ сақласин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеани яхши билсаларда, эшитгилари келиб мени саволга тутдилар:

– Хўш? Од қавмининг элчисига нима бўлган экан?

– Од қавмининг бошига қаҳатчилик тушибди. Ёмғир сўраш учун ораларидан Қайл деган бир элчини юборибдилар. Қайл Муовия ибн Бакр қишлоғидан ўтиб, бир ой унинг хонадонида меҳмон бўлибди. Муовия унга ароқ қўйиб берибди ва иккита хонанда чўри аёл унга қўшиқлар айтиб берибди. Орадан бир ой ўтгач, Тиҳома тоғларига чиқиб шундай дебди: “Эй Аллоҳ! Албатта, Сен яхши биласанки, мен бирон касални даволаш ёки бирон асирни қутқариб олиш учун келганим йўқ. Эй Аллоҳ! Од қавмига олдин ёғдирган ёмғирингни ёғдир”. Шу пайт унинг устидан қора булутлар ўта бошлабди. Булутлар ичидан: “Танла!” – деган нидо келибди. Қайл уларнинг ичидаги қоп-қора булутга ишора  қилибди. Шунда қора булут ичидан нидо келиб: “Уни кул ва ҳалокат бўлгани ва Од қавмидан ҳеч кимсани қолдирмайдиган ҳолда олгин!” – дебди. Менга етган нарса шуки, Од қавмига бор-йўғи мана шу узугимга сиғадиган азоб шамоли юборилган ва улар бунинг оқибатида ҳалок бўлган эканлар”.

Абу Воил шундай дейди: “Ҳорис Бакрий тўғри айтди. Аёллар ёки эркаклар бирон бир элчи юборсалар унга: “Од қавмининг элчиси каби бўлмагин, тағин” – деб тайинлар эдилар”[1].

 Шунингдек, Ибн Жарир ва ундан бошқа бир қанча муфассирлар мазкур қиссани тафсир қилар эканлар  юқоридаги ҳадис ва қиссани зикр қилганлар.

[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад (3/ 482), Термизий (3273, 3274), Ибн Можа (2816), Насоий “Ал-Кубро”да (5/ 181/ 8607), Ибн Абу Шайба (6/ 537/ 33591), Ибн Жарир Табарий “Жомеул баён”да (5/ 527) ва “Тарихил умами вал мулук”да (1/ 133), Табароний “Мўъжамил кабир”да (3/ 254/ 3325-3329) икки ривоят йўли орқали Осимдан ривоят қилганлар. Устоз Албоний роҳимаҳуллоҳ “Ал-Заифа” асарида (3/ 373) айтганларидек, бу ҳасан ровийлар шажарасидир.

Миззий “Туҳфатул Ашроф” асарида (3/ 4) Қайла бинти Махраманинг ҳадисида юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб қувватловчи матн зикр қилган.

Умуман олганда ҳадис саҳиҳдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг