Саккизинчи қоида: (3) хайриҳоҳлик – мукофот ва рағбатлантириш

0
  • Мукофот ва рағбатлантириш

Ёш болани ўзи севган бирон ишни қилишга  шижоатлантирар эканмиз, у буни унга нисбатан хайриҳоҳлик деб билади. Негаки, биз унга орзуларидан бирининг ушалишида ёрдам берган бўламиз. Қолаверса, фарзандимизни бирон ишни бажаришга шижоатлантиришимиз замирида унинг мазкур ишда муваффақият қозонишига бўлган иқтидори ва маҳоратини эътироф этиш ётади ва бу билан уни қўллаб-қувватлаган бўламиз.

Аслини олганда шижоатлантириш ва олқишлаш бирон бир халқ ичидан буюк шахслар етишиб чиқишида муҳим ва асосий рол ўйнайди. Шунга кўра, тарғиб ва олқиш тараққиёт мезонларидан бири саналади. Жамиятлар тараққий этгани сари иқтидор ва маҳоратларни кўпроқ қадрлайди, уларни олқишлайди ва уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатади. Буни акси ўлароқ, қолоқ халқларни ҳеч нарса қизиқтирмайди, улар ҳар қандай буюк нарсалардаги буюклик сир-асрорларини қадрлай олмайди!

Қуйида рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи, унинг ўзаро хайриҳоҳлик пайдо қилиш ва фарзандларни нажот ва муваффақият йўлига ундаш борасидаги роли тўғрисидаги айрим мулоҳазаларни келтириб ўтамиз.

(А) Изланиш ва тажрибалар шуни кўрсатадики, болага тақдим қилинадиган мукофот ундан талаб қилинган ишни бажариб бўлиши биланоқ берилиши лозим. Ана шундагина иш билан унинг мукофоти ўртасидаги боғлиқлик боланинг зеҳнида ўрнашиши осон кечади. Бу ўз навбатида айни ишни келажакда яна такрорлашига ундайди ва бора-бора мазкур иш боланинг одатига айланиб, унинг хулқ-атворидан ўрин олади. Қолаверса, мукофотни вақтида тақдим қилмай, пайсалга солиш болада нотўғри тушунча пайдо қилиши: бажарган хайрли иши ота-онасининг наздида унчалик муҳим иш эмас экан, деган ўйга олиб бориши мумкин. Маълумки, инсон табиатида, хоҳ катталар, хоҳ кичиклар бўлсин қилган меҳнатининг самарасини кўришга ошиқиш мавжуд. Шунинг учун бўлса керак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хизматкорнинг иш ҳақини пешона тери қотишидан аввал беринглар”, дея марҳамат қилганлар [Саҳиҳи жомеус сағир” (1/240)].

(Б) Тадқиқотлар ва статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, маънавий мукофот боланинг руҳиятига моддий мукофотдан кўпроқ таъсир қилар экан. Бунга сабаб маънавий мукофот мамнуният ва хурсандчилик туйғусини таъбир қилиш борасида моддий мукофотга нисбатан устунроқ бўлганидир. Бу илмий хулоса фақат ёш болаларгагина тааллуқли бўлмай, балки катталарга тааллуқлидир. Ундан ташқари маънавий мукофот биз ота-оналардан маблағ талаб қилмайди, шу боис бизда бундай мукофотларни тез-тез улашиш имкони бор. Маънавий мукофот оқибатида бола ўқиш ва фойдали меҳнатга рағбатланади, олқиш олади, ота-онасининг ундан мамнун экани, унга хайриҳоҳ эканини билиб, руҳияти кўтарилади ва ўзига бўлган ишончи ортади.

Ота-она фарзандига табассум ила боқиши, уни ўпиши, қучоқлаши, елкасига қоқиши ва бошини силаши орқали уни маънавий мукофотлаши мумкин. Шунингдек, фарзандининг ишидан мамнун эканлигини ифодаловчи қарашлари ҳамда унга эътибор қаратиши, сўзларига қулоқ тутиши, унга мақтов айтиб, ҳазил-мутойиба қилиш орқали ҳам уни маънавий мукофотлаш мумкин.

Моддий мукофотлар эса болага пул бериш, ширинлик улашиш, маҳалла болалари билан копток ўйнаш, ўртоқларини зиёфатга чақириш, экранда бирон нарса томоша қилиш ёки бирон ўйин ўйнаш учун ёхуд меҳмонга келган тенгдошлари билан ўйнаш учун кечроқ ухлашга рухсат бериш, бирон кўнгилочар саёҳат уюштириш ва ҳоказо ишларда акс этиши мумкин. Тарбия соҳаси мутахассисларидан бири шундай дейди: “Фарзандларингизга кўп меҳр ва оз пул беринг. Чунки уларнинг меҳрга бўлган эҳтиёжи кўпроқдир. Пулга келсак, болалар озгина пул билан бўлсада ўзларини хурсанд қила оладилар”. Кўпчилик ота-оналар, хусусан бой хонадонлар бунинг ғирт тескарисини қиладилар: фарзандларини пул билан кўмиб ташлайдилар, бироқ уларга оз бўлсада меҳр кўрсатишдан ожиздирлар!

(В) Маънавий ва моддий мукофотлар ёрдамида фарзандлардаги айрим ножўя хатти-ҳаракатларни тўхтатиш мумкин бўлади. Айтайлик, қайсидир бола кундалик уй вазифаларини бажаришда кеч қолади, баъзан бажаришга улгурмай ҳам қолади. Онаси унга “кундалик вазифангни соат саккизгача бажариб бўлсанг, кунлик оладиган маблағингга яна фалон сўм қўшиб бераман”, дея мазкур камчиликнинг олдини олиши мумкин. Ёхуд қайсидир бола ўз укасини уришга одатланган бўлади. Бундай ҳолатда она фарзандига бу ножўя одатни ташлаши эвазига унга бирон нарсани ваъда қилиши, масалан уни болалар паркига олиб боришни ваъда қилиши мумкин. Ушбу тариқа ота-оналар болаларидаги нотўғри хатти-ҳаракатлар ёки одатларни бартараф этишга эришишлари мумкин бўлади. Бироқ бу ўриндаги муҳим бўлган иш – доимо болага унинг ножўя хатти-ҳаракатни аниқ тушунтириш ва унга ваъда қилинган мукофотни кечиктирмай тақдим қилиш лозим.

(Г) Баъзан болага иш буюрилса, у бунинг эвазига мукофот талаб қилади. Айтайлик, “фалон нарса берсангиз, фалон нарсани холамникидан опкеламан” ёки “эртага фалон ўртоғимникига боришга рухсат берсангиз, сиз айтган вақтда келаман” ёки “акам ҳам хонасини тартибга солса, хонамни тартибга соламан” ва ҳоказо шартларни қўйиши мумкин. Бундай пайтда боланинг айтганини қилиш, унинг шартига кўниш яхши натижа бермайди. Балки бола ҳеч қандай шартсиз ўз вазифаларини қилишга одатланиши лозим. Акс ҳолда, боладаги масъулият ҳисси йўқолиб боради. Шунингдек, ҳар бир иш олдидан болага мукофот ваъда қилиш ота-она зиммасидаги вазифага айланиб қолиб, бола ота-онаси билан ҳисоблашадиган бўлиб қолади.

(Д) Шунингдек, мукофотлаш услубини қўллаш орқали билиб-билмай боладаги айрим ножўя хатти-ҳаракатларни янада кучайишига сабабчи бўлиб қолмаслик лозим. Масалан, тўрт ёшар бола ота-онаси билан бирга уларнинг хонасида ётишни хоҳлайди. Онаси уни алоҳида ётишга кўндириш мақсадида унга бирон ширинлик беради. Онасининг бу иши натижасида болада ширинликка эришиш билан ота-онасининг ётоғида ухлаш учун тихирлик қилиш ўртасида боғлиқлик пайдо бўлади. Оқибатда, ширикликни қўлга киритиш учун тез-тез ота-онаси билан ухлашга ҳаракат қилаверадиган бўлиб қолади.

 Дарҳақиқат, фарзандлар билан алоқада хайриҳоҳлик, эътибор, шижоатлантириш ва турли хил мукофотлар тақдим қилиш масаласига кўпчилик ота-оналар бепарво ёндашадилар. Негаки, улар фарзандлар тарбиясида бу каби омилларнинг аҳамиятини англаб етмайдилар. Мазкур омиллар оила бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги руҳий алоқани мустаҳкамлаш соҳасида бениҳоят муҳимдир.

Изоҳ қолдиринг