Али розияллоҳу анҳу: ҳижратдан олдинги ишлари

0

Али розияллоҳу анҳу Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бутларни синдирганми?

Ривоят қилинишича, Али розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Каъбани олдига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Ўтир” – дедилар ва (Каъбани устига чиқиш учун) устимга чиқдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўтара олмадим. Мени қийналганимни кўриб устимдан тушдилар. Ўзлари ўтирдилар-да, менга қараб: “Устимга чиқ” – дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкаларига чиқдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўтардилар. Мени шунчалик енгил кўтардиларки, ҳатто ўзимни агар хоҳласам осмонга ҳам чиқа оладигандек ҳис қилдим. Каъбанинг устига чиқиб олдим. У ерда сариқ рангли ёки мисдан ясалган бут бор эди. Мен у бутни ҳамма тарафидан уриб, уни йиқитишга ҳаракат қилдим. Уни жойидан қимирлата олганимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни пастга улоқтир” – дедилар. Мен уни пастга улоқтирдим, у худди чинни сингандек, парча-парча бўлиб кетди. Кейин пастга тушдим ва бизни биров кўриб қолмаслиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан уйларнинг орасига беркиндик”. Бироқ бу ривоятнинг санади заиф. Бу ҳақда имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ: “Бу ривоятнинг санади заиф, матни эса мункар” – деган. Шунга биноан, бу ҳадисдан ҳеч қандай ҳукм олиб бўлмайди. Саҳиҳ ривоятларда собит бўлгани шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадалик даврларида саҳобаларни мушрикларга ёки уларнинг бут ва санамларига қарши куч ишлатишдан қайтарганлар. Маккани бутлардан тозалаш ва Араб Ярим Оролидаги бутларни йиқитиш учун қўшин юбориш ишлари Макка фатҳидан кейин бўлган.

Али розияллоҳу анҳу отасини кўмиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан бўлганми?

Ривоят қилинишича, Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Абу Толиб вафот этди” – дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бор, отангни дафн қил” – дейдилар. Али розияллоҳу анҳу отаси мушрик ҳолида вафот этганини таъкидлашига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни дафн қилишга буюрадилар. Али розияллоҳу анҳу отасини дафн қилиб қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғусл қилиб кел” – дейдилар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ғусл қил ва бошқа ҳеч бир иш қилмай мени ҳузуримга кел” – деганлар. Али розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен ғусл қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақимга шундай дуо қилдиларки, мен у дуоларни ҳеч нарсага алмашмайман”. Бу ҳадиснинг ровийси Абдураҳмон Суламий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Али розияллоҳу анҳу бирон бир маййитни ювса, ортидан ўзи ҳам ғусл қилар эди”[1].

Давоми бор

[1] “Ассаҳиҳул муснад фий фазоилис саҳоба”, 118-бет. Шайх Мустафо Адавий ҳафизаҳуллоҳ бу ривоятнинг барча ривоятлари йиғиндиси билан қўшилиб, ҳасан даражасига чиқишини айтган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг