Маййитни бошқа шаҳарда дафн этиш учун кўчиришнинг ҳукми

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Агар мусулмон киши бирон хорижий давлатда вафот этса, уни вафот этган шаҳарда кўмиш керакми ёки мамлакатига жўнатиш керакми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни имкон қадар тез дафн этишга буюрганлари ҳамда у зотнинг даврларида бирон бир мусулмоннинг мурдаси бошқа жойда кўмиш учун ташилмагани, балки вафот этган жойида дафн қилинганини эътиборга олган ҳолда жумҳур уламолар маййитни бошқа шаҳарга кўчириш ҳаром дейишган. Шундай бўлсада, маййитни ташишга арзигўлик баъзи сабаблар бўлса, унда маййит ўзгариб кетмаслиги шарти билан бошқа шаҳарга кўчириш жоиз бўлади.

Бу ҳақда аллома Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Маййитни арзигўлик сабабсиз ўзи вафот этган шаҳардан бошқа шаҳарга олиб ўтиш мумкин эмас. Бу Авзоий ва Ибн Мунзирнинг фикридир” (“Ал-муғний” 2\193).

Абуннажо Ҳижовий “Ал-иқноъ” китобининг матнида шундай дейди: “Дафн қилинадиган жойнинг муборак жой бўлиши ҳамда солиҳ кишиларнинг яқинига дафн қилиш каби бирон жўяли сабаб бўлса маййитни бошқа узоқ шаҳарга кўчириш жоиздир”.

Аҳмад Дардир Халил роҳимаҳуллоҳнинг мухтасарига ёзган шарҳида шундай дейди: “Қуйидаги шартлар асосида маййитни дафндан олдин ҳам, кейин ҳам бошқа шаҳарга кўчириш жоиз:

  • Кўчириш асносида маййит ёрилиб кетмаслиги;

  • Маййитнинг ҳурмати жойига қўйилиши;

  • Қабрини денгиз ювиб кетиб, қабри очилиб қолиши каби хатарлар бўлиши ёки кўчириб олиб борилаётган шаҳарнинг баракасидан умид қилиниши ёки оила аъзоларининг ёнига дафн қилиниши ёки оиласи унинг зиёратига келиши осон бўлиши каби бирон бир фойда кўзда тутилиши”.

Илмий изланишлар ва фатволар доимий қўмитаси бу ҳақда шундай дейди: “…Шу боис жумҳур фуқаҳолар маййитни ўзи вафот этган шаҳардан бошқа жойга кўчириш жоиз эмас, дейишган. Бироқ уни ўзи вафот этган шаҳарда дафн қилишда унинг қабрига ҳужум қилиниши ёки душманлик ва эътиборсизлик сабабли қабрни беҳурмат қилиниши хатари бўлса, уни хатардан холи жойга кўчириш вожиб бўлади. Шунингдек, оиласига тасалли бўлиши ҳамда уни зиёрат қила олишлари учун ҳам кўчириш жоиз.

Уламолар маййитни кўчириш учун юқоридаги сабаблардан бири бўлиши билан бирга дафн кечиктирилиши сабабли маййит ўзгариб кетмаслиги ҳамда маййит ҳурмати жойига қўйилишини ҳам шарт қилишган. Бинобарин, маййитни кўчириш учун бирон сабаб бўлмаса ёки мазкур шартлардан бири топилмаса, унда маййитни бошқа ерга кўчириш жоиз бўлмайди.

Шунга асосан, қўмита қуйидагича қарор қилади: суннатга амал қилиш, умматнинг салафи солиҳлари йўлига эргашиш, турли ношаръий ишларнинг олдини олиш, шариатимиз ундаганидек, маййитни дарҳол дафн қилиш, шунингдек, маййитни сақлаш учун мурда танасида ўтказиладиган амалиётлардан маййитни сақлаш, (уни кўчириш учун кетадиган) пулларни зарурат ва шаръий эҳтиёжсиз сарфламаслик мақсадида ҳар бир маййит ўзи вафот этган шаҳар қабристонида дафн қилиниши ва арзигўлик сабабсиз кўчирилмаслиги керак. Бу билан (агар маййитни кўчириш учун ишлатиладиган маблағ маййит қолдирган пулдан ишлатиладиган бўлса) меросхўрларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, (агар хайрия пуллардан бўлса) бу пуллар сарфланиши керак бўлган эзгўлик ишлари ва шаръий харажатлар хазинаси бойитилади…” (“Исломий фатволар” 2\31-32), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг