Итоатдаги ширк: Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга бориш (3)

0

(Давоми)

Юқорида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мўғул-татарлар риоя қилган қонун ҳақида гапириб, уни ислом шариатига муқобил қўйган кишини кофир деб ҳукм қилди. Бугунги кунда аксар давлатларда амал қилиб келинаётган ва ҳукмлар манбаи саналган инсон тафаккурининг маҳсули бўлмиш қонунлар ҳам “Ёсиқ” шариатининг айни ўзи, балки ундан ҳам баттарроқдир. Мазкур қонунлар аксар мусулмон давлатларда тўлиқ равишда ислом шариатининг ўрнини эгаллаб бўлган. Бундан айрим ислом мамлакатларидаги “фуқаролик кодексини”гина истисно қилиш мумкин.

Мазкур қонунлар билан ҳукм қилган кишининг кофирлигига далолат қиладиган талай оятлар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимда ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир” [Моида: 44], “Йўқ,  Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича…зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда хору зор бўлиш бўлса, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир” [Бақара: 85]. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ислом шариатини фақат адолат истаб эмас, балки эътиқоддан келиб чиқиб, шу билан Аллоҳга тоат-ибодат қиляпман, дея ҳоким қилиш лозимдир.

Шунингдек, банда ўзининг фойдасига бўладими ёки зарарига бўладими ёхуд ҳавойи нафсига тўғри келадими-йўқми Аллоҳнинг ҳукмини қабул қилиши шарт. Аллоҳ таоло айтади: “Йўқ,  Парвардигорингизга қасамки,  то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ишларидан  ўзлари хоҳлаган нарсани ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир” [Аҳзоб: 36], “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50].

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Биронтангизнинг, токи унинг ҳавойи нафси мен олиб келган динга тобе бўлмагунча иймони комил бўлмайди[1]. Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадиснинг маъноси қуйидагича: “Инсоннинг муҳаббати буйруқлар, қайтариқлар ва ундан бошқа шариатлардан иборат  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлмагунча у комил иймонли мўмин бўлмайди. Инсон комил иймонли мўмин бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни яхши кўриши ва қайтарган ишларни ёмон кўриши фарздир. Дарҳақиқат, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида ушбу маъно такрорланиб келади, Аллоҳ таоло суйган нарсаларни ёмон кўрган ёки ёмон кўрган нарсаларни яхши кўрган бандалар кескин қораланади. Аллоҳ таоло айтади: “Бунга (яъни ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни мунофиқлик йўлига) эргашиб, У зотнинг ризолигини (яъни мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, Аллоҳ (уларнинг қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди” [Муҳаммад: 28]… Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча жойларида мушрикларни ҳавойи нафсга эргашиш билан сифатлаб, шундай дейди: “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50]. Шунингдек, бидъатлар ҳам ҳавойи нафсни шариатдан устун қўйиш сабабидан пайдо бўлади. Шу боис, бидъатчилар “аҳли аҳво” деб номланди. Бошқа ҳар қандай гуноҳлар ҳам ҳавойи нафсни Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни яхши кўришдан устун қўйишдан келиб чиқади. Айни дамда шахсларни яхши кўриш борасида риоя қилиш фарз бўлган нарса – ҳар қандай шахсга бўлган муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлиши лозим. Мўмин киши фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардан иборат Аллоҳ яхши кўрган бандаларни яхши кўриши фарздир” (Иқтибос тугади).

Ундан ташқари шундай ишлар борки, бу ишлар тавҳидга зид бўлган ва ислом динидан юз ўгириш – муртадликни келтириб чиқарадиган ишлардир. Аллоҳ таолонинг ҳаққида ёмон гумонга бориш ва Аллоҳнинг зикри бўлган бирон нарсани таҳқирлаш ана шулар жумласидандир.

  1. Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга бориш:

Аллоҳ таоло тўғрисида яхши гумон қилиш тавҳид фарзларидан биридир. Аксинча, Аллоҳ ҳаққида ёмон гумон қилиш тавҳидга зид амалдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мунофиқларнинг У зот ҳаққидаги ноҳақ гумонлари хусусида шундай дейди: “Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида ноҳақ,  жоҳилиятчасига гумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар.  Улар: “Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди”, дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): “Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!” [Оли Имрон: 154].  Бошқа бир оятда мунофиқларнинг Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон гумонга боришгани хусусида шундай дейилади: “Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамбарига ва мўминларга ғалаба бермайди деб) ёмон гумон қилувчи мунофиқ эркак ва аёлларни ҳамда мушрик эркак ва аёлларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгувчидир. Аллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!” [Фатҳ: 6].

Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ биринчи оят тафсири ҳақида шундай дейди: “Тафсир қилинишича, мунофиқлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарига ғалаба бермайди ва унинг иши яқин орада инқирозга юз тутажак, деб гумон қилганлар. Шунингдек, мунофиқларнинг гумонича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошига тушган ишлар Аллоҳнинг тақдири ва ҳикмати билан юз бермаган. Бинобарин, мунофиқлар Аллоҳнинг ҳикмат соҳиби экани, барча ишлар Унинг тақдири билан юз бериши ва Расулининг дини комил бўлиб, Аллоҳ таоло бу динни барча динлар устидан ғолиб қилишини инкор қилганлар. Фатҳ сурасида зикр қилинган мунофиқлар ва мушрикларнинг ёмон гумонидан мақсад ҳам шудир. Бу гумоннинг ёмон бўлишига сабаб, мунофиқларнинг Аллоҳга, Унинг ҳикмати, ҳар ишда ҳамд-санога сазоворлиги ва рост ваъдасига нолойиқ бўлган ишларни гумон қилишганидир. Кимда ким Аллоҳ таоло ботилни ҳақ устидан давомли равишда ғолиб қилиб қўяди ва шу йўсинда ҳақ йўқолиб кетади, деб ўйласа ёки юз берган барча ишлар Аллоҳнинг қазо-ю қадари ила бўлишини ёхуд Аллоҳ тақдир қилган барча ишлар Унинг етук ҳикматидан келиб чиқиб содир бўлгани ва унинг эвазига Аллоҳ таоло ҳамду санога сазовор эканини инкор этса, ана ўша кофир кимсаларнинг гумони бўлади. Кофир кимсаларга дўзахдан ҳалокат бўлсин! Кўпчилик одамлар ўзларига тааллуқли бўлган ишларда ҳам, бошқаларга тааллуқли ишларда ҳам Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга борадилар. Бу балодан Аллоҳни, Унинг исм ва сифатларини ҳамда ҳикмати ва ҳамди тақозо қилган нарсани яхши билан зотларгина саломат қоладилар. Бинобарин, ўзига фойда ва манфаатни раво кўргувчи доно инсон бу эътиқодга яхши эътибор қаратсин, Парвардигори ҳаққида қилган ёмон гумонидан Аллоҳга тавба қилиб, Ундан истиғфор сўрасин!

Ҳар қандай инсонни текшириб қарасангиз, унда тақдирга бўлган эътироз ва маломат борлигига гувоҳ бўласиз. Унинг фикрича, ишлар аслида мана бундоқ-ана ундоқ бўлиши керак. Кимга қараманг, унда озми-кўпми тақдирдан нолиш бор. Хўш, сиз ўзингизни бир текшириб кўрингчи, бу балодан саломатмисиз?!

(Давоми бор)

[1] Ибн Аби Осим “Сунна”да (15), Табароний “Мўъжамил кабир”да, Абу Нуайм “Арбаийн”да, Хатиб “Тарих”да (4-жилд, 469-бет), Байҳақий “Мадхал”да (209), Бағавий “Шарҳи сунна”да (1-ж, 212-213-бетлар) ривоят қилишган. Ҳадисни Нававий, Ибн Ҳажар ва бошқалар саҳиҳ деган бўлсалар, бир жамоат муҳаддислар (жумладан, Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул улум вал ҳикам”да) заиф дейишган.

Изоҳ қолдиринг