Усмонийлар давлатининг ташкил топиши (муқаддима)

0

Усмонийларнинг насаби ҳижрий еттинчи, милодий ўн учинчи асрда Курдистонда яшаб, деҳқончилик билан шуғулланадиган қабилага бориб тақалади. Чингизхон бошчилигидаги мўғул-татарларининг Ироқ ва Шарқий Осиёга қилган ҳужумлари натижасида Усмонғозийнинг бобоси Сулаймон ҳижрий 617, милодий 1220 йилда қабиласи билан биргаликда Анатолияга ҳижрат қилишга мажбур бўлади ва Ван вилоятидаги Ахлот қишлоғида қўним топади. Сулаймоннинг вафотидан сўнг унинг ишларини ўртанча ўғли Эртуғрул давом эттирди. Эртуғрулнинг ёнида юзга яқин оила, тўрт юзга яқин отлиқ бор эди. Бир куни Эртуғрул узоқдан келаётган бақир-чақирни эшитди. У ерда нима бўлаётганига қизиқиб борган Эртуғрул, мусулмонлар билан насронийлар ўртасида қизғин жанг кетаётганига шоҳид бўлди. Урушда ғолиблик Византия қўшини тарафида эди. Эртуғрул ўз қабиласи билан мўғуллардан қочиб юрган бўлишига қарамай, мусулмон биродарларига ёрдам бериш мақсадида ҳеч иккиланмай жангга қўшилди. Эртуғрул ва унинг суворийлари кўрсатган жасорат туфайли уруш натижаси мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди. Уруш ниҳоясига етгач, салжуқийлар саркардаси Эртуғрул ва унинг қабиласи кўрсатган хизматларни муносиб тақдирлади. Уларга Анатолиянинг ғарбидан ер ажратиб берди ва Римга қарши жиҳод қилиб, қўл остидаги ерларни кенгайтиришларига рухсат берди. Эртуғрул қабиласи ва салжуқийлар ўртасидаги дин ва эътиқодга асосланган бу алоқа узоқ вақт давом этди. Ҳижрий 699, милодий 1299 йил Эртуғрул вафот этганидан кейин ўрнига ўғли Усмон ўтирди ва Римга қарши жиҳод қилиш борасида отасининг сиёсатини давом эттирди. Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимизда Усмонғозий ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг