Тақинчоқлар закоти

0

Тақинчоқлар закоти

Тақинчоқлар икки қисмга бўлинади:

  1. Тилла ва кумуш тақинчоқлар

Дарҳақиқат, уламолар тилла ва кумуш тақинчоқлардан закот бериш фарз ёки фарз эмаслиги хусусида турлича фикр билдирганлар. Айрим уламоларнинг фикрича, тилла ва кумуш тақинчоқлардан закот бериш борасида улардан зеб-зийнат сифатида фойдаланиш билан мол-дунё жамғариш ёки тижорат қилиш мақсадида эгалик қилиш ўртасида фарқ бор. Бироқ мазкур фикрлар орасидаги рожиҳ фикрга кўра, тилла ва кумуш тақинчоқларга нима мақсадда эгалик қилишдан қатъий назар, модомики нисобга[1] етган ва ҳавл айланган бўлса закот бериш фарздир. Қуйидагилар шунга далолат қилади:

1) Амр ибн Шуайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қўлларида тилла билагузуклар таққан икки аёл келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар иккисига шундай дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло қўлларингга оловдан бўлган билагузуклар тақишини хоҳлайсизларми?”. “Йўқ”, – дейишди икки аёл. “Ундай бўлса, қўлларингдагини закотини адо этинглар[2].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб келиб, қўлимдаги (кўзсиз) кумуш узукларни кўрдилар. “Бу нимаси, Ойша?” – дедилар. “Сиз учун безаниш мақсадида шундай қилдим, ё Расулуллоҳ”, – дедим. “Буларнинг закотини берасанми?”, – дедилар. Мен: “Йўқ” ёки (эсимда йўқ, шу мазмунда), нимадир дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзахда азобланишинг учун буларнинг закотини бермаслигингнинг ўзи кифоя” – дедилар[3].

Мазкур ҳадислардан маълум бўладики, унда зикр қилинган тақинчоқлар зеб-зийнат учун бўлган ва шунга қарамай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тақинчоқлар эгаларини закотини беришга буюрганлар.

Юқорида зикр қилинган рожиҳ фикрга қарши фикр билдирган уламоларнинг тилла ва кумуш тақинчоқлардан зеб-зийнат учун ишлатиладигани билан тижорат қилиш мақсадида ишлатиладигани ўртасини ажратишларига далолат қиладиган бирон мўътабар саҳиҳ далиллари йўқ.

2) Тилла ва кумушдан закот бериш фарз экани тўғрисидаги умумий далиллар улар иккисининг танга ёки руда кўринишида ёки зеб-зийнат ёки бойлик жамғариш ёхуд ўзгалар фойдаланишлари учун омонатга берилиши учун тақинчоқ кўринишида ёки бошқа ҳар қандай кўринишда бўлиши ўртасини ажратмаган. Шунга кўра тилла ва кумуш ҳар қандай кўринишда ёки ундан нима мақсадда фойдаланишидан қатъий назар улар иккисидан закот бериш фарздир.

Шуни билиб қўйиш лозимки, агар тилла ёки кумуш тақинчоқлар нисобга етиб, ҳавл айлангач, закотини чиқариш фарз бўлса-ю, бироқ закотини бериш учун маблағ топилмаса, у ҳолда аёл киши закот миқдорича тақинчоқларидан маълум бир қисмини сотиши фарз бўлади. Агар эри ёки қариндошларидан бири тақинчоқлари закотини чиқаришга ёрдам берса, албатта, бундай ҳолатда тақинчоқларини сотишга ҳожат қолмайди.

  1. Тилла ва кумушдан бошқа тақинчоқлар

Тилла ёки кумушдан бошқа олмос, дур, ёқут, маржон, забаржад ва бошқа қимматбаҳо тошлардан иборат тақинчоқлар қиймати қанчалик юқори бўлмасин улардан закот чиқариш фарз бўлмайди. Бироқ бундай тақинчоқлар билан тижорат қилинса, у ҳолда савдо моллари сифатида закот бериш фарздир. Савдо молларидан бериладиган закот тўғрисида келгусида сўз юритамиз, иншаоллоҳ.

[1] Тилла нисоби 20 мисқол (динор) олтинга тенг бўлиб, 85 грамга, кумуш нисоби эса 200 дирҳамдан иборат бўлиб, 595 грамга тенг келади. Кимда ким мазкур миқдорга тенг олтин ёки кумушга эга бўлиб, унга ҳавл айланса, ундан закот бериш фарз бўлади.

[2] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар йиғиндиси ила саҳиҳ даражасига кўтарилади. Ҳадисни Абу Довуд (1563), Насоий (5/35), Термизий (637) ривоят қилишган. Зайлаий “Насбур роя”да  (2/370) Ибнул Қаттоннинг ҳадис тўғрисида “санади саҳиҳ”, деган сўзини нақл қилган.

[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (1565), Байҳақий (4/139) ва Ҳоким (1/389) ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ деган ва Заҳабий Ҳокимнинг ҳадисга чиқарган ҳукмига қўшилишини билдирган. Шунингдек, Ибн Дақиқул Ийд: “Ҳадис Муслим шартига мосдир”, деган. Қаранг: “Насбур роя” (2/371).

Изоҳ қолдиринг