Қуръони Каримда Солиҳ алайҳиссалом қиссаси (2)

0

Қуръони Каримда Солиҳ алайҳиссалом қиссаси

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай дейди: “Самуд қавмига ўз насабдош биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат келди. Мана бу Аллоҳнинг туяси сизлар учун оят — мўъжизадир. Шундай экан, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида холи қўйинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар. Акс ҳолда, аламли азобга йўлиқасизлар. Сизларни Од қавмидан кейинги авлодлар қилиб қўйгани, сизларга ерни маскан қилиб бергани, унинг текисликларида қасрлар бино қилганингиз ва тоғларни тарошлаб уйлар қуриб олганингизни эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб юрмангиз!” Шунда унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечораларига — уларнинг ораларидаги мўмин бўлган зотларга: “Солиҳни Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисиз?” дейишди. Улар айтдилар: “Албатта, биз унинг воситасида юборилган динга иймон келтиргувчимиз”. Мутакаббир кимсалар эса: “Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз”, дейишди-да, туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди, кейин: “Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган Аллоҳнинг азобини келтир-чи?”, дейишди. Шунда уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида ҳалок бўлдилар. Кейин Солиҳ улардан юз ўгириб ўзича деди: “Эй қавмим, мана, мен сизларга Парвардигоримнинг динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим. Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз” [Аъроф: 73-79].

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида шундай дейди: “Самуд қабиласига насабдош биродарлари Солиҳни пайғамбар қилиб юбордик. У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди. Шундай экан, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар. Албатта, Парвардигорим яқин ва дуоларни ижобат қилгувчидир”. Улар дедилар: “Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги яхшилик умид қилинадиган  киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз”. У айтди: “Эй қавмим,  айтингларчи,  агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва менга Ўзининг раҳмати — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю,  шундан кейин мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан, яъни Унинг азобидан мени ким қутқарур?! Сизлар мени исёнга чорлашингиз билан зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар! Эй қавмим, мана бу Аллоҳ юборган туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Шундай экан, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида холи қўйинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар,  акс ҳолда жуда  яқин азобга дучор бўлурсизлар”.  Улар эса туяни сўйиб юбордилар. Шунда Солиҳ айтди: “Уй-жойларингизда уч кун тириклик неъматидан баҳраманд бўлингиз. Мана шу чин ваъдадир”. Энди қачонки Бизнинг фармонимиз, яъни биз юборган бало келганида Солиҳ ва У билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан у азобдан ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қудрат эгасидир. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд қабиласи ҳалокатга учради” [Ҳуд: 61-68].

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай дейди: “Аниқки, Ҳижр водийси аҳолиси бўлмиш Самуд қабиласи ҳам пайғамбарларни, яъни  Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилдилар. Биз уларга Ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик, улар эса бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар. Улар тинч-омонликда тоғлардан уйлар йўниб юрганларида тонг чоғида уларни даҳшатли қичқириқ тутди. Шунда уларга қурган тош қалъалари бирон фойда бермади” [Ҳижр: 80-84].

Аллоҳ таоло Субҳон сурасида шундай дейди: “(Эй Муҳаммад,  мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у мўъжизаларни ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ мўъжиза бўлган туяни ато этганимизда уни инкор этдилар ва оқибатда қирилиб кетдилар. Биз мўъжизаларни фақат бандаларимизни ҳалокатдан қўрқитиш учунгина юборурмиз” [Исро: 59].

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида шундай дейди: “Самуд қабиласи пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди:  “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.  Бас,  Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!  Мен бу даъватим учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-муофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар бу ердаги нарсаларда – боғлару булоқларда,  экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисиз (яъни шундай нозу неъматлардан фойдаланиб мангу яшайверамиз, деб ўйлайсизларми)?! Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ер юзида бузғунчилик қиладиган ва ислоҳ нима билмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!”. Улар дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Бас,  агар “пайғамбарман”, деган даъвойингда ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!” У айтди: “Менинг мўъжизам мана шу туядир.  Маълум бир кун сув ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда бошингизга улуғ куннинг — қиёматнинг азоби тушар”. Бас улар туяни сўйдилару,  надомат қилгувчиларга айландилар. Уларнинг бошларига азоб тушди.  Албатта бунда, яъни Солиҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада оят-ибрат бордир.  Лекин одамларнинг кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи кофирлар устидан ғолиб, мўминларга меҳрибондир” [Шуаро: 141-159].

Аллоҳ таоло Намл сурасида шундай дейди: “Қасамки, Биз Самуд қабиласига насабдош биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. У қавмига: “Аллоҳга ибодат қилингиз”, деди. Баногоҳ улар талашиб-тортишадиган икки гуруҳ бўлиб олдилар. (Самуд қабиласидаги кофир бўлган гуруҳ Солиҳга: “Агар чин пайғамбар бўлсанг, бизларни қўрқитаётган азобингни келтир-чи”,  деганларида) у айтди: “Эй қавмим, нега сизлар яхшилик – раҳматдан илгари ёмонлик – азобни қистамоқдасиз?! Сизларга раҳм-шафқат қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!”. Улар дедилар: “Бизлар (бошимизга тушган очарчилик – қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган мўминларнинг шумқадамлигидан, деб билдик”. У айтди:  “Сизларнинг бошингизга тушган бахтсизлик Аллоҳ ҳузуридандир. Балки сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз. У шаҳарда ўзларини ўнгламай ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб бир-бирларига айтдилар:  “Албатта Солиҳни ва унга эргашганларни тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг ҳомийсига:  “Бизлар на Солиҳнинг ва на унга эргашганларнинг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз.  Албатта бизлар ростгўй кишилардирмиз”,  деймиз”. Улар Солиҳ ва унга эргашганларга қарши ўз макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида уларни ҳалок қилиш билан бир макр қилдик. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг — Биз уларни ва барча қавмларини ҳалок қилдик. Мана,  улар золим бўлганлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди!  Албатта бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир. Иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга эса нажот бердик” [Намл: 45-53].

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида шундай дейди: “Энди Самуд қабиласига келсак, Биз уларни тўғри йўлга ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб,  кўрлик ва залолатни ихтиёр қилдилар. Ўз қилмишлари (яъни куфрни ихтиёр этганлари) сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоғи урди. Биз иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга (яъни Самуд қабиласини ҳидоят йўлига даъват қилган Солиҳ пайғамбар ва у кишига иймон келтирган зотларга чақмоқ балосидан) нажот бердик” [Фуссилат: 17-18].

Аллоҳ таоло Қамар сурасида шундай дейди: “Самуд қабиласи ҳам Солиҳ пайғамбар келтирган огоҳлантиришларни ёлғон деди. Улар айтдилар:  “Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга пайғамбар деб эргашурмизми?!  У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва аҳмоқлик қилган бўлурмиз-ку!  Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма – ваҳий ташланибдими?! Йўқ, у ҳаддан ошган ёлғончидир”. Улар эртага (охиратда) ким ҳаддан ошган ёлғончи эканини билиб олажаклар. Албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун бир туя юборгувчидирмиз. Эй Солиҳ,  сен уларнинг қилмишларини кузатиб ва азиятларига сабр қилиб туравергин! Сувнинг улар билан туя ўртасидаги тақсимлаб қўйилгани (яъни сувдан бир кун улар ичсалар, бир кун туя ичишлиги лозим экани) ва ҳар ким ичиш навбати келганида ҳозир бўлиши ҳақида уларга хабар бергин!  Сўнг улар ўзларининг бир шерикларини туяни ўлдириш учун чорлаган эдилар, у келиб қиличини олди-да,  туяни сўйиб юборди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқе, Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эдик, улар худди қўйлари учун қўра ясовчининг қўрасидан тўкилган хас-хашак каби бўлиб қолдилар.  Қасамки,  Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик.  Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?” [Қамар: 23-32].

Аллоҳ таоло Шамс сурасида шундай дейди: “Самуд қабиласи ҳаддан ошганлари сабабли ўз пайғамбарларини ёлғончи қилишди. Эсланг,  уларнинг энг бадбахтлари туяни сўйиш учун қўзғалганларида Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом уларга: “Аллоҳнинг туясини сўйиб юборишдан ва уни суғоришга тўсқинлик қилишдан сақланинглар!”, деди. Бас, улар Пайғамбарни ёлғончи қилишиб, у туяни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари ўзларининг гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб,  бу қирғинни барчаларига баробар қилди. Зотан, Аллоҳ таоло бу ишининг оқибатидан қўрқмас!” [Шамс: 11-15].

Изоҳ қолдиринг