Эрнинг ҳаққи устунми ёки онаникими?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Сизларга бир саволим бор эди: онамнинг ҳаққи устунми ёки эримникими?

Жавоб:

 Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Шак-шубҳа йўқки, шариатимиз онанинг мартабасини кўкка кўтариб, унга яхшилик қилиш, итоат қилишни фарзандларга фарз қилган. Айни пайтда онага оқ бўлишни, унинг дилини ранжитишни ҳаром қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши: “Яхшилик қилишимга энг ҳақли инсон ким?”, деб сўраганида  у зот: “Онанг, онанг, сўнгра онанг, сўнг отанг, сўнг улардан кейинги энг яқин қариндошларинг”, дея жавоб қилганлар [Муслим: 2548].

Бироқ онанинг, умуман олганда ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи ва мартабаси улуғ бўлишига қарамасдан эрнинг аёл киши зиммасидаги ҳаққидан устун эмас. Балки хотин кишига нисбатан эрнинг ҳаққи онанинг ҳаққидан устундир. Аслида доно аёл шариатга хилоф келмаган ишларда эрини рози қилишга интилмоғи, айни дамда эрининг хоҳиши ва итоатидан чиқмаган ҳолда онасига ҳам яхшилик қилиши лозим. Аммо онаси ва эрининг хоҳиши ёки буйруғи бир-бирига тескари келиб қолган пайтда албатта эрига итоат қилиши лозим. Зеро, аёл киши модомики эри гуноҳ ишларга буюрмаса, ўз ҳақ-ҳуқуқлари доирасида бирон ишга буюрса, унга итоат қилиши фарздир. Негаки, эрга итоат қилиш фарзлиги, унинг аёли устидаги ҳаққи нақадар улуғлиги ва эрга итоатсизлик қилиш катта гуноҳ экани хусусида талай ҳадислар мавжуд.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қайси аёл (тақводор) эри ундан рози бўлган ҳолида вафот этса, албатта жаннатга киради[1].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, рамазон рўзасини тутса, иффатини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннатнинг истаган эшигидан киради[2].

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар бирон кишини бошқасига сажда қилишга буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлур эдим[3]. Шунингдек, ҳадиснинг бошқа бир ривоятида шундай дейилади: “Агар бирон кимсани Аллоҳдан ўзгага сажда қилишга буюрганимда, эркакларнинг аёллар зиммасидаги улкан ҳаққи сабаб, аёлларни эрларига сажда қилишга буюрган бўлур эдим[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аёлларнинг энг яхшиси унга қарасанг сени хурсанд қиладиган, (бирон ишга) буюрсанг итоат этадиган, унга тегишли бирон қасам ичсанг, қасамингни бузмасликка ёрдам берадиган ва кўчага чиққанингда уйда иффатини ва сенинг мол-мулкингни асраб-авайлайдиган аёлдир[5].

Сулаймон ибн Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёлларга яхшилик қилинглар (ёхуд менинг улар ҳақида айтган васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар). Зеро, улар сизнинг ҳузурингизда тутқундирлар…[6].

Мазкур ҳадислардан маълум бўладики, эрнинг аёли устидаги ҳаққи бениҳоят каттадир. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг измида бўлади, энди у ота-онасидан кўра кўпроқ эрига итоат этиши лозим. Албатта, эрга ва умуман олганда ҳар қандай кимсага шариат доирасидаги ҳалол ишлардагина итоат қилинади. Борди-ю, эр аёлини шариатга хилоф ишларга буюрса, унга итоат қилинмайди. Зеро, Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яратганга гуноҳ бўлган ишларда бирон кимсага итоат қилинмайди[7], деганлар.

Модомики эр диндор бўлиб, хотинига нисбатан ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажарса, хотини унга итоатсизлик қилиши ҳаромдир. Аёл эрининг уйида асирадир: эрининг изнисиз, ҳатто ота-онаси буюрса ҳам, уйидан чиқиши жоиз эмас. Шунингдек, модомики шартлашмаган бўлсалар эр хотини билан истаган жойга бориб яшашга ҳақлидир. Ота-она қизидан эрининг хоҳишига зид бўлган ишларни талаб қилиши ҳамда хотин бу борада уларга итоат қилиб, эрига осий бўлиши жоиз эмас. Шунингдек, хотин киши, модомики эри намозхон солиҳ киши бўлса, ота-онасининг эридан ажралиш тўғрисидаги истакларига бўйсуниб, эридан талоғини сўраши ҳам ҳаромдир.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, агар эр хотинидан ота-онаси билан алоқани узишни талаб қилса, мутлақо ота-онасини зиёратига боришдан ман қилса, уни ҳаром ишга буюргани боис гуноҳкор бўлади ва бу ҳолатда аёл эрига итоат қилиши жоиз эмас.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариат аёлни ҳам ота-онасига, ҳам эрига яхшилик қилиш ва модомики гуноҳ бўлмаса уларга итоат қилишга буюрган. Бироқ аёлнинг эрига итоат қилиши зарурлиги хусусида шариатимизда келган талай оят-ҳадисларга биноан, шунингдек,  аёл турмушга чиққач, эри унинг ҳимоячиси ва моддий жиҳатдан таъминотчисига айлангани боис, ота-она билан эрнинг талаби қарама-қарши келган пайтда эрга итоат қилиши лозим ва мақсадга мувофиқдир. Бироқ доно аёл имкон қадар ҳар иккисининг хизматида бўлиш, уларнинг розилигини қозонишга ҳаракат қилмоғи керак, валлоҳу аълам.

[1] Термизий (1161) ривоят қилиб, “бу ҳасан-ғариб ҳадисдир”, деган. Ҳадисни шайх Албоний заиф деган.

[2] Ибн Ҳиббон (4151) ривояти. Ҳадисни шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ “ҳасан лиғайриҳ”, деган.

[3] Термизий ривояти (1159). Ҳадисни Термизий “ҳасан”, деган бўлса, Албоний “ҳасан-саҳиҳ”, деган.

[4] Абу Довуд (2140) ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

[5] Насоий (6\ 68), Аҳмад (2\ 251), Байҳақий (7/ 82) ва Таёласий (1\ 306-бет\ 2325) ривоят қилган. Ҳадис матни Таёласийга оид. Ҳадис санади саҳиҳ.

[6] Ибн Можа (1851), Термизий (1197, 3341) ва Насоий “Кубро”да (9124) ривоят қилишган. Термизий ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ”, деган.

[7] Аҳмад (20672), Ҳоким (5870) ва Табароний (367) ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг