Ҳазиллашиб айтилган талоқ

0

Ҳазиллашиб айтилган талоқ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Уч нарсанинг чини ҳам, ҳазили ҳам чин: никоҳ, талоқ ва ражъа (яъни ражъий талоқда аёлини ўз никоҳига қайтариш)”[1].

Дарҳақиқат, уламолар ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳукмида ихтилофлашганлар. Шофеий ва ҳанафий мазҳабига кўра бундай талоқ инобатга олинса, моликий ва ҳанбалий мазҳабига кўра ҳазиллашиб айтилган талоқ тушмайди.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аксар уламоларнинг иттифоқ қилишича, балоғатга етган эс-ҳушли инсон очиқча талоқ сўзини тилга олса, айтган талоғига жавобгар бўлади. Энди унинг “ўйнаб, ҳазиллашиб айтган эдим” ёки “талоқни ният қилмадим” ва шу каби сўзлари фойда бермайди[2].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадислар шуни ифода қиладики, агар мукаллаф (яъни балоғат ёшига етиб, шариат аҳкомларини бажаришга мажбур) бўлган инсон ҳазиллашиб талоқ, никоҳ ёки ражъа қилса, ҳазиллашиб айтган сўзига жавобгар бўлади. Демак, гарчи уйқудаги, унутган, телба ва мажбурланган кишиларнинг сўзи инобатга олинмасада, бироқ ҳазиллашиб айтилган сўз инобатга олинар, ҳазиллашиб гапирган киши айтган сўзига жавобгар бўлар экан. Мазкур инсонлар билан ҳазиллашиб сўзлаган инсон ўртасидаги фарқ шундаки, ҳазиллашиб сўзлаган инсон сўзидан келиб чиқувчи ҳукмни қасд қилмасада, бироқ айтган сўзини қасддан гапиради. Чунки ҳукм мукаллафнинг ихтиёридаги иш эмас. У ҳукмга элтувчи сабабларни ихтиёр қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга, холос. Сабаблар ортидан келиб чиқувчи натижа ва ҳукмлар эса, хоҳ уни мукаллаф қасд қилсин, хоҳ қасд қилмасин, шариат соҳибининг ихтиёридадир. Муҳими, мукаллаф эс-ҳуши жойида бўлган ҳолида ҳукмга элтувчи сабабни ўз ихтиёри билан қасд қилишидир. Мукаллаф ҳазиллашадими ёки чин айтадими, сабабни қасд қилар экан, шариат унинг ортидан ҳукмни келтириб чиқаради. Ҳазиллашган инсондан фарқли ўлароқ, ухлаётган ёки руҳий касал, телба ёки маст инсонларда соғлом қасд-ихтиёр бўлмагани боис, улар мукаллаф бўлмайдилар. Уларнинг сўзлари худди нима сўзлаётганини англаб етмаган ва қасд қилмаган ёш болаларнинг сўзларига ўхшайди.

Масаланинг сири – сўз маъносини билиб, бироқ ундан келиб чиқадиган ҳукмни қасд қилмаган ҳолда қасддан шу сўзни гапириш билан сўз маъносини ҳам билмай ва сўзни қасд ҳам қилмасдан талаффуз қилиш ўртасидаги фарқда. Зеро, шариат эътиборга олган ҳолатлар тўртта:

  1. Ҳукмни қасд қилиб, бироқ унга элтувчи сабаб – сўзни талаффуз қилмаслик;

  2. Сўзни ҳам, ундан келиб чиқадиган ҳукмни ҳам қасд қилмаслик;

  3. Сўзни қасд қилиб, ундан келиб чиқадиган ҳукмни қасд қилмаслик;

  4. Сўзни ҳам, ундан келиб чиқадиган ҳукмни ҳам қасд қилиш.

Юқорида зикр қилинган биринчи ва иккинчи ҳолатларда ҳеч қандай ҳукм келиб чиқмайди, охирги икки ҳолатда эса айтилган сўз инобатга олинади ва ундан келиб чиққан ҳукмга мукаллаф жавобгар бўлади[3].

Биринчи ҳолатга мисол: инсон кўнглида аёлини талоқ қилиш фикри туғилади ва талоқ ҳукмини қасд қилсада, бироқ талоқ сўзини талаффуз қилмайди. Бинобарин, бу ҳолатда талоқ тушмайди.

Иккинчи ҳолатга мисол: ухлаётган ёки мажбурланган инсон талоқ сўзини талаффуз қилади. Бу ҳолатда ҳам талоқ тушмайди, чунки улар сўзни қасд қилмасдан, беихтиёр сўзлаганлар.

Учинчи ҳолатга мисол: ҳазиллашиб талоқ сўзини айтган киши. Бундай кишининг сўзи инобатга олинади ва талоғи тушади. Негаки, у сўзни қасд қилган. Аммо ҳукмга келсак, у мукаллафнинг ихтиёридаги иш эмас.

Тўртинчи ҳолатга мисол: балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида инсоннинг талоғи. Бундай кимсанинг ҳам сўзи инобатга олинади. Негаки, у сўзни ҳам, ҳукмни ҳам қасд қилган.

[1] Албоний саҳиҳ деган. Ҳадисни Абу Довуд (2194), Термизий (1184) ва Ибн Можа (2039) ривоят қилишган. Шунингдек, ҳадисни Шуайб Арноут ҳам ҳасан деган. Шайх Шуайб Арноутнинг “Зодул маод” китобига ёзган изоҳига қаранг (5/201).
[2] “Маолимис сунан” (2/644, “Сунани Аби Довуд” асарининг ҳошияси).
[3] “Зодул маод” (5/204, 205).

Изоҳ қолдиринг