Қайтар дунё: Қорун – мутакаббирлар пешвоси

1

Қорун Бани Исроилда яшаб, мутакаббирлиги туфайли ер ютиб юборган бир бой кишининг исми. У ҳақидаги ҳикоя Қуръони Каримда батафсил айтилган ҳикоялардан бири саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Қорун Мусо (алайҳиссалом) қавмидан эди. У ўз қавмига нисбатан ҳаддидан ошди”. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Абу Ҳотим саҳиҳ санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг амакиваччаси бўлган. Қорунга Аллоҳ таоло шу даражада бойлик берган эдики, хазинасининг калитларини бир гуруҳ бақувват кишилар зўрға кўтаришар эди. Бу ҳақда юқоридаги оятларнинг давомида шундай дейилган: “Биз унга калитлари бир гуруҳ бақувват кишиларга оғирлик қиладиган бойлик ато этдик”.

Унинг ҳаддидан ошиши ҳақида бир қанча фикрлар бор. Жумладан, у Мусо алайҳиссаломга ҳасад қилган, бир фоҳиша аёл билан келишган ҳолда Мусо алайҳиссаломни зинода айблаган. Лекин Аллоҳ таолонинг амри билан фоҳиша бу ишни Қорун қилганини тан олган. Унинг ҳаддидан ошиши мутакаббирлик деб ҳам тафсир қилинган. Ривоятларга қараганда, такаббурлик қилиб кийимни ерга судраб кийиш одатини Қорун пайдо қилган. У мутакаббирлик қилиб, ўзидан бир қарич узун кийим кийиб юрар экан. Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Қоруннинг ҳаддидан ошиши шундай изоҳланади: “Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга Аллоҳ таолонинг буйруқларини етказар эди. Бу буйруқлар уларнинг мол-мулкларига ҳам тааллуқли бўлиши Қорунга оғир ботди. Шунда у қавмидан бир гуруҳ инсонларга: “Мусо “зино қилган киши тошбўрон қилинади”, демоқда. Келинглар, бир фоҳишага бироз пул берайлик, у: “Мусо мен билан зино қилди” – деб айтсин. Шунда Мусо тошбўрон қилинади ва шу тариқа ундан қутиламиз” – деди ва биргаликда шундай қилдилар ҳам. Мусо алайҳиссалом одамлар ичида зинонинг ҳаромлиги ва бу ишни қилган киши тошбўрон қилиниши ҳақида хутба қилиб турганларида Қорун тил бириктирган инсонлар Мусо алайҳиссаломдан сўрашди:

– Агар сиз зино қилсангизчи?
– Мен қилсам ҳам, – дея жавоб берди Мусо алайҳиссалом.
– Ахир, сиз зино қилдингизку?!

Бу гапни эшитган Мусо алайҳиссалом ҳайратдан ёқа ушлаб қолдилар. Одам юбориб, ҳалиги фоҳиша олиб келинди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроил учун денгизни иккига бўлган Зотни ўртага қўйиб, ундан фақат ростини айтишини қаттиқ талаб қилдилар ва фоҳиша бўлиб ўтган ишни айтиб берди. Шунда Мусо алайҳиссалом сажда қилиб йиғлади. Аллоҳ таоло у зотга: “Мен ерни сенга итоат қилишга буюрдим, унга хоҳлаган буйруғингни бер” – деб, ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом ерга буйруқ берди ва ер Қорун ва унинг ҳамтовоқларини ютиб юборди”. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “У ернинг еттинчи қаватига кириб кетди. Қатода роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қорун тавротни чиройли ўқигани сабабли Нур деган ном олган экан”[1].

Қорунни ер ютишига сабаб фақат унинг бу иши эмасди. Қавми унга такрор ва такрор насиҳат қилиб, уни манмансирамаслик, Аллоҳ таоло ато этган бу молу давлатдан Аллоҳ йўлида садақа қилишга, ерда фасод тарқатмасликка чақирганида унинг жавоби қуйидагича бўлди: “Мен бу нарсаларга ўз илмим билан етишганман”. Лекин Аллоҳ таолонинг азоби олдида на молу мулк, на мансаб ва на насаб фойда бермайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган бирон гуруҳ йўқ ва у ўзига ўзи ҳам ёрдам бера олмайди” – деди.

Қорун йиққан молу давлати билан фахрланиб, ер юзида манмансирагани боис Аллоҳ таоло қиёмат кунигача уни барча мол-мулки билан одамлар оёғи остига чўктириб юборди. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак.

Инсон зоти шунақа нонкўр бўлар экан. Аллоҳ таоло унга илм-маърифат, молу давлат ёхуд куч-қувват берса, уни Аллоҳ йўлида ишлатиш у ёқда турсин, ҳатто бу неъматларни ким берганини ҳам унутиб қўяр экан. Қуръони Каримда айтиб ўтилган бу қиссада биз учун кўп ибратлар бор. Ҳар биримиз ўзимизга бир назар солайлик, илмлиларимиз “ўз ҳаракатим билан бу илмга етишганман” деса, кучлиларимиз “кўп шуғулланиш эвазига мана шундай кучга эришганман” деса, бойларимиз “уддабуронлигим туфайли шу мартабага етишганман” деса, бизни Қорундан нима фарқимиз қолади?! Аллоҳ таоло Қорун ҳақида: “У билмайдими, ахир, биз ундан олдин ундан кўра бақувват ва мол-мулки кўп инсонларни ҳам ҳалок қилганмиз-ку?!” – дегани бежиз эмас. Бу оятдан “ким шундай тушунчада бўлса, уни ҳам шундай жазо кутмоқда” деган маъно чиқмайдими?! Қорун ва ундан кейин ўтган бойларга бир назар солайлик; ким йиққан бойлигини ўзи билан олиб кета олди? Тўғри, Қорун жуда ақлли ва доно эди. Бироқ у оддий ва муҳим бир эътиқодни: унга бу неъматларни ким ато этганини унутди. У одамлар қадр-қимматини мол-мулк билан ўлчай бошлади. Унинг бу нодонлиги мутакаббирликка сабаб бўлди ва мутакаббирлиги туфайли ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин, кибр балосидан Ўзи сақласин!

[1] “Ал-бидоя ванниҳоя” (1\288).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Horun alayhi salom bilan Qorunni qanaqa aloqasi bor? Horun (a.s) Muso (a.s) ga amakivachchami?

Изоҳ қолдиринг