Биродари янги кийим кийганда қилинадиган дуо

1

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг янги кийим кийганини кўриб шундай дуо қилганлар: “Янги кийимлар кийинг, мақтовга лойиқ бўлиб яшанг ва шаҳид бўлиб кўз юминг!” (Ибн Можа (3558) ривояти).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Илбас жадийдан, ва иш ҳамийдан, ва мут шаҳийдан”.

Абу Назра роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, саҳобаларнинг биронталари янги кийим кийишса, бир-бирларига шундай деб дуо қилар эдилар: “Эскириб кетгунича кийинг, Аллоҳ таоло ўрнини тўлдирсин! (Абу Довуд (4020) ва Термизий (1838) ривояти).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Тублий ва йўхлифуллоҳу таалаа”.

Аблуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумлдан ривоят қилинган ҳадисга биноан, биз янги кийим кийган кишини кўршанимизда: “Янги кийимлар кийинг, мақтовга лойиқ бўлиб яшанг ва шаҳид бўлиб кўз юминг!” – деб, унинг ҳаққига дуо қиламиз. Бу дуо билан биродаримизга Аллоҳ таоло янги кийимлар ато этишини сўрашимиз билан бир қаторда унинг умри Аллоҳ таолонинг зикридан ва У зотга ҳамд айтишдан бир лаҳза ҳам холи ўтмаслигини тилаймиз. Ана шунда у Аллоҳ ҳузурида мақтовга лойиқ бўлади. Биз хоҳлаймизми, йўқми, ўлим – бу ҳақиқат. Биз биродарларимизнинг нафақат ҳаёти, ҳатто ўлими ҳам чиройли бўлишини тилаймиз. Биз янги кийим кийган биродарларимизга ушбу гўзал тилакларимизни билдирар эканмиз, аввало ўзимизга, қолаверса, бошқаларга шуни эслатиб ўтамиз: биз мўмин ўлароқ, биродарларимизга ҳасад қилмаймиз. Аксинча, доим Аллоҳ таолодан унга бундан ортиғини беришини тилаймиз. Биз кийимни риёкорлик ёки хўжакўрсинчилик учун киймаймиз. Кийим кийишдан кўзлаган мақсадимиз Аллоҳ таолога муносиб равишда ибодат қилишдир.

Абу Назра роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган юқоридаги зикрнинг маъноси қуйидашича: янги кийим кийибсиз, бу кийимнинг роҳатини кўринг, уни эскириб кетгунича кийиш насиб қилсин ва бу кийим эскириб кетганида буни сизга ризқ қилиб берган Аллоҳ унинг ўрнига унданда яхшисини берсин!

Аллоҳ таоло барчамизни ҳатто кийган кийимини ҳам Аллоҳ учун киядиган бандаларидан қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг