Ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

0

Ўн учинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رضي الله عنهما قَالَ: ((رَقِيْتُ يَوْماً عَلَى بَيْتِ حَفْصَةَ فَرَأَيْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – يَقْضِي حَاجَتَهُ مُسْتَقْبِلَ الشَّامَ , مُسْتَدْبِرَ الْكَعْبَةَ)) (البخاري: 148 ومسلم: 266).

وَفِي رِوَايَةٍ (( مُسْتَقْبِلاً بَيْتَ الْمَقْدِسِ )) .

 

Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У айтади: “Мен бир куни Ҳафса уйининг томига чиқдим ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Шом томонга юзланиб, Каъба томонга орқасини ўгириб ҳожат ўтаётганларини кўрдим” [Бухорий: 148 ва Муслим: 266].

Баъзи ривоятда: “…Байтул Мақдис томонга юзланиб…”, дейилган.

Шарҳ:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир куни опаси ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотини Ҳафса розияллоҳу анҳо уйининг томига чиқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шом томонга қараб, қибла томонга орқа ўгириб ҳожат ўтаёнганларини кўрганини зикр қилмоқда.

Уламолар ихтилофи:

Ҳожат ўташ асносида қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб ўтириш борасида уламолар ихтилоф қилишган.

1) Абу Айюб Ансорий, Мужоҳид, Нахаий ва Суфён Саврийлар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин)  қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб – хоҳ очиқ жойда, хоҳ ўралган бинода бўлсин – ҳожат ўташ ҳаром дейишган. Бу фикрни Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муҳалло” китобида қўллаб-қувватлаб, бундан бошқа фикрларнинг тўғри эмас эканини айтган. Шунингдек, шайхулислом Ибн Таймия ва Ибн Қаййимлар ҳам ушбу фикрни ёқлаган. Ибн Қайим роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Зодул маод” ва “Таҳзибус сунан” китобларида бошқа фикр эгаларига раддия билдириб, мазкур фикрни қўллаб-қувватлаган. Ушбу фикр эгалари қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб ҳожат чиқаришдан мутлақ қайтарган ҳадисларни далил қилишган. Ўтган мақоламиздаги Абу Айюб Ансорийнинг ҳадиси ҳам шулар жумласидан.

2) Урва ибн Зубайр, Рабеа Ар-раъй ва Довуд Зоҳирийлар (Аллоҳ уларнинг барчасини раҳматига олсин) қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб – хоҳ очиқ жойда, хоҳ ўралган бинода бўлсин – ҳожат ўташ жоиз, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларини қўллаш мақсадида бир қанча ҳадисларни, жумладан юқоридаги Ибн Умарнинг ҳадисини далил қилиб келтиришган.

3) Имом Молик, Шофеий, Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ роҳимаҳумуллоҳ бу масалада мутлақ жоиз ҳам ёки аксинча, мутлақ ҳаром ҳам демай, балки ҳолатга қараб ҳукм ҳам турлича бўлади, деган фикрни билдиришган. Саҳро ёки яланглик каби очиқ жойларда қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб ҳожат ўташ ҳаром. Аммо атрофи ўралган биноларда эса жоиз, дейишган. Бу фикр Ибн Умар ва Шаъбийлардан ҳам ривоят қилинган бўлиб, бу борадаги тўғри фикр ҳам шудир.

Дарҳақиқат, бу фикр орқали мазкур бобда келган барча ҳадисларни мувофиқлаштириш мумкин. Зеро, қиблага юзланиб ёки орқа ўгириб ҳожат ўташ мутлақ ҳаром дейиш, Ибн Умарнинг ҳадиси каби бу ишни жоизлигига далолат қиладиган саҳиҳ ҳадислар мазмунига зиддир. Шунингдек, бунинг акси ўлароқ, мутлақ жоиз дейиш ҳам Абу Айюбнинг ҳадиси каби бу ишдан қайтарувчи саҳиҳ ҳадисларга зид бўлади. Аммо мазкур учинчи фикрга кўра далиллар ўртасидаги зиддият йўқолиб, уларнинг ҳар бирига ўз ўрнида амал қилиш имкони пайдо бўлади.

Албатта, имкон қадар сиртидан бир-бирига зид бўлиб кўринган далиллар ўртасини мувофиқлаштириш вожибдир. Бу масалада далил ва мантиқ жиҳатидан учинчи рожиҳ фикрдан қолишмайдиган тўртинчи фикр ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра қибла томонга қараб ёки орқа ўгириб – хоҳ очиқ жойда, хоҳ ўралган бинода бўлсин – ҳожат ўташ макруҳ саналади.

Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Дарҳақиқат, бу борада келган ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида келган қайтариқ бу ишнинг макруҳ эканини ифода этади дейиш лозим. Бундай дейиш асл қоидага хилоф бўлсада[1], бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу қайтариққа хилоф иш тутиши унинг жоиз эканига далолат қилади. Бинобарин, бу бобда келган ҳадисларни мазкур тарзда изоҳлаш тўғрироқ. Ушбу фикрни бир гуруҳ уламолар ёқлаган бўлиб, унга кўра бу бобда келган ҳадислар ўртасидаги қарама-қаршилик барҳам топади”.

Шайх Оли Бассом айтади: “Хулоса қилиб айтсак, қиблага юзланиб ёки орқа ўгириб ҳожат ўташдан қайтариб келган ҳадисларга амал қилган ҳолда ҳатто, бинолар ичида ҳам қиблага юзланиб ёки орқа ўгириб ҳожат ўтамаган афзал. Қолаверса, уламоларнинг бу борадаги ихтилофи анча кучли бўлиб, уларнинг ихтилоф доирасидан чиқиш учун ҳам шундай қилиш мақсадга мувофиқдир”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Бинонинг ичида Каъбага орқа ўгириб ҳожат ўташ жоиз.

2 – Байтул Мақдис томонга юзланиб ҳожат ўташ макруҳ деган баъзи уламоларга хилоф ўлароқ, унга юзланиб ҳожат ўташ жоиз.

[1] Албатта, шариат томонидан келган қайтариқ аслида ҳаромликни тақазо қилади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг