Баҳоийлар: Шерозийнинг ниҳояси

0

Шероз ҳокими Ҳусайнхон Шерозий ва унинг издошларига нисбатан салбий фикрда эди. У бобийлар илдизини қуритиш учун ўта маккорона йўл тутди. Ҳусайнхон Шерозийга бўлган муомаласини ўзгартириб, ўзини унга нисбатан хайриҳоҳ ва мойилдек қилиб кўрсатди, ўтмишда бобийларни хорлагани учун ундан узр сўради. Ҳоким аслида имомийлар тоифасига мансуб шиалардан бўлгани боис, бу тоифа уламоларини чақирди ва улардан Шерозийнинг бузуқ эътиқодини унинг ўзидан ёзма равишда тасдиқлатиб олмагунича сабр қилишларини талаб қилди. Шерозийга эса уламоларнинг ноҳақ эканини исботлаш учун чақирганини, улардан қай бири Шерозийга қарши чиқиб, “кофирлик” қилса, калласини танасидан жудо қилинишини айтди. Ҳокимнинг гапига лаққа тушган Шерозий имомий уламолар олдига хотиржам кириб келди ва журъат билан ўзининг ботил эътиқодини баён қилар экан, гап орасида жумладан шундай деди: “Сизларнинг пайғамбарингиз Қуръондан бошқа нарса қолдирмади. Мана сизларга менинг “Баён” китобим! Уни ўқиб-ўрганинглар, ўшанда унинг Қуръондан ҳам фасоҳатли эканини кўрасизлар”.

Ҳоким Шерозийдан ўз эътиқодини ёзма равишда баён қилиб беришини сўради. Шерозий ҳокимнинг талабини бажо келтирди. Ҳоким ўз мақсадига эришиши билан Шерозийга қарата: “Мен сени қаттиқ азоблайман, шояд бу залолатингдан тийилсанг!” – деди-да, уни қаттиқ дўппослади. Шундан сўнг уни эшакка миндириб, бозорларда сазойи қилиш ва шаҳардаги катта масжидда ўзининг ботил эътиқодидан қайтганини эълон қилиши тўғрисида фармон чиқарди[1]. Ҳокимнинг фармони бажарилди. Шундай қилиб, Шерозий ўзининг бузуқ эътиқодидан ботил имомийлик эътиқодига қайтди. Чунки уни тавба қилишга мажбур қилган ҳоким ва уламолар ҳам имомийлик динида эдилар.

Шерозий зиндонга ташланди. Бироқ издошлари унинг йўлини давом эттирдилар. Одамлар орасида бу фикрни қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам топилди. Бу тоифанинг пайдо бўлгани ташқи душманлар учун катта бир фурсат бўлган эди. Инглиз ва руслар бобийларни ўз ҳимояларига олиб, уларни турли қурол-аслаҳалар билан таъминлашди. Рус ҳукумати бобийларга эшикларини катта очиб, ўша ердан туриб фаолият юритишлари учун барча қулайликларни яратиб берди. Бобийларнинг иши авж ола бошлагач, Эрон ҳукумати уларнинг қуролланганидан хабар топди ва Эрон уламолари йиғилиб, имомийлик эътиқодига кўра, бобийларнинг кофир ва уларни қатл қилиш вожиб эканини эълон қилишди.

Бироқ ўзини мусулмон қилиб кўрсатган, аслида эса христиан динида бўлган Асбаҳон ҳокими Манучеҳрхон Шерозийни яшириб, унга ўз қасридан жой берди. Асбаҳон ҳокими Манучеҳрхон вафот этгунига қадар Шерозий унинг қасридан издошларига кўрсатма бериб турди. Манучеҳрхон вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллаган Гўргинхон Теҳронга мактуб йўллаб, Шерозийни Эрон ҳукуматига топширди. Шу тариқа Эрон бош вазири Мирзо Оқосийнинг буйруғи билан Шерозий ҳибсга олинди.

[1] Абдураҳмон Вакилнинг “Баҳоийя” китобидан баъзи ўзгартиришлар билан олинди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг