Ҳар таҳорат олдидан истинжо қилиш керакми?

0

Савол:

Ҳар таҳорат олдидан мустаҳаб (истинжо) қилиш, яъни олд ва орқа авратни ювиш лозимми ёки ҳожат ўтагандан сўнг қилинган истинжо кифоя қиладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, шариатимиз катта ёки кичик ҳожатдан сўнг нажосат асоратини кетказиш учун истинжо қилишга буюрган. Ким ҳожат ўтагандан сўнг – хоҳ катта, хоҳ кичик ҳожат бўлсин – шариатимиз кўрсатмасига асосан қоғоз, кесак-тош ёки сув билан истинжо қилса, кейинги таҳоратларда қайта истинжо қилмайди. Балки бу истинжо навбатдаги ҳожатга қадар кифоя қилади.

Бу ҳақда feqhweb.com саҳифасида шундай дейилган:

 “Кўпчилик намозхонлар катта ёки кичик ҳожат ўтамаган бўлишларига қарамай ёки фақат ел чиқарганлари учун ҳар таҳорат аввалида истинжо қиладилар ва ҳар таҳорат олишда дастлаб истинжо қилиш керак деб ўйлайдилар.

Албатта, ел чиқариш таҳоратни бузувчи амаллардан бири эканига уламолар ижмо қилишган. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир саҳобий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, намозда ел чиқариб қўйгандек туюлса, нима қилиш лозимлиги ҳақида сўрайди. Шунда у зот: “То ел товушини эшитиб ёки ҳидини сезмагунича намозини бузмасин”, дейдилар [Бухорий: 137 ва Муслим: 361]. Ушбу ҳадис орқа авратдан ел чиқиши таҳоратни бузишига далолат қилади.

Ел чиқарган киши истинжо қилиши фарз ҳам, суннат ҳам эмас. Аксинча, кўпчилик фуқаҳоларнинг фикрича, макруҳ ёки ҳаром саналади.

Кўпчилик салаф ва улардан кейинги уламолар, шунингдек, тўрт (ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий) мазҳаб уламолари ел чиқаргандан сўнг истинжо қилинмайди, деган фикрни билдиришган. Қуйида уларнинг сўзларини келтирамиз.

Ҳанафий мазҳаби: Аллома Косоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ел чиқаргандан сўнг истинжо қилинмайди. Чунки елнинг кўзга кўринадиган асорати йўқ” [“Бадоиус саноиъ”, 1/83]. Ҳатто ҳанафий мазҳаби уламолари ел чиқаргандан сўнг истинжо қилиш бидъат дейишган[1].

Моликий мазҳаби: Имом Молик роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ел чиқаргандан сўнг истинжо қилинмайди. Бироқ ким катта ёки кичик ҳожат ўтаса, фақат нажосат ўрнини ювсин” [“Мудаввана”, 1/117].

Шофеий мазҳаби: Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ел чиқаргандан сўнг истинжо қилинмаслигига ижмо қилишган” [“Мажмуъ”, 2/113].

Ҳанбалий мазҳаби: Имом Аҳмад шундай дейди: “Ел чиқаргандан сўнг истинжо қилиш кераклиги на Қуръонда ва на Пайғамбаримиз ҳадисларида келган” [“Муғний”, 1/100].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқорида зикр қилинган уламоларнинг сўзларига биноан, ҳар таҳоратда истинжо қилинмайди. Балки катта ёки кичик ҳожатдан сўнг қилинган истинжо келгуси таҳоратларга кифоядир, валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда Islamweb.net ва feqhweb.com саҳифаларидан фойдаланилди.

[1] Батафсил маълумот учун қуйидаги китобларга мурожаат қилинг: “Ҳожияти Ибн Обидийн” (1/335), “Табйинул ҳақоиқ”, (1/372) ва “Мароқил фалоҳ”, (18 бет).

Изоҳ қолдиринг