Ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

0

Ўн бешинчи ҳадис

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْحَارِثِ بْنِ رِبْعِيٍّ الأَنْصَارِيِّ – رضي الله عنه -: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: “لا يُمْسِكَنَّ أَحَدُكُمْ ذَكَرَهُ بِيَمِينِهِ وَهُوَ يَبُولُ وَلا يَتَمَسَّحْ مِنْ الْخَلاءِ بِيَمِينِهِ وَلا يَتَنَفَّسْ فِي الإِنَاءِ” .

Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар биронтангиз сийса, олатини ўнг қўли билан ушламасин ва ўнг қўли билан истинжо қилмасин. Шунингдек, (сув ичаётганда) идиш ичига нафас чиқармасин” [Бухорий: 154 ва Муслим: 267].

Шарҳ:

Ушбу ҳадиси шарифдаги уч жумлада инсонни нажосатлардан четлаштирадиган, зарар ва касалликлардан сақлайдиган бебаҳо уч насиҳат ва фойда зикр қилинган.

Бу насиҳат ва фойдаларнинг биринчи ва иккинчиси: бавл қилаётган пайтда олатни ўнг қўл билан ушламаслик, олд ва орқа авратдаги нажосат асоратини ўнг қўл билан тозаламаслик. Чунки ўнг қўл ейиш-ичиш каби яхши ишлар учун яратилган. Албатта, ўнг қўл билан нажосатларни ушлаш уни ифлосланишига олиб боради. Бу эса ўнг қўл билан еб-ичиш, қўл бериб сўрашиш каби яхши ишларни бажаришдан жирканишга, шунингдек, баъзи ҳолатларда турли касалликлар юқишига сабаб бўлади.

Учинчиси: сув ичиладиган идишга нафас чиқаришдан қайтарилди. Зеро, идиш ичига нафас чиқаришнинг зарарлари кўп. Жумладан, бундай қилиш ўзидан кейинги инсоннинг нафас чиқарилган идишдаги сувни ичишдан жирканишига сабаб бўлади. Шунингдек, идиш ичига нафас чиқарган одамда бирон касаллик бўлса, унинг оғиз-бурнидан юқумли бактериялар сувга тушиб, бошқаларга ҳам юқиши мумкин. Гоҳида эса идиш ичига нафас чиқариш туфайли бурундан айрим зарарли нарсалар сувга тушиб, идишга нафас чиқарган одамнинг ўзига зарар етиши мумкин. Албатта, шариатимиз яхши ва фойдали ишларга буюриб, зарарли ва фасод ишлардан қайтаради.

Уламолар ихтилофи:

Ҳадисдаги қайтариқдан мазкур ишларнинг ҳаромлиги назарда тутилганми ёки макруҳлигими? Бу борада уламолар ихтилоф қилишган.

Зоҳирий мазҳаби уламолари ҳадиснинг зоҳирига биноан мазкур ишларнинг барчаси ҳаром дейишган. Жумҳур уламолар эса, ҳадисдаги қайтариқ тарбиявий қайтариқ бўлиб, бу ишнинг макруҳ эканига далолат қилади, дейишган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Сийиш асносида олатни ўнг қўл билан ушламаслик.

2 – Ўнг қўл билан истинжо қилмаслик.

3 – Идиш ичига нафас чиқармаслик.

4 – Нопок нарсаларни ушлашдан четланиш. Борди-ю нопок нарсани ушлашга мажбур бўлиб қолинса, чап қўл билан ушлаш керак.

5 – Ўнг қўл чап қўлга нисбатан афзал саналади.

6 – Барча ишларда озодаликка эътибор қаратиш лозим. Хоссатан, еб-ичишда тозаликка алоҳида эътибор қаратиш керак. Негаки, бунга беэтиборлик ортидан соғлиққа зиён етади.

7 – Шариатимизнинг барча фойдали ишларга буюргани ва барча зарарли нарсалардан қайтаргани унинг нақадар буюк шариат эканини кўрсатади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг