Ширк ёки ширкка элтувчи восита бўлган ишлар

0

Ширк ёки ширкка элтувчи восита бўлган ишлар

Воқеликда баъзи ишлар борки, улар инсон қалбидаги эътиқод ва ундан содир бўлган хатти-ҳаракат ва сўзларга қараб катта ёки кичик ширк бўлиши мумкин. Негаки, бу ишлар гоҳида ақидага зид келади ёхуд унинг софлигига путур еткизади. Бу ишлар омма инсонлар ичида учрайдиган, дажжолсифат, ҳийлакор ва кўзбўямачи инсонлар таъсири остида баъзи авом кишилар қўл урадиган ишлардир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишлардан огоҳлантирган эдилар. Қуйида ана шундай ишлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Бало-офатлардан сақланиш мақсадида қўлга узук тақиш, ип боғлаш ва ҳоказо ишлар жоҳилият ишларидандир. Бундай ишлар кичик ширк қабилидан бўлсада, баъзан уни таққан инсон қалбидаги эътиқодга қараб катта ширк даражасига ҳам кўтарилиши мумкин. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлига мисдан ясалган узук тақиб олган кишини кўриб: “Бу нимаси?”, деб сўрайдилар. “Воҳина[1]дан сақлайди”, – деди киши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Уни ечиб ташла. У сени янада заифлаштиради, холос. Агар уни таққан кўйи вафот этсанг, ҳечам нажот топмайсан[2].

  2. Тумор тақиш:

Араблар фарзандларини кўздан асраш учун уларга мунчоқлардан кўзтумор тақар ва шу сабаб Аллоҳ таоло уларни мурод-мақсадига етказишини умид қилар эдилар. Туморлар одатда турли суяклар, мунчоқлар, ёзувлар ва бошқа нарсалардан иборат бўлади. Албатта, бундай туморларни тақиш жоиз эмас. Тумор Қуръон оятлари ёзилган бирон нарсадан иборат бўлиши ҳам мумкин. Бундай туморлар тақиш жоиз ёки жоиз эмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар.

Рожиҳ фикрга кўра, ширк амалларнинг олдини олиш мақсадида бундай туморларни ҳам тақиш жоиз эмас. Негаки, бу ундан бошқа туморларни ҳам тақишга олиб бориши мумкин. Қолаверса, ҳадислар мутлақ тумор тақишдан ман қилган. Бинобарин, туморлар ичидан бу турдаги туморларни истисно қиладиган бирон далил йўқ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, (маъноси тушунарсиз ва ширкни ўз ичига олган дам солишлар) руқялар, туморлар ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир[3]. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким тумор тақса, аниқ ширк аҳлининг ишини қилибди[4]. Кўриб турганингиздек, ушбу ҳадислар тумор осиш мутлақ тақиқланганини кўрсатиб, ундан муайян кўриниши жоиз эканига далолат қиладиган ҳадислар йўқ.

  1. Дарахтлар, тошлар, осори-атиқалар ва биноларни табаррук қилиш:

Мазкур нарсаларни табаррук қилиш дегани уларда барака бор деб эътиқод қилиш ва улардан хайр-барака умид қилиш демакдир. Бундай нарсаларни табаррук қилиш ширкдир. Чунки бу хайр-барака ҳосил бўлишида Аллоҳдан бошқага боғланиш саналади. Бут-санамларга ибодат қилган инсонлар ҳам улардан барака умид қилишарди. Солиҳ кишиларнинг қабрларини табаррук қилиш худди Лот, Уззо ва Манот каби бутларни табаррук қилиш ёки дарахтларни табаррук қилиш билан баробар. Абу Воқид Лайсийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн ғазотига чиққанларида мушрикларга тегишли бир дарахтнинг ёнидан ўтдилар. Бу дарахт “Зоти анвот” деб номланиб, мушриклар унга ўз қурол-аслаҳаларини осар эдилар. Шунда баъзи саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, мушрикларнинг “Зоти анвот”и бўлганидек, бизларга ҳам “Зоти анвот” қилиб беринг”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Субҳаналлоҳ! Сизларнинг бу гапингиз худди Мусо (алайҳиссалом) қавмининг: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо ясаб бер” [Аъроф: 138], деган сўзларига ўхшайди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ҳам аниқ олдинги умматларнинг йўлига эргашасизлар[5]. Саҳобалар жоҳилий эътиқодлардан эндигина ажраб чиққанлари боис бу сўзларни айтгандилар.

  1. Сеҳр:

Сеҳр – сабаби махфий ва яширин бўлган иш. Бу иш кўз илғамас ва махфий услублар билан амалга ошгани сабаб сеҳр деб номланди. Сеҳр азайимхонлик, куф-суф, турли сўзлар, дорилар, тутатқилар ва ҳоказо ишлардан иборат бўлиши мумкин. Сеҳрнинг баъзи турлари қалбга ҳам, баданга ҳам таъсир қилади, инсонни хаста қилади, ўлдиради ва эр-хотин ўртасини ажратади. Сеҳр Аллоҳнинг кавний-қадарий изн-иродаси билан таъсир қилади. Шак-шубҳасиз, сеҳр шайтоний бир ишдир. Сеҳрнинг кўпгина турларига фақат ширк амалга қўл уриш ҳамда жин-шайтонларни ишга солиш учун улар яхши кўрган баъзи ширк ва ҳаром ишларни қилиш орқали эришиш мумкин. Шу боис, сеҳрни Аллоҳ таоло куфрга тенг қилади. Сеҳр икки жиҳатдан ширк амаллардан ҳисобланади:

Биринчидан: сеҳрда шайтонларни ишга солиш, уларга боғланиш ва кўпинча шайтонни хизмат қилдириш учун сеҳргарнинг улар яхши кўрган ишларга қўл уриши бор.

Иккинчидан: сеҳрда ғайбни билиш ва бу хусусда Аллоҳга шерикликни даъво қилиш бор. Маълумки, бундай даъво қилиш куфр ва залолатдир.  Аллоҳ таоло айтади: “Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку” [Бақара: 102].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Етти ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар”. Саҳобалар айтишди: “Улар нималар, эй Расулуллоҳ?”. У зот айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган инсонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг мол-мулкини ўзлаштириш, жангдан қочиш ва  иффатли ва фаҳш ишлардан йироқ мўмина аёлларни зинода айблаш[6].

  1. Фолбинлик:

Фолбинлик келажакда ер юзида содир бўладиган ишлар хабарини беришдан иборат ғайб илмини даъво қилишдир. Жинлар фаришталар гапидан бир сўзни ўғирлаб, фолбинга етказади, фолбин эса бир сўзга минг ёлғонни қўшиб одамларга гапиради. Одамлар ўша биргина сўзни деб фолбинга ишонадилар. Ҳолбуки, ғайбни ёлғиз Аллоҳгина билади. Кимда ким фолбинлик ёки бошқа бирон йўл билан ғайбни билишда Аллоҳга шерикликни даъво қилса ёки шундай даъво қилган кимсани тасдиқласа, у ҳолда Аллоҳгагина хос бўлган ишда Унга шерик қилган, Аллоҳ ва Расулини ёлғончига чиқарган бўлади. Шайтонлар билан алоқа қилувчи аксар фолбинлар ширкдан ва ғайб илмини билиш даъвосида уларга ёрдам берадиган жин-шайтонларга сиғинишдан холи бўлмайдилар. Бинобарин, фолбинлик Аллоҳгагина хос бўлмиш ғайбни билиш сифатида Унга шерикликни даъво қилиш жиҳатидан, шунингдек, Аллоҳдан ўзгага сиғиниш жиҳатидан ширкдир.

“Саҳиҳи Муслим”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биридан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай дейдилар: “Кимда ким фолбиннинг олдига бориб, ундан бирон нарса ҳақида сўраса ва унинг сўзига ишонса, қирқ кеча -(кундуз)лик намози қабул қилинмайди[7].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда ким фолбиннинг олдига бориб, унинг гапига ишонса, аниқ Муҳаммад  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган динга кофир бўлибди[8].

Шуни алоҳида таъкидлаш ва эътибор қаратиш лозимки, сеҳргарлар, фолбинлар, афсунгарлар, азайимхонлар ва бошқа шулар каби инсонлар ер юзида фасод қиладилар, ислоҳот нима билмайдилар. Улардан айримлари одамларга ўзини хасталарни даволайдиган табиб қилиб кўрсатади. Аслида эса бундай инсонлар одамларнинг эътиқодини бузадилар, улар хасталарни Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйишга буюради, уларга атаб ширкий тилсимлар ва шайтоний куф-суфларни ёзиб беради. Улардан яна бир тоифаси эса ғойиб бўлган ёки йўқолган нарсаларнинг жойини айтиб берадиган фолбин суратида фаолият юритади. Жоҳил авом кимсалар уларга мурожаат қилиб, йўқолган нарсаларни топиб беришни сўрайди. Шунда фолбин уларга бу нарсаларнинг жойини айтиб беради ёхуд ҳаттоки шайтонлари ёрдамида йўқолган нарсаларни топиб келтиради. Шунингдек, улардан баъзилари ялангоёқ чўғ устидан юриш, танасига ханжар суқиш ва заҳарли илонларни ушлаш каби кароматлар кўрсатадиган ва одатдан ташқари ишлар қила оладиган авлиё эканини даъво қилади. Аслида эса бундай инсонлар кўзбўямачи дажжол ва шайтонга қўл берган “авлиё”дирлар. Бу турдаги инсонларнинг барчаси аслида турли ҳийла-найранглар билан одамларнинг пулини ўмариш ва эътиқодини бузиш пайида бўладилар. Шунинг учун мусулмонлар улардан эҳтиёт ва узоқ бўлиши, мусулмон жамиятидаги мусулмон раҳбарлар уларга қарши курашиши ҳамда улардан бу қилмишларидан тавба қилишни талаб қилишлари зарур. Тавба қилсалар қилдилар, акс ҳолда, мусулмонларни уларнинг ёмонлиги ва бузғунчилигидан халос қилиш, шунингдек, Аллоҳнинг уларга белгилаган жазосини ижро этиш учун қатл қилинишлари лозим. Бажола ибн Абдадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бизга Умар ибн Хаттобнинг: “Ҳар қандай сеҳргар аёл ёки эркакни қатл қилинглар”, деган мактуби келди[9]. Шунингдек, Жундуб розияллоҳу анҳудан марфуан ривоят қилинган ҳадисда: “Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан танасини бошидан жудо қилиш[10], дейилади.

(Давоми бор)
[1] “Воҳина” – қўл мускули ва елкада учрайдиган касаллик номи бўлиб, унинг натижасида билакларда оғриқ ва мадорсизлик пайдо бўлади. “Воҳина” сўзи ўзбекчада “заифлаштирувчи” деган маънони англатади.
[2] Имом Аҳмад (4/445), Ибн Можа (3031), Ибн Ҳиббон (6085) ва Табароний “Кабир”да (18/391) ривоят қилишган. Ибн Ҳиббон ривоятида “Агар уни таққан кўйи…”, деган жойи йўқ. Ҳадисни Муборак ибн Фазола Ҳасан Басрийдан ривоят қилган. Ҳадис Ҳасан Басрийнинг “Имрон ибн Ҳусойн менга айтиб берди”, деган сўзи билан бошланади. Ҳадиснинг санади заиф. Чунки санаддаги Муборак ибн Фазола мудаллис бўлиб, ҳадисни бевосита Ҳасан Басрийдан эшитганини очиқ айтмаган. Бироқ ҳадиснинг Ҳасан Басрийгача бўлган санадини қўллаб-қувватлайдиган бошқа ривоятлар мавжуд. Шунингдек, Ҳасан Басрий ҳадисни Имрон ибн Ҳусойндан эшитмаган. Имом Аҳмад ва бошқаларнинг айтишича, ҳадисдаги Ҳасан Басрийнинг “Имрон ибн Ҳусойн менга айтиб берди”, деган жойи Муборак ибн Фазоланинг хатосидир.
[3] Имом Аҳмад (3615) ва Абу Довуд (3883) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.
[4] Имом Аҳмад (17458) ва Ҳоким (7513) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.
[5] Термизий (5408) ривоят қилиб: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис”, деган.
[6] Бухорий (2766), Муслим (145), Абу Довуд (2874) ва Насоий (257) ривоят қилишган.
[7] Муслим (2230) ривояти.
[8] Абу Довуд (2162) ривояти.
[9] Абу Довуд (3043), Аҳмад (1657), Абдурраззоқ “Мусаннаф”да (9972) ва Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да (32652) ривоят қилишган.
[10] Термизий (1460) ривояти. Ҳадисни Албоний заиф деган.

Изоҳ қолдиринг