Қодиёнийлар пешвоси (3)

0

Хулқ-атвори

Айтишларича, Қодиёний жуда ҳам содда бўлган эмиш. Ҳатто, соатини тўғирлашни билмас, соат неччи бўлганини билмоқчи бўлса бармоғини соат устига қўйиб, рақамларни бир бошдан санар экан. Оёқ кийимининг ўнг-чапини ажрата олмагани учун бирига белги қўйиб қуйган экан. Соддалигидан кўпинча истинжо қилишда ишлатиладиган кесакларни ўзи яхши кўрадиган қанди билан бир жойга қўйиб қўяр экан[1].

Назаримда, у маълум сабабларга кўра, ўзини шунақа ғофил ва эсипаст қилиб кўрсатган. Қодиёнийнинг бундан кўзлаган мақсади инсонларда унинг баҳс-мунозара, кўп китоб ёзиш ҳамда нутқ қилиш борасидаги бу қувватлари унга Аллоҳ тарафидан инъом этилган раббоний куч, агар илоҳий куч бўлмаса у ўз исмини ҳам тўғри ёза олмайдиган инсон бўлар эди, деган тушунча пайдо қилиш эди. Бу унинг маккор ва зукко шахс эканини кўрсатади. Чунки ингилизларни мақтаб эллик жавон китоб ёзган шахс соатни билмаслиги ёки оёқ кийимининг ўнг-чапини ажрата олмаслиги ёхуд истинжо учун ишлатиладиган кесакларни қандлар билан аралаштириб қўйиши мумкинми?! Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Шунингдек, уламолар қодиёнийларнинг ўз манбаларидан нақл қилиб, Қодиёний турли-туман касалликларга дучор бўлганини айтишади. Мавдудий роҳимаҳуллоҳ қодиёнийларнинг китобларидан нақл қилиб, Ғуломнинг истерия, меланхолия, сил, бош айланиши, пешобини тутиб тура олмаслик, уйқусизлик, қанд каби бир неча оғир касалликларга дучор бўлгани, ҳатто бир кечада юз мартадан ортиқ ҳожатга чиққанини айтган. Аслида, ўзини пайғамбар деб даъво қилган бу маккор шахснинг соғлиги ҳақида бу каби уйдирмалар қодиёнийлар тарафидан атай тарқатилган. Бу билан улар Қодиёнийнинг чинакам пайғамбар эканини исботлашга ҳаракат қилишган. Зеро, мантиқ билан ўйлаб қаралганда, бу касалликларнинг бор-йўғи биттасига дучор бўлган шахс Қодиёний каби ижод қилиши амримаҳол. Шунга биноан, Қодиёнийнинг шу хасталикларини эшитганларда қуйидагича хулоса пайдо бўлади: бир инсон оёқ кийимининг ўнг-чапини ажрата олмайдиган бўлиши етмаганидек, шу даражада оғир хаста бўлишига қарамасдан шунча кўп китоб ёзган бўлса, демак, у бу китобларни ўз кучи ва илми билан ёзмаган, аксинча, унга Аллоҳ тарафидан илоҳий бир куч берилган. Қодиёнийларнинг бу хабарларни тарқатишдан муддаолари ҳам худди шу. Мирзо Ғулом ва унинг оиласи бу каби хабарлар тарқалишига ошиқ бўлишгани ҳам бунинг бир исботидир. Шайх Эҳсон Илоҳий Қодиёнийнинг бундан бошқа касалликларини ҳам айтиб ўтган[2].

Мирзо Ғуломнинг хулқ-атворига келсак, у жуда ҳам беадаб, тили ёмон, ўз мухолифлари ва уламолар устидан куладиган инсон бўлган. Унинг бу сифатларини эшитиб, бехосдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мунофиқлар ҳақида: “Агар хусуматлашса фожирлик қилади” – деган сўзлари ёдга келади. У ўз мухолифлари ҳақида адашган, жоҳил, бузуқ, ит, аҳмоқ, йўлдан озган, лаънати, ҳароми, фоҳишанинг боласи, йўлдан адашган шайтон каби сўзларни ишлатар, уларни айблашда кўчадаги пасткашларгина ишлатадиган сўзлар билан ҳақорат қилар эди[3].

Қуйидаги воқеа ҳам Қодиёнийнинг қанчалар “одобли” эканини исботлайди: у бир киши ҳақида фалон куни ўлади, деб хабар тарқатди. У одам Қодиёний айтган кунда ўлмади. Шунда мухолифлари унга раддия бериб: “Сен ўзингни пайғамбарман, фақат ваҳий билан гапираман, дейсан. Унда айтчи, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилиши мумкинми?” – дейишди. Шунда Мирзо Ғулом уларга бирон бир далил келтириш ўрнига уларни ҳақоратлай бошлади ва шундай деди: “Ҳой уламолар, ҳой ҳаромхўрлар, ҳой ифлос руҳлар, дунёда чўчқадан расво нарса йўқлиги рост. Лекин менга хилоф қилган уламолар чўчқадан ҳам расводир”[4].

Мирзо Ғулом нафақат мухолифларининг ўзини, балки  уларнинг аҳли-оилаларини ҳам ҳақорат қиларди. Балки Мирзо ўзининг замондош уламоларга қилган ҳақоратларини шахсий хусумат ёхуд диний эътиқодга йўйиш мумкиндир, лекин пайғамбарларни ҳақорат қилганини нима деб аташ мумкин?! У Исо алайҳиссалом ҳақида шундай деган: “Исо одамларга ўзи ҳақида солиҳман, дея олмаган. Чунки инсонлар унинг ароқхўр ва хулқи бузуқ бўлганини яхши билишган”. Унинг Исо алайҳиссалом ҳақида айтган бошқа гапларини ёзишга қўл бормайди. У нодон туҳмат ва бўҳтон қилиб, бошқа пайғамбарларни камситиш билан ўзининг мартабаси ошади, деб ўйлаган.

Ғуломнинг тили билан чақмаган мухолифи қолмади. Ҳатто одамлар уни маҳкамага топширишди ва жиноят ишлари маҳкамаси томонидан мухолифларига қарши бундай тубан сўзларни қайта ишлатмаслик ҳақида тушунтириш хати олинди. Бу ҳақда Мирзонинг ўзи шундай дейди: “Мен ҳоким ўринбосари олдида бундан сўнг қабиҳ сўзларни ишлатмасликка ваъда бердим”[5]. Бироқ у бу ваъдасига вафо қилмади. У “Замийматул ваҳий” китобида ўзига берилган неъматлар ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ менинг ит каби озор берувчи душманларимни бартараф этади ва менга бирон бир замондошимга бермаган неъматларини беради”[6]. Аллома Надавий, Мавдудий ва Эҳсон Илоҳийларнинг айтишларига қараганда, сўкиш ва ҳақорат қилишда Қодиёнийга ҳеч ким тенг кела олмаган.

Қодиёний фақат хулқи бузуқ бўлибгина қолмай, устига устак учига чиққан ёлғончи, фирибгар ва иккиюзламачи ҳам бўлган. Унинг ёлғончи эканига ўзи ўйлаб топган гапларини Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинди, дегани ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан ёлғон ҳадислар тўқиганидан бошқа далилнинг кераги ҳам бўлмаса керак. Айтишларича, бир босмахона билан 50 жилд китоб ёзиб беришга ваъдалашиб, ҳаққини олдиндан олган ва бор-йўғи беш жилд китоб ёзиб, давомини ҳам ёзмаган, пулни ҳам қайтариб бермаган. Ўзининг бу қилмишига беш билан эллик ўртасидаги фарқ битта нол эканини далил қилган.

Шунингдек, унинг эътиқод борасидаги бир-бирига қарама қарши сўзларидан унинг қанчалар иккиюзламачи бўлганини билиб олишимиз мумкин. Масалан, пайғамбарлик борасида бир ўринда: “Мен аҳли суннатнинг эътиқодидаман. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, у кишидан кейин пайғамбарликни даъво қилган шахс ёлғончи кофир бўлади, деб эътиқод қиламан. Мен пайғамбарлик Одам алайҳиссаломдан бошланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ниҳоясига етган деб иймон келтираман”[7] деган бўлса, бошқа бир жойда шундай деган: “Руҳим қўлида бўлган зотга қасамки, мени Унинг Ўзи пайғамбар қилиб юборди ва мени набий деб атади. Менинг гапим тўғри эканини очиқ-ойдин далиллар билан исбот қилди. Бу мўъжизаларнинг сони уч юз мингтага етади”[8]. Шу сўзларнинг ўзидан у ҳақда етарли хулоса олиш мумкин. Иншааллоҳ, келгуси мавзуларимизда Қодиёнийнинг мусулмонларга хиёнат қилгани ва инглизларга сотилгани ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Қодиёний ва қодиёнийя” китоби, 23-бетига қаралсин.
[2] Эҳсон Илоҳийнинг “Қодиёнийя” китоби, 130-135-бетлар.
[3] “Қодиёний ва қодиёнийя” китоби, 104-107-бетларга қаралсин.
[4] Эҳсон Илоҳийнинг “Қодиёнийя” китоби, 140-бетга қаралсин.
[5] “Мирзонинг “Раббул барийя” китобининг муқаддимасидан.
[6] “Замийматул ваҳий” китоби, 31-бет.
[7] “Таблийғу рисолат” китоби, 21-бет.
[8] “Татиммату ҳақийқотул ваҳий” китоби, 68-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг