Ҳижобсиз аёлнинг намози қабул бўладими?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Мен беш вақт намоз ўқийман, лекин ҳижобда эмасман. Аммо аврат жойларимни ҳамиша ёпиб юраман. Ҳижобга кирмай намоз ўқисам, намозим қабул бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Аввало, ҳижоб ҳақида бироз маълумот бериб ўтмоқчимиз. Саволда “ҳижобда эмасман, аммо аврат жойларимни ҳамиша беркитиб юраман”, дебсиз. Бу билан шариатда аврат деб белгиланган жойларни ёпиб юришни назарда тутган бўлсангиз, шунинг ўзи ҳижоб саналади. Зеро, шариатимизда ҳижоб номли муайян бир либос йўқ. “Ҳижоб” сўзининг асл мазмун-моҳияти “тўсиш” ва “беркитиш” дегани. Шунга биноан, аёл киши муайян бир либос киймасада, аврат саналган барча ерини шариатга мувофиқ равишда беркитиб юрса, у ҳижобли деб эътиборга олинади. Ҳижоб борасида янада тўлиқроқ маълумот олиш учун саҳифамиздаги “Ҳижобнинг шартлари” номли мақоламизни ўқишингизни тавсия қиламиз.

Агар саволдан авратини тўлиқ беркитмайдиган, фақат намоз асносида авратларини беркитадиган аёл назарда тутилган бўлса, унда жавоб қуйидагича бўлади: аёлнинг ҳижоб киймаслиги унинг бошқа амаллари қабул бўлиш ёки бўлмаслигига таъсир қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, агар намоз тўла-тўкис адо этилса, аёлнинг намоздан бошқа вақт ҳижоб киймаслиги бу намознинг қабул бўлишига монелик қилмайди. Бироқ бу аёл бегоналар олдида авратини беркитмаслиги билан қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки Аллоҳ таоло аёл кишига авратини бегоналардан беркитиб юришни фарз қилиб, шундай дейди: “Мўъминалар зийнатларини кўрсатмасинлар. Бироқ (беихтиёр) кўриниб қолганлари бундан мустасно…” (Нур: 31). Аллоҳни Раббим, исломни диним деб тан олган муслима аёл авратини бегоналарга кўрсатиши асло мумкин эмас. Чунки унинг иффати ва ҳаёси бунга йўл қўймайди. Шунингдек, авратини беркитмайдиган аёллар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дўзах аҳлидан икки турини мен ҳали кўрмадим. Бири ўзлари билан бирга сигирнинг думига ўхшаган қамчилари бўлиб, у билан одамларни урадиганлар. Иккинчиси эркакларни ўзларига мойил қиладиган, ўзлари ҳам эркакларга мойил ярим-яланғоч аёллар. Уларнинг бошлари туянинг эгилиб турган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Ваҳоланки, жаннат ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради” (Муслим (2128) ривояти). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Атир сепиб, одамларга ҳидини сездириш учун уларнинг олдига чиққан ҳар қандай аёл зинокордир” – деганлар (Абу Довуд(4/79), Термизий (5/106) ва Насоий (8/153) ривояти). Шундай экан, муслима опа-сингилларимиз ҳижоб борасида диққатли бўлишлари лозим, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг